МАҚОЛА

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Имом Абу Ҳанифа ҳадисни қўйиб қиёсни олганми? – 2-қисм

Айтиб ўтганимиздек, айримлар Имом Абу Ҳанифанинг мазҳаби қиёсга асослангани туфайли ҳадисга зид келади, деган таънани қилишади. Энди инсоф билан қарасак, Имом Абу Ҳанифани қўя турайлик, Аллоҳдан қўрқадиган ҳар қандай мусулмон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ тарзда етиб келган ҳадис турганда уни қўйиб, қиёс ва раъйга ўтадими? Бундай таъналар аслида ҳадисни англашда фаҳми панд берган кишидан содир бўлади. Чунки Имом Абу Ҳанифа ҳадис турганда уни тарк қилиб, қиёс қилишга ўтмаган. Балки у киши қайси ўринда ҳадисни тарк этиш мумкин бўлиши ва унинг сабабларини билиб, кейин уни тарк қилган. Бунга эса ҳар кимнинг ҳам ақли етавермайди. Шунинг учун ҳам бу таъна етказувчилар Имом Абу Ҳанифа бу масалада ҳадисга хилоф қилди, ҳадисни тарк қилди, деб ўйлаб қолади. Ҳолбуки, аслида ҳолат бундай эмас. Энди ўша сабаб ва ўринлардан баъзиси билан танишсак:

А) ҳадисни саҳиҳ ёки саҳиҳ эмас дейиш мужтаҳадун фиҳ, яъни ижтиҳодга қараб бўладиган масала. Кимнингдир қоидаси бўйича саҳиҳ ҳисобланган ҳадис бошқасининг йўлига кўра саҳиҳмас бўлиб чиқиши бор. Шунинг учун бир муҳаддис тарафидан саҳиҳ дея ҳукм қилинган ҳадисни баъзида бошқаси заиф деганини ҳам учратасиз. Демак, шунга кўра баъзан Имом Абу Ҳанифа ёки умуман олганда мужтаҳид киши ҳадисни ўзининг наздида собит эмаслиги ва саҳиҳ бўлмагани учун уни тарк этади.

Қайсидир бир ҳадисни саҳиҳмас деб уни рад этиш фақат имом Абу Ҳанифадагина содир бўлган ҳолат эмас. Балки ҳадисни текшириб чиқишни ўз зиммасига олган ҳар бир мутасадди шахсда уни саҳиҳ ёки саҳиҳмаслигини ажратиш учун ўзи ўрнатган қоида бор. У мана шу қоидаси асосида ҳадисни текширишни ўзининг вазифаси ҳисоблайди. Шундай экан, улардан бирининг қоидаси бўйича саҳиҳ ҳисобланган баъзи ҳадис бошқасининг қоидасига тушмай, у уни заиф дейиши мумкин. Демак, бир мужтаҳиднинг бир ҳадисга нисбатан қарори ўша ҳадиснинг воқеликдаги сифатини белгилаб бермайди. Чунки бошқаси унга бошқача қарор чиқарган бўлади.

Имом Шофеъийда ҳам бундай ҳолатни кузатиш мумкин. У киши ҳайвонни ҳайвонга насия байъ қилиб сотишдан қайтарилган ҳадисни рад этган. У киши бу ҳадисни собитмаслигини айтган. Бошқалар эса буни собит, дейишган. Аҳли илмлар орасида кузатилган бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Илмга ва илм аҳлига алоқаси бўлиб, уларга аралашиб юрган одамга бу нарса сир эмас.

Б) Баъзан мужтаҳид бир ҳадисни тарк қилишига сабаб қаршисида ундан кўра кучлироқ ва рожиҳроқ бўлган бошқа бир ҳадис ёки далил мавжудлиги бўлади. Бошқа мужтаҳиднинг наздида эса бу ўринда икки далил ўртасида зидлик кўринмайди. Ёки бўлмаса, таржиҳ қилиш услубида биринчи мужтаҳидникидан бошқа йўлни тутгани боис унинг таржиҳ йўлини хато ҳисоблайди. Аслини олиб қарасангиз, бу жойда ижтиҳодларнинг турфа хиллигига гувоҳ бўласиз. Мужтаҳидларда бундай ўзаро зидликлар учраб туради. Бирор бир мужтаҳид бунга ўхшаш ҳолатдан саломат бўлмаган. Шунинг учун шу каби ўринларда уларга таъна етказиш нотўғри ҳисобланади.

В) Гоҳида мужтаҳиднинг наздида ҳадис бошқа бирор далил воситасида насх қилингани исботлангани учун уни тарк этади. Бу пайтда унинг насх деган гапига қарши чиқиб, далилланиш услубини хатога чиқариб, саҳиҳ ҳадисга амал қилмаяпти дейиш нотўғри. Бу ўринда ҳам ижтиҳодларнинг ҳар хиллиги мавжудлигини айтишимиз мумкин.

Хулоса шуки, бир ҳадиснинг мардуд ёки мақбуллиги ижтиҳодларнинг турличалигига қараб бўлади. Энди бир инсон ўз ижтиҳоди ила қайсидир сабабдан бир ҳадисни рад этган бўлса, ижтиҳоди шунга олиб келган бўлса, биз бу инсонни таънага нишон қила олмаймиз. Бўлмаса, бирорта ноқид, яъни ҳадисларни текширувчи бирор муҳаддис бу таънадан саломат бўла олмайди. Чунки уларнинг ҳар бири қайсидир сабабдан бошқаси саҳиҳ деган бирор ҳадисни ўз ижтиҳоди ила заиф деб, уни қабул қилмаган.

Абдулҳодий Ғиёс,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Read 737 times

Мақолалар

Top