МАҚОЛА

Фитнанинг 11та хатар ва зарарлари
  1. Фитна энг кўп қон тўкилишининг энг катта сабабларидан бўлиб, фитна натижасида жамиятда талон-тарож ва босқинчилик ишлари кенг тарқалади.
  2. Фитна дунё ва охиратда хасрат чекишнинг сабаби бўлади.
  3. Фитна уни чиқарган кишиларнинг кўзларини ҳақ ва тўғри йўлни кўрмайдиган қилиб қўяди. Ҳақ ва тўғри йўлни кўра олмайдиган инсоннинг қўлидан эса ҳар қандай қабиҳликларни кутса бўлаверади. Бегуноҳ ёш болаларни, аёлларни ўлдираётганлар, мусулмонни кофирга чиқариб қонини ҳалол санаётган ҳозирги кундаги фитначилар бунинг ёрқин мисолидир.
  4. Фитначи ва шайтон бир-бирига яқин дўстлар. Шайтонни энг яхши кўрган ишларидан бири икки мусулмон ўртасини уруштириб қўйишдир. Қўпол қилиб айтадиган бўлсак, фитначининг “касб”и ҳам шу ҳисобланади. Демак, булар жуда яқин дўстлар экан.
  5. Фитналар мўмин кишининг динига шубҳаларни солади.
  6. Кишининг ўз аҳлида фитналаниши уни динидан буриб юборади.
  7. Фитна мўмин кишининг қалбини яхшиликлардан буриб юборадиган энг ашаддий нарсалардандир.
  8. Ҳукуматга қарши уруш қилиш фитнаси жамиятни парчалайдиган омилларнинг энг каттасидир. Буни ҳозирги кунда араб давлатларида бўлаётган фитналардан билиб олишимиз мумкин. Бу давлатлар фитналар бўлишидан олдин қандай ҳолатда эди-ю, ҳозирги кунга келиб қандай ҳолатга тушди? Статистик маълумотлар бу давлатларнинг ривожланишдан неча ўн йилларга ортда қолганини кўрсатмоқда.
  9. Фитна сабабидан ўзаро уруш қилиш дин душманларининг мақсадларини рўёбга чиқаради ва мусулмонларни иқтисодий, ижтимоий ва тиббий ҳаётини парчалайди. Ҳақиқатда ҳам ҳозирги кунга келиб, дин душманлари ўз мақсадларига эришмоқда. Чунки фитналар содир бўлаётган диёрларга эътибор берадиган бўлсак, буларнинг деярли барчаси мусулмонобод юртларда эканлигини кўришимиз мумкин. Натижада, у юртларнинг иқтисоди, тинчлиги, ижтимоий ҳаёти барбод бўлмоқда ва мусулмонлар бошқа юртларга cчиқиб кетишга мажбур бўлмоқдалар.
  10. Фитналар жамиятнинг обрў-эътиборини йўқ қилиб юборади.
  11. Фитналар исломий жамиятларнинг ортда қолишининг энг асосий сабабларидан бўлиб, мусулмонларни душманлар қўлида қўзғолончи қилиб қўяди. Минг афсуслар бўлсинки, бир пайтлар бутун олам учун илм маркази бўлган Бағдод, Куфа, Дамашқ каби шаҳарлар бугунги келиб, фитначиларнинг жанг майдонига айланмоқда. Бу фитналар натижасида қанча илм даргоҳларида илм тўхтаб қолмоқда ва мусулмонларнинг бошқа жамиятлардан отда қолишига сабаб бўлмоқда. Энг ачинарлиси эса, фитначилар бу ишларида айнан мусулмонларнинг ўзларидан фойдаланишмоқда. Мусулмонлар бу фитналарга қарши бирлашмоқликлари ва ўзларининг уламоларини йўлидан юрмоқликлари лозим бўлади.

 

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди

имом-хатиби Бобохон Бобохонов

Read 1370 times

Мақолалар

Top