МАҚОЛА

Бағрикeнглик – тотувлик ва тараққиёт гарови

16-ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни

1995-йил 16-ноябрда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилиниб, ушбу сана “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида дунё халқлари томонидан кенг нишонлаб келинади. Боиси, бағрикенглик — тинчлик ва тотувлик, тараққиёт асоси.

Мамлакатимизда ҳам ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва иноқлик ҳамиша қадрланиб келинади. Зеро, нафақат оилалар балки, кенгроқ миқёсда давлат ва мамлакатлар орасидаги яқин ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар ҳар қандай нифоққа чек қўяди. Муштарак мақсадлар эса, элни, юртни тараққиётга, фаровонликка бошлайди. Шу маънода, 16-ноябрь — “Халқаро бағрикенглик куни” кўпмиллатли юртимизда анъанавий равишда кенг нишонланиб келинади.

Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Нуфузли анжуман Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди, дея хабар бермоқда Академия матбуот хизмати.

Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари, диншунос экспертлар, исломшунослар иштирок этди. Шунингдек, этник-маданий бирлашмалар, исломий ва ноисломий конфессиялар вакиллари, жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамият, миллий маданият марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси илмий ходимлар ва талабалари, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатлардан келган олимлар иштирок этди.

Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган ушбу конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш борасида амалга оширилган ишларни ўрганиш, истиқболдаги белгиланган вазифаларни таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва шу йўналишда ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдир. Зеро, мамлакатнинг тараққий этиши авваламбор ундаги барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитининг сақланишига боғлиқ.

Анжуманда иштирокчилар томонидан “Янги Ўзбекистоннинг виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида тажрибаси”, “Жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Ислом динининг миллатлараро ва динлараро тотувликни таъминлашдаги ўрни”, “Марказий Осиё халқлари маънавий меросида миллатлараро бағрикенглик масалалари”, “Ўзбекистонда Рус православ черковининг диний бағрикенгликни таъминлашдаги ўрни”, “Миллий маданий марказлар – Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлашнинг муҳим воситаси”, “Динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни мустаҳкамлашда католик черкови ҳиссаси”, “Марказий Осиёда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашда Ўзбекистоннинг самарали ҳамкорлиги натижалари”, “Барқарор тараққиётни таъминлашда бағрикенгликнинг ўрни”, “Фаробий қарашларида диний бағрикенглик масалалари”, “Модернизация жараёнида бағрикенглик маданияти феномени”, “Динлараро бағрикенгликни таъминлашда Диншунослик фанини ўқитишнинг аҳамияти” каби мавзулардаги маърузалари тингланди.

Қизғин мунозара остида ўтган конференция қатнашчилар учун мазмунли ва фойдали ўтди. Айниқса, соҳа вакиллари томонидан қилинган маърузалар анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Йиғилганлар юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар вакиллари яхлит ҳолда Ўзбекистон халқини ташкил этиши, улар бир-бирлари билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётгани таъкидланди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

Read 1450 times

Мақолалар

Top