МАҚОЛА

Фитналар мусулмон уммати бирдамлигига хатар солувчи таҳдиддир! ундан огоҳ бўлайлик!

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло фитна ҳақида бундай амр қилади: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол, 25).

Бақара сурасининг 191-оятида: «...Фитна эса қотилликдан ҳам ашад­дийроқдир...», 217-оятида эса: «...Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...», деб яна так­­­­рор­­ланади.

Замонамиз олимларидан Али Собуний бу оятни қуйидагича тафсир қилган: “Мусулмонни динида фитнага солиш (тинч­лигини бузиш) Аллоҳ наздида қотилликдан каттароқдир” (“Тафсир ал-вазиҳ ал-муяссар”).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Бани Исроил қавми маъсиятлар қилиб ҳаддидан ошганда, уламолари уларни қайтарса ҳам ўз билганларидан қайтмадилар. Шунда уламолари уларнинг мажлисларида ўтиравердилар ва бирга еб-ичдилар. Шунда Аллоҳ уларнинг қалбларини бир-бирларига мойил қилиб қўйди ва уларни Ўз элчилари Довуд ва Исо (алайҳимуссалом)нинг тиллари билан лаънатлади. Бунга сабаб итоатсизлик­лари ва тажовузкорликларидир”. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суянган ҳолда эдилар, ўтириб олдилар ва айтдилар: “Йўқ, жоним измида бўлган Зотга қасам, сизлар шу кабиларни ҳаққа бурмагунингизча азобдан омонда бўлмайсиз” (Имом Термизий).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадиснинг охирида, агар мусулмон одам гуноҳ ва фитналардан қайтмасдан, аксинча, уларга қўшилиб кетса, лаънатга дучор бўлишига ишора қиляптилар.

Демак, фитналар тўзғиб турган пайтда мусулмон киши амал қилиши лозим бўлган Ислом одоблари қуйидагилар:
– Қуръон ва суннатга эргашиш, иккисини маҳкам ушлаш;
– Аллоҳ таолодан фитна ва унга яқинлаш­тирадиган ҳар бир нарсадан узоқ қилишини, фирқачилик, ихтилоф, енгилтаклик ва дин ақидаларига хилоф иш ёки бузуқ таълимотдан сақламоғини сўраб, дуо қилиш;
– уламолар этагини ушлаб, уларнинг илмларидан манфаат олиб, ўтган солиҳ кишиларнинг йўлларини тутиш;
– юмшоқлик, шошмаслик, камтарин ва ҳалим бўлиш, ғазаб ва шошқалоқликдан узоқлашиш.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Келажакда фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган киши турган кишидан яхшидир, турган киши юрган кишидан яхшидир, юрган киши (унга қараб) югурган кишидан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб, унга интилса, (фитна) уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким ундан қочиб қутуладиган жой (имкон) топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Аллоҳ таоло барчамизни турли кўри­нар-кўринмас фитналардан сақласин! Юртимизда тинчлик-хотиржамлик бардавом бўлсин, ўзаро тотувлигимиз, иноқлигимиз янада мустаҳкам бўлсин!

Манбалар асосида Сўфиев Абдулҳаким таёрлади

Read 1050 times

Мақолалар

Top