МАҚОЛА

Фиқҳ илмидаги фойдалар силсиласи: Ҳанафий мазҳабини қувватлаш учун келтирилган ҳадислар заифми? – 3 қисм

Айримлар Имом Абу Ҳанифа мазҳабида ҳужжат сифатида келтирилган ҳадисларга нисбатан заиф деган тамға босишади. Уларнинг бундай гап-сўзлари қулоқ тутилмайдиган таъна. Чунки бир ҳадисни саҳиҳ ёки заиф дейишнинг ўзи ижтиҳодий иш бўлиб, ижтиҳод ила чиқарилган зонний қоидалар устига қурилган. Мумкинки, Имом Абу Ҳанифанинг наздида ҳужжатга яроқли бўлган ҳадисни бошқаси ҳужжатга яроқсиз деб айтар. Ёки бунинг акси бўлиши ҳам мумкин.

Шунинг учун бир мужтаҳиднинг бир масалага далил қилиб келтирган ҳадисига шубҳа қилган шахс “мен бу ҳадисга амал қилмайман, чунки у менинг наздимда саҳиҳ эмас”, деб айта олади. Аммо, у ўша мужтаҳид заиф ҳадисга амал қилган, деб унга таъна етказа олмайди. Негаки, у мазкур ҳадиснинг ҳақиқатда заиф эканини эмас, балки ўзининг саҳиҳга қўйган қоидасига тушмагани учун заифлигини айтган.

Бу ҳолат ҳадисларни текшириб, саҳиҳини заифидан ажрата оладиган инсонлар томонидан содир бўлса, тушунса бўлади. Бироқ, бу сифатга эга бўлмаганларнинг жар солишлари тушуниб бўлмас ҳолат.

Юқоридагилар мазҳаббоши далил қилган ҳадисларга нисбатан айтилган бўлса-да, мазҳаб ичидаги уламоларнинг ўзи эргашган имомининг мазҳабини қувватлаш учун келтирган ҳадисларига ҳам тегишлидир.

Шунингдек, баъзида бир масалага далолат қилувчи саҳиҳ ҳадис турган бўлади, лекин мазҳабда шу масала бўйича у ҳадис зоҳири далолат қилган маъно олинмаган кўринади. Бу пайтда ушбу ҳадислар мазҳаб уламолари томонидан таъвил қилинади. Бу таъвил ҳам кўр-кўрона қилинмаслиги табиий. Балки у ҳам ўз йўлида қувватлидир, лекин мухолиф тарафни қаноатлантирмаган. Гўёки, уларнинг назарида мужтаҳид имом мазкур ҳадисни рад этган ва шу сабабли унга амал қилмагандек. Бу ўринда муқаллидлар ўша ҳадисдан мазҳаббошининг далилланишидан бошқачароқ далилланган бўлишлари мумкин. Шунинг учун бу ҳадисни мазҳаббоши эмас, балки муқаллид уламолар айтганини унутмаслик лозим.

Хулоса ўрнида шуни айтамизки, муқаллид уламолар келтирган далил ва жавоблар имомнинг мазҳаби заиф эканига далил бўлмайди. Бунга мазҳаб ичидаги уламолар мазҳаббоши сўзларининг маъно-моҳиятини унинг ўзичалик англаб ета олмаган бўлишлари сабаб бўлгандир балки. Аслида мазҳаббоши ундан бошқа саҳиҳ далилга таянган ёки ҳадисга бошқача ёндошган бўлиши мумкин. Демак, бу масалада мазҳаббошининг сўзи учун бошқа далил мавжуд бўлади ёки ҳадисга жавоб муқаллид уламо айтганидек бўлмайди. Бунинг мисоллари билан танишганимизда масала янада тушунарлироқ бўлади иншааллоҳ.

Абдулҳодий Ғиёс,

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси

Read 674 times

Мақолалар

Top