МАҚОЛА

Мазҳабсизлик ғояси (Сохта салафийларнинг бузуқ ғояси)

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда Қуръон, суннат ва салафларга эргашиш даъвоси билан чиқиб, мужтаҳид имомларга эргашиб бирдамликда ибодатини қилиб юрган мусулмонлар жамоасини бўлиниб, турли хил қарама-қаршиликларни келиб чиқишига сабаб бўлган кимсалар пайдо бўлди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: «Одамларнинг яхшилари мен билан яшаганлар, сўнг улардан кейингилар, сўнг улардан кейингилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти). Мазкур давр саҳобалар, тобеъинлар ва табаа тобеъинлар давридир. Ана шу давр салафларнинг давридир.

    Сўнгги вақтларда «салаф солиҳларга эргашиш» шиори остида «салафийлик» мафкурасини байроқ қилиб олган, ўзларини гўёки «салафларнинг издошларимиз» деб ҳисоблайдиган мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Сохта салафийлар қўйидаги ғояларни илгари сурадилар:

  • Қуръон ва суннада ёзилган қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр- кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадиш;
  • Жиҳодни исломнинг олтинчи аркони деб ҳисоблаш;
  • Такфир (куфрда айблаш) ва ҳижрат (ватанни тарк этиш) масаласини илгари суриш;
  • Фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қилиш;
  • Тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этиш;
  • Ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенкликни ёқламаслик;
  • Ҳар-қандай янгиликни «бидъат» деб ҳисоблаб, уни рад этиш ва ҳоказолар.

Айниқса, сохта салафийлар томонидан тарғиб қилинаётган мазҳабсизлик ғояси, асрлар давомида шаклланган диний анъаналарни издан чиқариб, бир юрт мусулмонлари ўртасида парокандаликни юзага келтирмоқда.

    Ҳозирги кунда сохта салафийлар мазҳабларни инкор қилиш масаласида ўз усулларини бир оз ўзгартирганлари кузатилмоқда. Энди улар мазҳабларни тўлиқ инкор қилиш йўлидан воз кечиб, мазҳаббошиларнинг қарашларини қабул қилмоқдалар. Аммо мазҳаб йўлини давом эттирган уламоларни хато йўлда деб, тарғиб қилмоқдалар.

    Фиқҳий мазҳабларнинг вужудга келиш тарихини ўрганар эканмиз, ҳозирги кундаги баъзи мазҳабсизларнинг ёки сохта “салафийлар”нинг: “Мазҳабга эргашиш бидъат”, “Имомга эргашиш суннатдан юз ўгиришдир” каби даъволари пуч эканини кўрамиз. Аксинча, фиқҳий мазҳабларнинг тарихий илдизи буюк саҳобалар ва улуғ тобеинлар асос солган йўл эканига гувоҳ бўламиз.
     Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг: “Мазҳабсизлик Ислом шариатига таҳдид соладиган хатарли бидъатдир”, деган сўзи айни ҳақиқатдир.

   Тадқиқотлар ҳозирда жаҳон интернет тармоғида сохта салафийларнинг тарғиб-ташвиқот ишларини ташкил этиш учун очилган бир неча мингдан зиёд веб-сайтлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Уларга асосан диний асосдаги низоларни келтириб чиқарадиган маълумотлар, диний экстремистик ва террорчи ташкилотлар раҳбарларининг турли баёнот ва мурожаатлари жойлаштирилмоқда.

Мутаассибликка асосланган назарий қарашлардан террорчилик амалиётига ўтиш, террорчиликнинг янги усулларига мурожаат қилиш, ҳамда замонавий технология ва коммуникация воситалари имкониятидан фойдаланган ҳолда ўз ғояларини тарқатишга уриниш, сохта салафийликнинг бугунги кундаги муҳим хусусиятларидан ҳисобланади. 

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби

Read 996 times

Мақолалар

Top