МАҚОЛА

Сохта салафийлар йўли – залолат йўли

Сохта салафийлар дунёнинг қаерига бормасин, мусулмонлар орасида тушунмовчиликлар, ихтилофлар ва ташвишлар авж олади. Бугунги кунда уларнинг аҳли сунна вал-жамоадан оғишгани, улар на саҳобалар ва на тобеъинлар йўлидан юрмаётганлари ўз исботини топиб улгурган. Кўплаб уламолар томонидан уларнинг бузғунчи ғояларига нисбатан илмий раддиялар эълон қилинган. Жумладан ХIХ асрда яшаб, ижод этган машҳур ҳиндистонлик олим Муҳаммад Сиддиқ Ҳасан ал-Қанужий (1832-1890) сохта салафийлар ҳақида фикр билдириб, бундай дейди: “Ҳозирги кунда бир риёкор ва шуҳратпараст гуруҳ пайдо бўлган бўлиб, улар Қуръон ва ҳадисни билиш ва унга амал қилишни даъво қилмоқда… Ажабланарлиси шундаки, улар ўзларини энг ихлосли ва тақводор, деб бошқаларни мушриклар деб номламоқда. Улар энг мутаассиб ва динда ғулувга кетган кишилардир. Бу диндан эмас, балки Ер юзида тарқалган фитна ва катта фасоддир” (“Тақлидул-аимма” 16-17 бетлар].

Ўтган асримизнинг кўзга кўринган етук алломалардан бири меҳроб шаҳиди Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “салафийлар” деб атаётганларга раддия сифатида “Салафийлик исломий мазҳаб эмас, балки у муборак давр босқичидир” номли асарларида жумладан бундай дейдилар: “Ислом динининг ўтган ўн тўрт асрлик тарихи давомида бирор мўътабар имом ёки уламодан эшитмаганмизки, мусулмонларнинг ҳидоятда бўлишларининг ҳужжати “салафийлар” деб номлаган гуруҳга мансуб бўлиш ҳисобланса. Балки, “салафийлик” деган гуруҳга мансуб бўлишнинг ўзи айни бидъатдир” (231-232-бетлар).

Хулоса қилиб айтганда ота-боболаримиз, минг йиллик мўмин-мусулмонлар барчаси аҳли сунна вал-жамоа таълимотида бўлиб келишган. Бирок, йигирманчи милодий асрнинг ўрталарига келиб, аҳли сунна вал-жамоадан оғишган ваҳҳобийлик оқими тизимидан сизиб, янги ва сохта салафийлик юзага келди. Асрлар давомида Ислом уламолари томонидан ёзилган асарлар ва орттирилган малака, эришилган ютуқларни рад этиб, фақатгина “салафи солиҳлар” даврини эътиборга олиш даъвосида бўлиш сохта салафийликнинг тор моҳиятини намоён этади.

Бугунги кунимизда юртдошларимиз ичида ҳам билиб-билмай сохта салафийларнинг асоссиз даъволарининг таъсирида юрган кишиларнинг мавжуд эканлиги ушбу тоифанинг илдизларини ўрганиб, унинг асл моҳиятини очиб бериш, уни одамларга, халқимизга тўғри тушунтириб бериш долзарб эканлигини билдирмоқда.

Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар "Абдулқодир қори" жоме масжиди имом-хатиби.

Read 725 times

Мақолалар

Top