МАҚОЛА

“Ажралиб чиққанлар” исёнчилар

Хаворижлар Али розияллоҳу анҳунинг тарофдорларидан ажралиб чиққан бўлган бир гуруҳ ҳисобланади. Улар аввалда Али розияллоҳу анҳуга ёрдам бериш учун тўпланган эдилар. Ҳазрати Али ва Муовия розияллоҳу анҳум ўрталаридаги чиқарилган ҳукм шартномасидан кейин, Али розияллоҳу анҳуни  мазкур таҳким воқеасида айблаб,  ундан ажралиб чиқади. Шунинг учун ҳам уларни "Хаворижлар", яъни ажралиб чиққанлар, исёнчилар деб аташади. Ушбу гуруҳ тарафдорлари Басра ва Куфа аҳолисидан ташкил топган эди.[1]

Улар Куфадан чиқиб Ҳаруро деган жойга кетадилар. Шунинг учун баъзилар Хаворижларни "Ҳарурийлар" ҳам деб аташган. Улар ўша пайтда 12 минг киши бўлишган. Улар ўзларига Абдуллоҳ ибн Кавво ва Шабас ибн Рибъийларни бошлиқ қилиб олишган[2].

Шундан сўнг хаворижлар Али розияллоҳу анҳуга ҳам, умавийларга ҳам баробар қарши кураш бошлаганлар. Улар кураш давомида ўзига хос жанг услубини ишлаб чиқдилар, яъни отлиқ аскарлар тўсатдан ҳужум уюштириб, хавф туғиладиган бўлса, дарров ўзларининг ҳарбий манзиллларига, Басра яқинидаги Батаих деган жойга қайтар эдилар. Хаворижлар ҳаракати араблар фатҳи бўлган Ироқ ва Эрон аҳолиси, оддий араб мусулмонлар ҳамда меҳнаткашлар оммаси манфаатини ифодалашга даъвогар ҳам бўлган[3].

Шундай қилиб Хаворижлар исломдаги энг биринчи ажралиб чиққан гуруҳ ҳисобланади. Буларни фирқа эмас гуруҳ дейилишига сабаб, гуруҳ арабчадаги ҳизб калимасини ифода қилиб, диний маънодан кўра кўпроқ сиёсий маънога далолат қилади. Буларни сиёсий  гуруҳ дейилишига сабаб, албатта улар сиёсий фикрда бўлганлар.

Хаворижлар халифа маълум бир тайинланган, чегараланган қавмдан бўлишлиги шарт эмас, балки ҳар бир мусулмон ҳалифа бўлишга салоҳиятли ҳисобланади, модомики, унда иймон бўлса, илм бўлса ва инсонлар унга байъат бераётган пайтда қўйилган шартларда қоим турса, у халифа бўлишга ҳақли бўлади дейишади. Халифа Форс, Турк ёки Ҳабаш бўлса ҳам бўлаверади. Фақатгина Арабларнинг Қурайшларидан бўлиши шарт эмас дейишади.

Хаворижларни Али розияллоҳу анҳу қаноатлантириш ва уларни қайтаришлик учун бир неча бор харакат қиладилар. Лекин, натижа чиқавермагач, Али розияллоҳу анҳу уларни бутунлай қириб ташлашликни мақсад қилади ва уларга уруш очади. Лекин, Али розияллоҳу анҳу умрининг охирги кунларида хаворижлар ҳақида бир гап айтган: "Мендан кейин хаворижларга уруш очманглар. Бас, кимки хақни талаб қилса хато қилган ҳисобланмайди. Лекин, ботилни ирода қилиб уни талаб қилган кимса хато қилган ҳисобланади", деб айтганлар.

VIII асрнинг иккинчи ярмига келиб хаворижлар ўз раҳбарлари номи билан аталувчи бир неча гуруҳларга: азракий, ибодий, суфурий кабиларга бўлиниб кетдилар. Олимларнинг фикрича, хаворижларнинг 20 га яқин гуруҳларга бўлиниши ҳамда умавий ва аббосий халифалар VII – IX асрларда уларга қарши кескин кураш олиб бориши натижасида уларнинг аксарияти қириб ташланди, қолганлари Шимолий Африкада ўз давлатини вужудга келтирдилар. Улар халифаликдаги кўпгина қўзғолонларда қатнашганлар. VII асрнинг 80 йилларида Ироқда умавий халифасига қарши кўтарилган 20 минг қўшинга эга бўлган азракийлар қўзғолони 15 йил давом этди, 14 йил (869 - 883) давом этган азракий Али ибн Муҳаммад бошчилигидаги қора қул – зинжийларнинг Қуйи Ироқ ва Хўзистондаги дахшатли қўзғолонлари ниҳоят тор-мор этилди. Ҳозирда хаворижларнинг ибодий сектаси Мағриб мамлакатларида Жазоир, Тунис, шунингдек Ўмон ва Танзанияда учрайди[4].

 

ТИИ Модуль таълим шакли талабаси,

Самарқанд шаҳар Хўжа Нисбатдор жоме масжиди

имом-хатиби Бобохон Бобохонов

 

[1] Хулафои рошидин 120- бет.

[2] Ал-Фарқу байнал фироқи. 51-бет.

[3] Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар. 29-бет.

[4] Ислом йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар. 29-30-бетлар.

Read 815 times

Мақолалар

Top