МАҚОЛА

Тилимизга эҳтиёт бўлайлик!

Аксарият давраларда бўлиб қолсак, шу даврада бўлмаган кимнингдир ҳаётига доир мавзуда гап очилади.
Аллоҳ таоло бундай гуноҳ ишлардан огоҳ этиб шундай дейдики:
12. Эй иймон келтирганлар! Кўп гмонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир. (Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса, жосуслик, дейдилар. Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур.).

لَا خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِنْ نَجْوَاهُمْ إِلَّا مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلَاحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَنْ يَفْعَلْ ذَٰلِكَ ابْتِغَاءَ مَرْضَاتِ اللَّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْرًا عَظِيمًا
114. Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз..
Бировнинг кийган кийими борми, минган автомашинасими ёки қилган данғиллама тўйими қизғин муҳокама қилинади. Билиб-билмай кимлардандир эшитган гапларимиз асосида ўзганинг ҳаётини муҳокама қиламиз. Яна ўзимизга таскин бериш мақсадида “Ғийбати эмас, сифати”, деб гапирган гапларимизни оқламоқчи бўламиз.
Икки кишининг боши бирикса, албатта, гап мавзуси “эшитдингизми?” деган сўзлар билан ўзгалар ҳаёти тўғрисида гап кетади. Гўёки, суҳбатлашишга бошқа мавзу йўқдек. Аслида биз гапирган гапларимиз ғийбат эканини биламиз, лекин буни тан олгимиз келмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбатга шундай таъриф берганлар: “Биродаринг эшитса, хафа бўладиган хислатларни айтишинг ғийбатдир”. Саҳобалар: “Агар биз айтган хислат унда бўлса-чи?” деб сўрашганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга: “Бор хислатларни айтсанг, ғийбат, йўқ хислатларни айтсанг, бўҳтондир”, деганлар.
Кишининг жисмидаги нуқсон билан айблаш ёки насл насабини, ҳаракатини, сўзларини, дин-у диёнати, дунёси, кийимлари, яшаш жойи, уловини камситиш ғийбат бўлади.
Қўл ҳаракати, кўз қисиш, ишора қилиш каби ҳоллар билан ҳам кишини мазаҳ қилиш мумкин эмас. Қуръони каримнинг “Ҳумаза” сураси 1-оятида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига “вайл” бўлсин”.
Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки, уларнинг камчиликларини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади”, дедилар.
Ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам айтдилар: “Меърож кечаси баъзи инсонларнинг олдидан ўтдим, улар темир тирноқлари билан юзларини ва кўкракларини юлиб турганларини кўрдим. Жаброил алайҳиссалломдан уларнинг кимлигини сўраганимда, Жаброил: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган, уларнинг иффат-номусларини тўкадиган одамлардир (яъни ғийбатчилардир)”, деди”.
Ғийбат қилган ё ғийбатга қулоқ солган киши гуноҳдан фориғ бўлиши учун Аллоҳ таолога чин дилдан тавба-истиғфор айтиб пушаймон бўлиши, қайта ғийбат қилмасликка аҳд қилиши зарур. Ғийбат қилган одамидан эса кечирим сўраб, унинг розилигини олиши, агар у оламдан ўтган бўлса, камбағал, етим-есирларга хайр-эҳсон улашиб, савобини унинг руҳониятига ҳадя қилиши керак.

ТИИ Модуль таълим тизими,

Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом хатиби

Суфиев Жаъфархон

Read 842 times

Мақолалар

Top