МАҚОЛА

Муносабат: ёшлар тарбиясига биз ҳам масъулмиз

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат тараққиётининг энг муҳим, устувор вазифалари эълон қилинадиган йиллик мурожаатнома эълон қилинди.

Мурожаатномада халқимиз истиқболи ҳамда мамлакат равнақи учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро қандай иш тутиши ва юритиши билан боғлиқ вазифалар аниқ ва кескин равишда белгилаб берилди. Масалага онгли равишда ёндашиш, коррупция балосига қарши кескин курашиш, илм-фанни, барча соҳавий йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғри йўлга қўйилмаса, мамлакат тараққиёти ҳақида сўзлаш беҳуда.

Ҳар соҳага оид масалаларга тўхталиб, аниқ таклиф ва тавсиялар билдирган Президент миллатлараро дўстлик, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ижтимоий бағрикенглик муҳитини яна мустаҳкамлаш учун барча имкониятларни сафарбар этилишини ҳамда бутун дунёда ривожланиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаётганини афсус билан ёдга олиб, барчани огоҳ бўлишга яна бир бор чақирди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, бутун мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми деган саволга маҳалла раисидан бошлаб, вазир ва бутун жамоатчлигимиз йўқ деб жавоб берган ҳолда, бу билан кифояланиб қолмаслигимиз, бунга биргаликда курашишимиз даркор.

Мурожаатда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларни онгини ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига ҳеч қачон йўл қўйилмаслиги таъкидланди. Бу билан ушбу йўналишда қонун устуворлиги таъминланиши маълум қилинди.

Биз, Самарқанд вилояти диний соҳа вакиллари, уламолар ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари учун ислом динининг асл моҳиятини уларга тўғри етказиш, бу борада буюк аллома боболаримизнинг илмий меросларидан унумли фойдаланиш борасида кўплаб ишларни амалга оширишимиз зарурлигини англадик.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси

Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби

ЎзА.

Read 803 times

Мақолалар

Top