МАҚОЛА

73 фирқанинг чиқишига асос бўлган 6 фирқа

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Насоролар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар. Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинади”, дедилар.

Бошқа бир ривоятда: “Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда. У – жамоатдир” ибораси зиёда қилинган (Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).

Ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир, бу ерда фиқҳий мазҳаблар назарда тутилмаган.

Фиқҳдаги ихтилоф, сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишларидир. Эътиқоддаги бўлиниш эса фирқачилик деб номланади. Баъзи фирқалар бошқасини кофирга чиқаради. Фирқаларнинг келишмовчиликлари тавҳид асослари, қазои қадар, Пайғамбарлик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қуйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:

  1. Рофизийлар – шиалар ва уларга тобеълар.
  2. Жаҳмия – Жаҳм ибн Сафвоннинг ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини йўққа чиқариш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
  3. Ҳарурия – Хаворижлардан бўлиб, Куфа яқинидаги Ҳаруро деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган мўмин эса кофирдир, дейдилар.
  4. Муржиъалар – “Калимаи тавҳидни тил билан айтиб, дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ”, деганлар.
  5. Қадария – қазои қадарни инкор қиладиганлар.
  6. Жабариялар – “Инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ”, деганлар.

Мансуржон БОБОЕВ,

Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота” жоме масжиди имом-хатиби.

Read 966 times

Мақолалар

Top