МАҚОЛА

Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди

Мутаассиблик — ўз эътиқоди тўғрилигига ўта қаттиқ ишониш, бошқа диний эътиқодларга муросасиз муносабатда бўлиш. Мутаассибликка йўлиққан одамлар ёки уларнинг гуруҳлари жамиятда барқарорликни бузишга уринади. Инсоният тарихида мутаассибликдан ғаразли мақсадларда кўп фойдаланилган. Мутаассибликнинг пайдо бўлишига диний зиддиятлар, шунингдек, ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий муаммоларнинг хал қилинмагани ҳам сабаб бўлиши мумкин. Ислом дини мутаассибликка хайрихоҳлик билдирмайди. Аксинча, теран уйлашга, бошқаларга нисбатан муросали бўлишга чақиради.

 

Бугунги кунда экстремистик ва террористик гуруҳлар мутаассиблик ғоялари ва амалиёти ривожида гуноҳи кабира (катта гуноҳ) қилган барча мусулмонларни кофир, уларнинг таълимотига кўшилмаган кишиларга қарши жиход эълон қилиш, ҳаттоки, қария, аёл ва болаларнинг қонини тукишни ҳалол, деб билганлар.

Ўзидан бошқаларни кофирликда айблаш ислом дини таълимотига зид экани Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадислари ва уламоларнинг асарларида қуйидагича берилган. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Агар бир киши ўз биродарига: «Эй кофир» деса, иккисидан бири ўшандай (яъни кофир) бўлади».

Ибн Нажим айтадилар: «Агар бу масалада кофир дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир демаслик учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизини қўйиб, ўша бир далилни олиш керак. Аммо динда ҳаддан ошиб ғулувга кетганлар бу масалада «мўмин дейиш учун тўқсон тўққизта далил бўлса-ю, кофир дейиш учун биргина далил бўлса, тўқсон тўққизни қўйиб, ўша бир далилни олиш керак», дейишга бориб етдилар. Бу эса, барча исломий мазҳаблар ва уламоларнинг тутган йўлига тескаридир».

Жалолиддин Суютий айтадилар: «Мусулмонни кофирликда айблаган одам уни ўлдирган билан баробардир».

Бу масалада Аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат, ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Аҳли сунна ва жамоа ҳаммалари гуноҳи кабира қилган мўмин бутунлай миллатдан чиқиб кетадиган кофир бўлмаслигига иттифоқ қилганлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаа илааҳа Иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик, Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», — дедилар».

Ёки бўлмас буларнинг фикрича биз куфр давлатида яшаяпмиз бу ердан ҳижрат қилиш керак дейдилар. Лекин буларнинг бу гаплари асоссиздир. Чунки юртимизда минглаб масжидлар, мадраса ва исломий олийгоҳлар фаолият юритаётган, Қуръони Карим, ҳадислар ва динимизга оид минглаб диний адабиётларлар нашр этилаётган, мусулмонларимиз эмин-эркин ўз эътиқодларини бажариб келаётган мусулмонобод юртни куфрга чиқаришлик оғир гуноҳ бўлиб, бундай ишга қўл ураётганлар чуқур ғулувга кетган ва бошқаларни ҳам гуноҳларига шерик қилмоқчилар. Аслида уларнинг мақсадлари ёшларимизни алдов йўли билан қуролли тўқнашувлар бўлаётган мамлакатлардаги жангари лагерларига олиб бориш ва жангу-жадалга ташлаш.

Бу кучлар мутаассибликка берилган шаҳсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сураётган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилишяпти.

Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ жоҳил ёшларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга элларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зид экани барчага маълум.

Шунинг учун дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиб мутаассибликка берилмаслик, она-Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи даркор.

Айниқса, бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг қалбига мустаҳкам жойлаш барчамизнинг ҳам қонуний, ҳам шаръий вазифамиздир.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ходими

Жаҳонгирхон Аброров манбалар асосида тайёрлаган

Read 886 times

Мақолалар

Top