МАҚОЛА

Одамларнинг энг ёмони – хаворижлар!

Адашган оқимларнинг шаклланиши узоқ тарихий ўтмишга бориб тақалади. Тарихда ўзаро зиддиятлар туфайли «аҳли сунна»дан ажраб чиққан фирқалар бор. Уларнинг ғаразли ғояларини ўрганишга бағишланган асарлар кўп. Абу Мансур Мотуридий, Абул-Ҳасан Ашъарий, Абу Мансур Бағдодий, Абу Ҳафс Насафий, Муҳаммад Шаҳристоний каби уламолар адашган фирқаларнинг услубларини синчковлик билан ўрганган ҳамда уларга раддиялар берганлар.

Ислом тарихида «хорижий»лар илк адашган оқим сифатида пайдо бўлган. Дин ниқоби остида фаолият кўрсатган ва уламолар томонидан қаттиқ қораланган фирқалар фаолиятини Бағдодий «ал-Фарқ байнал-фирақ» асарида муфассал баён қилган. Дастлабки бўлиниш Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу давридаги «Жамал воқеаси иштирокчилари», саҳоба Муовия, «Сиффийн иштирокчилари» ҳамда икки ҳакам Абу Мусо Ашъарий ва Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумнинг чиқарган ҳукмлари сабабли юз берган. «Сиффийн» жангида Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари ўртасида норозилик пайдо бўлиб, икки гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳ Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу тарафдори бўлиб, иккинчи гуруҳ эса «хорижий» (ажралиб чиққанлар) номини олган.

Ислом олимлари хорижийлар энг биринчи ихтилофни келтириб чиқарганини таъкидлашган. Бу ихтилоф катта бўлинишларга олиб келган.

Хорижийлар дастлаб Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг тарафдорлари эдилар. Сиффин жангидан сўнг Ҳазрати Алини Муовия розияллоҳу анҳу билан келишувга рози бўлганликда айблаб, ўз тарафдорларидан иборат қўшин билан ажралиб чиқишган. Улар ақидада жиддий адашиш ва хатти-ҳаракатларида кўп қабиҳликларга йўл қўйишган.

Шаҳристоний ёзишича, хорижийлар ўз мақсадларига эришишда қуролдан фойдаланиб, ўзларига хайрхоҳ бўлмаганларни оила аъзолари билан ўлдириб, кўп мусулмонлар ҳаётига зомин бўлганлар.

Хорижийлар ўзларича амални иймоннинг учинчи таркиби ҳисоблаб, киши калима келтирса, бироқ ибодатларни тарк этса ёки катта гуноҳ ишларга қўл урса иймондан ажрайди, дейишган. Уларнинг иддаосича: «катта гуноҳ қилганлар диндан қайтган иймонсиздир». Улар бундай инсонларнинг оила аъзолари, ҳатто гўдакларига ҳам шафқат қилмасликни таъкидлашган.

Али ибн Муҳаммад Фахрий китобида хорижийлар ўз ғояларига эришишда кўплаб қабиҳ ишларни қилганларига гувоҳлик берган. Шунингдек, бузғунчи фирқа етакчиларидан бири Нажда ибн Омир Азрақийга мактуб ёзилган. Ушбу мактубга жавобан, адашган фирқа етакчиси ўз ғояси ва хатти-ҳаракатларини оқлаш мақсадида ҳатто Қуръони карим оятларини бузиб талқин қилишга ҳам уринган.

Адашган фирқа раҳбари Нофеъ ибн Азрақ мисоли орқали барча фирқа йўлбошчилари фирқа ғояси ва фаолиятини қувватлантириш мақсадида Ислом манбаларидан ўзбошимчалик билан иқтибослар олиб, етарли илм ва тажрибага эга бўлмаган издошларини мутаассибона тарбиялаш ва хатти-ҳаракат содир этишда фойдалангани шубҳасиздир.

Бу фирқа ўзининг шафқатсизлиги билан бошқалардан фарқ қилади. Уларнинг эътиқодида, мухолифларига қарашли бўлган ёш гўдаклар, кексалар, ногиронлар, кўзи ожизлар, касаллар ва зиммийларни ўлдириш мубоҳ саналади. Ҳатто улар бировларнинг омонатларини ҳам ҳалол деб биладилар.

Хорижийлар Ислом тарихида Ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумнинг ҳар икковига ҳам итоат этмасдан ажралиб чиққани учун «исёнчи тоифа» деган ном олди. Хорижийлар томонидан амалга оширилган бир неча йиллик қўзғалонлар халқ нотинчлиги ва талафотларига сабаб бўлди.

Ислом уламолари хорижийларнинг адашган қуйидаги жиҳатларини алоҳида қайд этишган:

- улар ўз йўлларига юрмаган, катта гуноҳ қилганларни иймондан чиққан дейишади;

- бегуноҳ мўмин одамнинг қонини тўкишни ҳалол санашади;

- суннатга амал қилишни инкор этишади;

- доимо гуноҳи кабира қилиб вафот этган киши абадий дўзахда қолади, дейишади;

- охиратдаги шафоатни инкор этишади;

- жаннатда Аллоҳни кўришни инкор қилишади;

- Қуръони каримни махлуқ дейишади.

Хорижийлар давлат раҳбарига итоат этишдан бош тортиб исён кўтаргани учун «боғий»га ҳукм қилинган. Ибн Умар розияллоҳу анҳу хорижийларни одамларнинг энг ёмони деб ҳисоблаган. Аҳли сунна уламолари: «Қайси замон ва маконда бўлмасин, мусулмон мамлакат раҳбарига итоат қилишдан бош тортган киши хорижийлар тоифасидан саналади», дейишган.

Замонлар ўтиши билан хорижийлар нафақат уламоларнинг, балки оддий халқнинг ҳам қаршилигига учради.

 

Шермуҳаммад домла Болтаев,

Хоразм вилояти, Шовот тумани

Юсуф Ҳамадоний жоме масжиди имом-хатиби

Read 1528 times

Мақолалар

Top