МАҚОЛА

Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларида, интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “салафийлик”, “салафийлар” каби иборалар тез-тез такрорланиб турибди. Хўш, аслида салафийлар кимлар?

 

“Салафийлик” ибораси араб тилидаги “سلف” сўзидан олинган бўлиб, “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар” маъноларини англатади. Қуръони каримнинг Зухруф сурасида “салаф” сўзи “аввал яшаб ўтганлар”, “ўтмиш (кишилари)” маъноларида ишлатилган.

 

Диний истилоҳда “салаф” сўзи муайян бир давр билан боғлиқ маънони беради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Энг яхши давр менинг даврим, сўнг уларга яқин бўлган, сўнг уларга яқин бўлган даврлардир”(Имом Бухорий ривояти).

 

Салафи солиҳлар—Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тарафдан мақталган, илк ҳижрий уч аср авлодларидир. Шу даврда яшаб ўтган саҳоба, тобеъин ва табаъа тобеинлардан иборат олиму фузалолар, мужтаҳидларни “салафи солиҳлар” атамаси мутлақ ўз ичига олади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

 

 خير الناس قرني ثم الذين يلونهم ثم الذين يلونهم ثم يفشو الكذب حتي يشهد الرجل و لا يستشهد و يحلف الرجل و لا يستحلف

 

Яъни: “Инсонларнинг энг яхшиси менинг асрдошларим. Сўнгра уларга яқин бўлган (тобеъин)лар. Сўнгра, уларга яқин бўлган (табаъа тобеъин)лардир. Улардан кейин ёлғончилик тарқалиб кетади. Ҳатто бирор кишики, ундан гувоҳлик сўралмасада (ёлғондан) гувоҳлик бераверади, ундан қасам ичиш сўралмасада (ноўрин) қасам ичаверади”.

 

Шу ҳадисга асосан Ислом динининг дастлабки уч асрига мансуб авлодлари энг яхши солиҳ инсонлар, деб эътироф этилади. Бугунги кунда машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб—Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби муассислари ва уларнинг асҳоблари айни юқоридаги ҳадисда мақтаб ўтилган авлод вакилларидан ҳисобланадилар. Улардан кейинги давр—ҳижрий тўртинчи асрдан кейинги барча давр вакилларидан иборат халаф олимлари, фозил-у авлиёларга ҳам “салафи солиҳ”, “салафий”, деган атамани ишлатилмайди.

 

Салафийлар

 

Салафийлар—ҳижрий еттинчи асрнинг охирларида Аҳмад ибн Таймия ал-Ҳарраний (661-728 ҳ.) бошчилигида, асосан аҳли сунна имоми—имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ томондан талқин қилинган ақоидий ислоҳотларни рад қилиш билан ўртага чиққан тоифадир. Аҳмад ибн Таймия ва унинг яқинларидан иборат саноқли шахсларнинг фикрича, имом Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳ таълимотида аҳли ҳадислар ақоидига зид бўлган мафкура ва қарашлар мавжуд бўлган. Ибн Таймия имом Ашъарий ўз таълимотида, Аллоҳнинг исм ва сифатлари масаласида зарурат юзасидан қўллаган таъвил услубини инкор этади, оят ва ҳадисларнинг зоҳирига биноъан ҳукм қилиш лозимлигини таъкидлаб, насслардаги мажозни рад этади. Шу йўл билан у гўёки, аҳли ҳадислар ақоидини қайта жонлантирмоқчи, таҳриф ва табдилларни йўқ қилмоқчи эканини иддао қилади.

 

Ибн Таймия ўз йўналишини “Манҳажу салафис-солиҳ” (салафи солиҳлар йўли), деган ном билан атайди. Ва ана шу манҳаж асосида ҳаёт кечириш кераклигини такидлайди. Натижада у асос солган оқимни унинг тарғиботчилари томондан “САЛАФИЙЯ”, деб танитила бошланди. Нимагаки, унда Ислом аҳкомлари замон талабига эмас, балки салафи солиҳлар даври—ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мос тарзда ижро этилишига жиддий аҳамият берилар ва шундай йўл тутишга тарғиб қилинар эди. Уларнинг айтишича, “салафийлик” йўли фақат китоб (Қуръони карим) ва суннати набавия асосига барпо қилинган бўлиб, унда Ислом дини аҳкомлари қайта жонлантирилади, унутилган ва ўзгартилган ҳукмлар асл ҳолига қайтарилади. Ислом бидъат ва ҳурофотлардан тозаланади, куфр ва ширкий ақидаларга барҳам берилади. Мана шу ғоя “салафийлик”нинг бошқа диний гуруҳлардан ажратиб турувчи энг асосий ғоясидир.

 

Ибн Таймия тарафдан “Исломни қайта жонлантириш, салафлар йўлига қайтиш” шиорлари остида, унга қадар бутун мусулмон умматида бўлмаган янги фикрлар, мужтаҳидлар ижмоъсига хилоф қарашлар, тўрт мазҳаб уламоларининг на фиқҳий ва на ақидавий асосларига мос бўлган ҳукмлар ошкор қилина бошлади.

 

Тарихчиларга кўра, Ибн Таймиянинг ақидавий ва фиқҳий масалаларда мужтаҳидлар кенгаши—ижмоъга хилоф назариётлари умумий ҳисобда олтмишга яқин масалада бўлган. (Ижмоъга хилоф фикр билдириш—бу ҳаракат аҳли сунна уламолари томондан баъзи ўринларда куфр, баъзи ўринларда бидъат-залолат, деб баҳоланади ва исломда қаттиқ қораланади).

 

Хўш, бунга нима сабаб бўлган?

 

Бунинг сабаби: Ибн таймия кучли тақво ва ўткир илм билан танилган ҳанбалий мазҳабига мансуб намунали оилада ўсиб унади. Отаси ва бобоси замонасининг машҳур фақиҳларидан, деб тан олинарди. Отасининг вафотидан кейин, унинг таълим ва тадрис ишларига мутасадди бўлган Аҳмад ибн Таймия мухолафатчилик ҳаракатларини асосан қирқ ёшга яқинлашганда бошлаган. Унгача эса, у ўз даврининг етук ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳларидан бири, деб атрофга танилиб бўлган ва бир неча фойдали диний асарларини ёзишга ҳам улгурган эди.

 

Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мутаассиб кўринишдаги “сохта салафийлар” пайдо бўлди. Улар диний, маънавий, ижтимоий ва сиёсий йўналишларда саодат асрига қайтиб, мусулмонларнинг эътиқоди ва дунёқарашини ҳозиргача турли соҳаларда эришилган натижалардан “поклаш”ни ўз олдиларига “мақсад” қилиб қўйганлар.

 

Сохта салафийлар ҳар қандай янгиликни бидъат деб ҳисоблаб, фиқҳий мазҳабларни инкор қиладилар, тасаввуфни тан олмайдилар, арзимас баҳоналар билан мусулмонларни кофирга чиқарадилар. Уларнинг фикрича, салафи солиҳлар даври, яъни Исломнинг илк уч асридан сўнг мусулмонлар орасида ширк, бидъат ва хурофотнинг турли шакллари авж олди. Жамият ҳаётида юзага келаётган айрим муаммолар айнан салафи солиҳларга эргашмасликнинг оқибатидадир, деб таъкидлайдилар.

 

Сохта салафийлар қуйидаги ғояларни илгари сурадилар:

 

– Қуръони карим ва суннатдаги қоидаларни сўзма-сўз тушуниб, кўр-кўрона амал қилиш орқали бошқа манбаларни ботилга чиқарадилар;

 

– “такфир” (куфрда айблаш) ва “ҳижрат” (ватанни тарк этиш) масаласини илгари сурадилар;

 

– фиқҳий мазҳабларни инкор қилиб, мазҳабсизликни тарғиб қиладилар;

 

– тасаввуф, урф-одат ва миллий қадриятларни инкор этадилар;

 

– ғайридинларга ўта тоқатсиз муносабатда бўлиб, диний бағрикенгликни ёқламайдилар;

 

– ҳар қандай янгиликни “бидъат” деб ҳисоблаб, уни рад этадилар.

 

Ҳадисларда шундай матнлар борки, юзаки қараганда, бу матнлар Қуръон ва суннатда бўлмаган ҳар қандай нарсани пайдо қилишдан қайтарилгандек кўринади. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «Ким бизнинг ишимизда унда бўлмаган янгиликни пайдо қилса, у рад этилади», дейилган.

 

Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса: «Дарҳақиқат, энг яхши сўз Аллоҳнинг Китоби, энг яхши йўл Муҳаммад алайҳиссаломнинг йўлидир. Ишларнинг энг ёмони эса уларнинг янги пайдо бўлганларидир ва ҳар бир янгилик залолатдир». Юқорида келтирилган ҳадисларни тўғридан-тўғри тушуниш Исломни тараққиёт билан ҳамнафас эмаслиги ва у ўзи нозил бўлган замонгагина яроқли бўлган эски дин сифатида қораланишига олиб келади.

 

Ибодулло Усманов,
Косонсой тумани “Эшонбобо” жоме масжиди имом хатиби

Read 1239 times

Мақолалар

Top