МАҚОЛА

“Омин”ни махфий айтмоқ суннатлиги ва унинг далиллари (1-қисм)

Баъзи намозхон биродарларимиз шу ихтилофда имом Шофеъий мазҳабини устун кўриб “Омин”ни жаҳрий айтади ва бу масалада ҳанафийларнинг йўли суннатга хилоф дейди. Аслида эса ундай эмас. Ҳанафий мазҳаби фуқаҳоларининг (Улардан Аллоҳ рози бўлсин!) “Омин лафзини ичида махфий айтиш суннат” деган гаплари қуруқдан–қуруқ айтилмаган. Уларнинг бу фатвосига албатта, далиллари бор:
Биринчидан, Аллоҳ таоло шундай буйруқ беради:

ادْعُواْ رَبَّكُمْ تَضَرُّعاً وَخُفْيَةً

“Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг”. (Аъроф сураси 55).

Ояти каримада Аллоҳ умумий тарзда дуони махфий қилишга амр қилмоқда. “Фотиҳа” сурасининг сўнгги қисми дуо, унинг охирида “Омин” деб айтиш ҳам “Эй Раббим, ижобат айла” маъносини англатувчи дуодир. Аллоҳ дуони махфий қилишга буюрдими, демак намозда ҳам, ташқарида ҳам махфий дуо қилиш керак.

Иккинчидан, Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг олдидан ўтиб қолди. Улар овозларини кўтариб дуо қилишаётган эди. Шунда Расулуллоҳ уларга: “Сизлар кар ёки ғоибдаги Зотга дуо қилмаяпсиз! Сиз дуо қилаётган Зот сизларга қон томирингиздан ҳам яқинроқ Зотдир!”, дедилар. (Саҳиҳи Бухорий 4/145, 275. Мусаннафи Абдурраззоқ 5/159, 160).

Ҳадисдан кўриниб турибдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуода овозини кўтарганларга эътироз билдирган. Бу эса дуонинг махфий бўлиши суннатга мувофиқлигини англатади.

Учинчидан, Аъмаш раҳимаҳуллоҳ Абу Солиҳдан ривоят қилади, у деди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Имом “ғойрил-мағдуби ъалайҳим ва лад-доооллииййн” деганда сизлар жим туринглар!”. (Сунани Дорақутний 1/331).

Суфиев Жаъфархон Тўрақўрғон туман "Исхоқхон тўра" жоме масжиди имом хатиби.

Read 1519 times

Мақолалар

Top