МАҚОЛА

“Тафсири Насафий” хатм қилинди ва устозларга ижозалар топширилди

Ислом уламолари ўзларига берилган илмларни фақатгина маълумотлар манбаи деб эмас, балки Аллоҳ таоло тарафидан уларга берилган фазл ва омонат деб қараб келадилар. Шу сабабли ҳам бу омонатни эгаларига топшириш учун талабаларнинг фақатгина илмий салоҳиятига чекланиб қолмасдан, маънавий камолоти ва хулқий гўзалликларига ҳам катта эътибор қаратишган. Негаки, уларнинг номларидан етказилаётган илмлар аввало ўзларига, сўнгра улар илм олган устозларга, саҳобаи киромларга ва бора-бора охири Расулуллоҳ алайҳиссаломга нисбати берилади. Шу сабабли илм эгалари уларининг номларидан айтилаётган илмлар ҳар ким тарафидан айтилмаслиги, илмга аҳл бўлмаган инсонлар тарфидан ривоят қилинмаслиги, ноқобил кишилар тарафидан етказилмаслиги учун ўзларининг хос шогирдларига ўша илмларни устозлари номидан етказиш учун махсус рухсатнома берганлар. Мазкур рухсатнома исломий илмлар атамасига кўра “ижоза” деб аталиши кўпгина аҳли илмларга маълум. Бундай “ижоза”, яъни шаҳодатномалар Қуръон қироати ва ҳадис илмларида анча машҳур.

Бироқ, ижозалар исломий илмларнинг бошқаларида ҳам борлиги кўпчиликка маълум ва машҳур бўлиб улгурмаган ёки ёддан кўтарилган. Аслида тарихимизга назар соладиган бўлсак Мовароуннаҳр мадрасаларида, хусусан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Шош мадрасаларида Қуръони каримни ёд олиш билан бирга, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақоид, тасаввуф, фароиз, усулул фиқҳ ва мусталаҳул ҳадис фанлари бўйича ислом оламида машҳур олимларнинг араб, форс, туркий тилларда ёзилган мўътабар китоблари, ушбу китобларга ёзилган шарҳлар ва уларнинг ҳошиялари ўқитилган. Ушбу фанлар бўйича энг мўътабар китобларни тугатганларни эса “Хатм карда мулло” (хатм қилган мулла) деб номлашган. Талабалар мадрасада ўқишни тамомлаш вақтида “Хатмул кутуб”, яъни “Дарслик китобларни тугатганлик” бўйича махсус тадбир ўтказилган. Тадбирда ўша вақтдаги катта мударрислар, шаҳар қози ва муфтийлари йиғилган. Уларнинг ҳузурларида китобларни ўқиб тугатганларга “ижоза”лар топширилган. Устоз ва талабаларга дастурхонлар ёзилиб, тадбир сўнгида қози ва муфтий каби катта устозлар олдида дарс берган устозлар ҳамда китобларни ўқиб тугатган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиб, уларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинган.
Аллоҳга ҳамд ва шукрлар бўлсинки, уламолар ва илм аҳллари орасидаги ана шундай азалий қадриятларимизни тиклаш ва тарқатиш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.
Бундай хайрли анъаналардан бири сифатида Тошкент ислом институтининг бир қанча устозлари томонидан улуғ бобокалонимиз Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Маҳмуд Насафий қаламига мансуб “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” номли асарнинг ўқиб тугатилганлигини келтириб ўтишимиз мумкин.
Шу муносабат Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедрасида “хатмул кутуб” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда ректор Уйғун домла Ғафуров ва ўқитувчилар иштирок этдилар. Соатмурод домла Примов Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” китоби ҳақида маълумот берди.
Сўнг ижоза соҳиби Фарҳод домла Жўраев Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” китоби бўйича Жаҳонгир қори Неъматов, Муҳаммадрасул домла Абдуллаев, Муҳаммадрасул домла Тошпўлатов, Собиржон домла Рустамов, Исломхон домла Убайдуллаев, Элёржон домла Аҳмадқулов, Адҳам қори Юсупов, Шоҳмирзо қори Иброҳимов, Аслиддин домла Мирзамиддинов, Содиқжон қори Қурбоновга ижоза шаҳодатномаларини топширди.


Имом Насафий ва унинг тафсири
Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Насафий (ваф. 710/1311) тафсир соҳасида фаолият олиб борди. Бу улуғ имом Насаф шаҳрида таваллуд топганлар. (Насаф шаҳри ҳозир Қарши деб номланади.) Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келган ва шу йили рабиъул аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) шаҳрида дафн қилинган.
У ўз даврида ақида, фиқҳ, ҳадис, луғат соҳалари бўйича етук олим сифатида шуҳрат қозонган. Тафсирда бошқа муфассирлар каби ҳадисдан, саҳобий ва тобиийлар фикрлари билан бир қаторда ўзидан олдин ўтган муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳлис сунна”, Маҳмуд Замахшарийнинг “Кашшоф”, Алоуддин Самарқандийнинг “Шарҳи таъвилот” асарларидан истифода этган.
Имом Насафийнинг “Мадорикут танзил” номли бу китоблари ҳозирги кунимизгача уламолар ва толиби илмлар орасида зўр эътибор билан шуҳрат топиб келмоқда ва кўпгина ислом ўқув юртларида қўлланма сифатида ишлатиб келинмоқда.
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсири Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорикут танзийл ва ҳақоъиқит таъвийл” (“Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари”) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсирун Насафий” тафсири дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир.
Тафсири Насафий” деб танилган ушбу тафсирлари муаллифнинг энг машҳур китобларидан бўлиб, уни “Кашшоф” ва “Тафсири Байзовий”дан мухтасар қилиб олганлар. Бу китобда Аҳли суннатнинг йўлини олға суриб, Кашшофда учрайдиган баъзи мўтазила эътиқодларини четга сурганлар. “Тафсири Насафий”да оятларнинг грамматик таҳлили, ўз ўрнида етти мутавотир қироатга ишоралар берилган. Балоғат фани қоидалари айтиб ўтилган. Баъзи ўринларда фиқҳий масалаларни ҳам баён қиладилар ва бу масалаларда Ҳанафий мазҳаби сўзларини таржиҳ қиладилар. Лекин фиқҳий масалаларга кўп ўрин бермайдилар. Исроилиётларни жуда кам ривоят қилганлар. Баъзисини келтириб, ҳужжати йўқлигини айтганлар. Қиссалар ва ҳадислар орасидаги баъзи хурофот ва тўқималарни айтиб ўтадилар.

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси
мудири Ж.Неъматов

Read 1120 times

Мақолалар

Top