МАҚОЛА

Маърифат ўрнини жаҳолат асло эгаллай олмайди

 

Сўнгги йилларда юртимизда хайрли бир анъана шаклланди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар йили йил сўнгида Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига мурожаат қилиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, йўл қўйилаётган камчиликлар ва уларни бартараф этиш йўллари ва чоралари ҳақида куйиниб гапирмоқдалар.

Шу билан билан, келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳақида ҳам тўхталиб, ҳар бир ишни пухта бажариш зарурлигини таъкидламоқдалар.

Бугун муҳтарам Юртбошимиз Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида бундай дедилар: «Бутун дунёда кучайиб бораётган радикализм, экстремизм, терроризм, одам савдоси, гиёҳвандлик каби хатарлар, афсуски, бизни ҳам четлаб ўтмаяпти.

Лекин, такрор айтаман, мусулмон умматига сабоқ берган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк уламолар етишиб чиққан бизнинг диёримизда бу борада адашганлар, радикализм ва экстремизм ғояларига берилганлар бўлиши мумкинми? 

 Биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаймиз».

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси, ким ўлишидан қатъи назар, янада ҳушёрроқ ва сергакроқ бўлиши шарт. Чунончи, ҳозирги вақтда дунёнинг бир чеккасида содир бўлаётган воқеа-ҳодисларнинг ижобий натижалари ёки салбий оқибатлари зум ўтмай юртимизда ҳам бўй кўрсатмоқда.

Бундай ҳолат кишига Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги муборак ҳадисларига қатъий риоя этишни эслатади: «Ҳар бирингиз мутасаддисиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар учун масъулсиз. Ҳар бир раҳбар инсонлар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Эр ўз аҳли аёли ва қўл остидагилар устидан мутасаддидир ва улар учун масъулдир. Хотин эрининг уйида мутасаддидир ва қўл остидагилар учун масъулдир» (Имом Бухорий ривояти).

Бугун Ўзбекитон ҳар бир фуқаросининг нигоҳи ойнаи жаҳонга қадалди. Давлатимиз Раҳбарининг Мурожаатномасини барчамиз жон қулоғимиз билан эшитдик. Бу Мурожаатнома юртимизнинг кейинги йиллардаги тараққиёт стратегиясини белгилаб берувчи муҳим концептуал асос бўлади.

Дарвоқе, биз тарихдан сабоқ чиқариб яшашга одатланган халқмиз. Шундай экан, Преидентимиз таъкидлаганларидек, биз жамиятимизда ҳар қандай радикаллашувга, ёшларимиз онгини бузғунчи ёт ғоялар билан заҳарлашга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга, маърифат ўрнини жаҳолат эгаллашига йўл қўймаслигимиз шарт.

 

Жасурбек домла РАУПОВ,

Тошкент вилояти бош имом-хатиби

Read 831 times

Мақолалар

Top