МАҚОЛА

Ватан осойишталиги улкан неъмат

Барчамизга маьлумки, ҳар қандай тараққиёт – ҳоҳ диний, ҳоҳ ижтимоий, ҳоҳ иқтисодий, ҳоҳ оилавий тараққиёт бўлсин, унинг негизида бир нарса – тинчлик, ҳотиржамлик ётади.

Боболаримиз, момоларимиз дуо қилганларида: “Тани сиҳҳат, хотиржамлик, дили беғамлик бергин”, деб айтар эдилар. Чунки, тинчлик – Аллоҳ таолонинг инсониятга берган улкан неъматлардан биридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадисларида тинчлик-хотиржамликни улкан неъмат эканлигини таъкидлаб шундай дейдилар:

 

يقول النبي ﷺنعمتان مغبون فيهما كثير من الناس: الصحة، والفراغ

“Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан маҳрумдирлар: сиҳат-саломатлик ва тинчлик-хотиржамлик”

Албатта, ҳар бир ҳурфикр инсон бу неъмат учун шукрини қилмоғи лозим. Айрим неъматлар бор-ки, уларнинг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлади, аммо тинчлик неъматининг шукри “Алҳамдулиллаҳ” дейиш билан адо бўлмайди. Бу неъматни асраб туриш учун ҳар бир жабҳада, аввало маърифат соҳасида  курашмоқ керак.

Ушбу тинчлик-хотиржамликни бизларга таьмин қилиб берадиган, осойишта яшамоғимизга ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшаётган касб эгалари борки, ҳамиша уларниниг хизматларини эътироф этиб ёдимизда тутишимиз керак. Ён давлатлар билан яхши қўшничилик муносабатларини тиклаб, дунёнинг сиёсий майдонида моҳирона дипломатик муносабатларни амалга ошириб келаётган ҳукуматимиз раҳбарларининг хизматларини ҳам алоҳида эътироф этмоғимиз керак.

 Алҳамдулиллаҳ, Ватанимиз сарҳадларини, ҳудудий яхлитлигини, аҳолини тинч ҳаётини ва унинг хавфсизлигини 30 йилдан бери кеча-ю кундуз таъминлаб турган Миллий Армиямиз – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول رباطُ يومٍ فى سبيل الله أفضلُ من شهْرٍ صيامه و قيمه

 “Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш бир ойлик кундузлари рўза тутиб, кечалари ибодат билан қоим ўтказганни савобидан афзалроқдир”, деганлар.

أنَّ رَسولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عليه وسلَّمَ قالَرِبَاطُ يَومٍ في سَبيلِ اللَّهِ خَيْرٌ مِنَ الدُّنْيَا وما عَلَيْهَا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Аллоҳ розилиги учун бир кеча-кундуз Ватан сарҳадини қўриқлаш дунё ва ундаги барча нарсадан яхшироқдир”, дедилар.

Шунингдек, бошқа ҳадисда:

رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول عَيْنَانِ لَا تَمَسُّهُمَا النَّارُ: عَيْنٌ بَكَتْ مِنْ خَشْيَةِ الله، وَعَيْنٌ بَاتَتْ تَحْرُسُ فِي سَبِيلِ الله

 “Дўзахда азобланмайдиган икки кўз (эгалари) бор: Аллоҳ таолодан қўрқиб йиғлайдиган кўз ва Аллоҳ розилиги йўлида мижжа қоқмай кечани қўриқчилик қилиб ўтказган кўз”, деб, Аллоҳ йўлида фуқаролар тинчлигини, Ватан сарҳадларини қўриқлашнинг ажр-савоби нақадар буюк эканлигини, бу хизматда тунни бедор ўтказганлар учун улкан ажр – дўзах ўтидан омонлик берилишини мужда бердилар.

Бугунги кунимизда мамлакатимизнинг тинчлигини кўролмайдиган тоифалар ҳам бор. Уларнинг айримлари сиёсий мақсадларини амалга ошириш учун “инсон ҳуқуқлари”, “демократия” каби сўзларни ўзларига қалқон қилиб мамлакатда фитна қўзғашга ҳаракат қилсалар, айримлари муқаддас динимизнинг муқаддас шиорларини ўз мақсадлари учун қалқон қилишиб, жамиятда фитна уруғини сепишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи шарифида шундай марҳамат қилади:

﴿وَالفِتْنَةُ أشَدّ مِنَ القَتْل

“Фитна одам ўлдирмоқдан кўра гуноҳи оғирроқдир”. (Бақара сураси, 191-оят.)

Бир ҳудудда фитна оловини ёқишнинг гуноҳи одам ўлдирганнинг гуноҳидан оғирроқ экан. Чунки, қотилнинг зарари бир инсоннинг умрини завол қилиш билан тўхтайди, аммо фитначининг фитнаси ортидан келадиган зарар  эса йиллар ўтсада тўхтамайди. Шунингдек, бошқа оятда :

﴿إنَّ الصَّلاةَ تَنْهَى عَنِ الْفَعْشَاءِ وَ الْمُنْكَرِ

Яъни, “Намоз фаҳш ва мункар (гуноҳ) ишлардан қайтарур”, (Анкабут сураси, 45-оят.) деб марҳамат қилади.

Агар иймонимиз, ибодатларимиз бизларни фаҳш-мункар саналган амаллардан, жамият ичида фитна қўзғайдиган ҳаракатлардан қайтармас экан унда иймонли эканлигимизда, ибодатларимизнинг мақбул бўлишида шубҳа бор.

Дарҳақиқат, мамлакатимиз тинчлик ва ўзаро ҳурмат сиёсатини олиб бориб, ўз ҳудудида ва қўшни давлатлар ҳудудида тинчликни асраш учун улкан ишларни амалга оширмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда истиқомат қилаётган аҳоли тинч-тотув умргузаронлик қилиб, ўз кундалик ташвишлари билан банд.

Улуғ шайх Алихон Тўра Соғуний раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: Тўрт нарса инсонийлик шарафи ва унинг иқболининг бутунлигидан далолатдир: 1) Озодлик, ҳурлик ва эркинлик; 2) Меҳнат билан топилган бойликка ўзи эгалик қилиши; 3) Туғилиб ўсган она ватанида истиқомат қилиши; 4) Покиза ва муқаддас ҳақ дин Исломга эътиқод қилмоғи.

Алихон Тўра Соғунийга кўра мана шу тўрт нарса кимда бўлса, демак ўша инсон бахтлидир, саодатлидир. Ушбу мезонга кўра Ўзбекистон халқи ҳам том маънода бахтлидир. Азиз ватандошлар, мамлакатимиз учун энг муҳим байрам Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги нишонлаш арафасидамиз. Аллоҳ таоло Ватанимизни, сарҳадларимизнинг тинчлигини, осмонимиз мусаффолигини ва дунёда тинч-хотиржам, осуда ҳаётни барқарор қилсин. Тинчлигимиз барқарор, мустақиллигимиз абадий бўлсин. Яқинлашиб келаётган мустақиллик байрами барчамизга муборак бўлсин.

НОДИР Қобилов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар маркази илмий ходими

Read 653 times

Мақолалар

Top