МАҚОЛА

Сохта салафийлик нима? Ёки унинг жамиятга хатари 

 

“Сохта салафийлар” оқимига мансуб бўлганлар исломдаги аҳком ва фатволарни ҳар бир замон тақозосига қараб эмас, ҳижрий сананинг дастлабки уч асрига мувофиқ равишда ҳаётга татбиқ этишни тарғиб қилувчи оқимдир. Бу оқим араб ва ислом мамлакатларида кўпроқ тарқалган бўлиб, Ўрта Осиёга ҳам кириб келмоқда. Унинг тарафдорлари ислом динининг ҳар бир замон ва ҳар бир маконга мослаша олишини тан олмайдилар. Ўн беш асрдан бери исломнинг етук алломалари, фақиҳу мужтаҳидлари қабул қилган фатволарга амал қилишга қарши чиқадилар.

Исломда “салаф” (арабча – “аждодлар”, “аввал яшаб ўтганлар”) деганда, ҳадисларга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида ҳамда ундан кейинги икки асрда яшаган мусулмонлар тушунилади. Шунга кўра, ислом уламолари саҳобий, тобеин ва табъа тобеинларни “салафи солиҳ”, яъни “солиҳ аждодлар” деб ҳисоблашда якдилдирлар. Улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан “салаф” ёки “салафий”лар тушунчаларини ишлатиш мумкин эмас.

Сўнгги йилларда “салафи солиҳларга эргашиш” шиорини ниқоб қилиб олган, мусулмон жамиятларини илк ислом даври ҳолатига қайтаришни тарғиб қилувчи мутаассиб, сохта салафийлар пайдо бўлганини алоҳида қайд этиш лозим.

Тарихий маълумотларга қараганда, сохта салафийликнинг ақидавий, ҳуқуқий ва фалсафий асослари Ибн Таймия (1263-1328 й.) фаолияти билан боғлиқ экан. У умри давомида ўзининг қарашлари туфайли тўрт марта (1307, 1309, 1322 ва 1326 йилларда) зиндон жазосига тортилган ва 1328 йилда зиндонда вафот этган бу шахс ҳаракатнинг назарий асосларини белгилаб берганини барча мутахассислар эътироф этадилар.

Ибн Таймия таълимотида илгари сурилган ғояга кўра, гўёки асрлар давомида исломга турли бидъатлар кириб қолган ва жамият ҳамда мусулмонларнинг кундалик турмуш тарзи Қуръон ва суннатга асосланган ҳолда қатъий тартибга солиниши зарур экан.

Ўз даврида бу таълимотга қарши саҳиҳ маълумотлар асосида кўплаб асарлар битган ватандошларимиз ҳақида тадқиқот олиб борган Улрих Рудолфнинг “Ал-Мотуридий ва Самарқанд суннийлик илоҳиёти” асарида: “Ибн Таймиянинг Пайғамбар алайҳиссалом, саҳобий ва авлиёларнинг қабрини зиёрат қилиш ҳамда тавҳид, Аллоҳнинг макони, такфир ва бошқа ақидавий масалаларда ашъарийлик ва мотуридийликка зид фикрлари ўша давр мусулмон уламоларининг кескин норозилигига учраб, кўплаб раддиялар битилди, кескин кураш олиб борилди. Шундай бўлса-да, бундай ғоялар кейинчалик турли мутаассиб гуруҳ ва ҳаракатлар етакчилари мафкурасига асос бўлиб хизмат қилди. Уларнинг бу хатокор қарашларига аҳли сунна валжамоа уламолари муносиб раддиялар билдирганлар”. (Tошкент: Имом Ал-Бухорий халқаро жамғармаси, 2002. 143-б).

Жумладан, “сохта салафийлар” қуйидаги эътиқоддаги ғояларни илгари сурадилар:

– ҳар қандай янгиликни инкор этиш,

– тасаввуфни асло тан олмаслик,

– тавассул (восита орқали Аллоҳга мурожаат қилиш)ни куфр, деб ҳисоблаш,

 ўзларига эргашмаганларни “кофир” деб эълон қиладилар.

Уларнинг фаолияти натижасида “Пайғамбаримиз шафоатидан ҳеч қандай фойда йўқ”, деган ғоялар тарқалиб, саловотлар баён қилинган китоблар ёқиб юборилди, муқаддас зиёратгоҳлар вайрон қилинди.

Уларнинг адашган йўлда эканликларини билиш ҳар бир ақлли инсонга қийин эмас. Биз эса айнан мавзумизга доир жиҳатига тўхталамиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким бир инсонни кофир деб чақирса ёки Аллоҳнинг душмани деса, айтганидек бўлмаса, айтган сўзлари ўзига қайтади”.

Машҳур ватандошимиз Нажмуддин Умар Насафий ҳазратлари мазкур масала тўғрисида қуйидагиларни айтадилар:

“Катта гуноҳлар мўмин бандани иймондан ҳам чиқармайди, куфрга ҳам киргизмайди. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтиришни кечирмайди. Ундан бошқа катта ва кичик гуноҳларни эса хоҳлаган кимсадан кечиради. Кичик гуноҳга жазо бериши ҳам, агар ҳалол ҳисоблашдан бўлмаса, катта гуноҳни афв қилиши ҳам мумкин. Ҳалол санаш куфрдир. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларнинг катта гуноҳ аҳллари тўғрисидаги шафоатлари кўплаб хабарлар билан собитдир. Гуноҳи кабира содир этган мўминлар дўзахда абадий қолдирилмайди”.

Уларнинг яна бир қарашлари:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳамда саҳобалар ва азиз авлиёларнинг қабрларини зиёрат қилишни куфр деб ҳисоблайдилар. (Азимов А: Ахборот бюллетени. Tошкент. 2009. 8-б.)

Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам умматга насиҳатларида қуйидагиларни айтганлар:

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади; Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Албатта, барча амаллар ниятга қараб эътибор қилинади. Ҳар бир киши ўз ниятига етгусидир, …Бас, нимани ният қилса, ўшани эътиборга олинади”.

Ният қилиш луғатда “қасд қилиш ва ирода” маъноларини англатади.

Демак, қабр зиёрат қилаётганларнинг ниятига эътибор қилинади. Агар зиёратчининг нияти ўтганларни хотирлаш, уларга савоб йўллаш қолаверса, ўлимни эслаш, ундан ибратланиш бўлса, бу жуда савобли иш бўлади.

Салафийлик, ҳизбут таҳрир каби ёт оқимларнинг Худога ишонган бир инсонни куфрда айблаши, мўмин-мусулмонлар яшайдиган диёрларни куфр шаҳри деб эълон қилишлари натижасида Ислом умматлари ўртасида турли тафриқалар келиб чиқмоқда. Афсуски, билиб-билмай ушбу фирқаларнинг таъсир доирасига тушиб қолган баъзи ёшларнинг бундай хато йўлга кириб кетиши мумкин.

Мазкур оқим тарафдорлари ўзларининг бузуқ таълимотлари ила қабрларни зиёрат қилган одам мусулмончиликдан чиқади деган эътиқодда ҳатто бир пайтлар Мадинаи мунавварадаги саҳобаларнинг қабрларини ҳам оёқости қилишган. Қолаверса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақбараларини ҳам вайрон қилишга уриниб кўришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Зеро, у сизларга охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти). Ушбу ҳадисга кўра, қабрларни зиёрат қилиш мандуб (мустаҳаб амал)дир. Зероки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Бақеъ қабристонига бориб маййитлар ҳаққига дуо қилардилар.

Шунингдек, сохта салафийлар тасаввуфни тан олишмайди, тавассулни куфр дейди, мазҳабларни инкор қилади, ўзларига эргашмаганларни ҳам кофирга чиқаришади. Сохта салафийлар жамиятни иккига: “мусулмон” ва “динсизлар”га ажратади. Бу билан бошқа диндагиларни душман санаб, динлараро адоват уйғотишга уринади. Улар нафақат бошқа дин вакилларига, балки шариат ҳукмларини улар ўйлагандек тўлиқ бажармаётган мусулмонларга нисбатан ҳам зўравонлик сиёсати олиб боради.

Бугунги кунимизда ҳар бир мусулмон якка тартибдаги ижтиҳод билан шуғулланиши керак, деган гап ҳам мутлақо асоссиздир. Имом Аҳмад айтади: “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи суннат ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилишдир”.

Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Ҳадис илмлари, агар фиқҳ илми бўлмаса, адаштиради”.

Адашган фирқалар ўтган уч асрнинг тўғри йўлидан бирин-кетин четга чиқа бошлашди. Ҳар бир фирқа ҳақдан оғиб, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қадам ташлади. Одамларни ҳам фикру хаёли, соғлом эътиқодидан чалғитишга уринди. Бу билан улар, Аллоҳ таолонинг Анъом сураси, 153-оятида марҳамат қилган: “Албатта, бу Менинг тўғри йўлимдир. Бас, унга эргашинглар. Ва бошқа йўлларга эргашманглар. Бас, сизни унинг йўлидан адаштирмасинлар. Мана шу сизга қилган амрдирки, шояд тақво қилсангиз,” оятига хилоф иш тутди. Шу тариқа нафсу ҳавосига берилган, бидъат ва залолатга кўмилганлар тоифаси кўпайиб борди. Бу ҳолат асрлардан асрларга ўтиб ҳозирги кунимизда ҳам давом этмоқда.

Ибн Қайюм Жавзий “Иъломил мувқинин” китобида: “Киши, модомики унда ижтиҳод шартлари жамланган бўлмаса, яъни барча илмларни билмаса, унинг ўзича Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олмоғи дуруст эмас”, дейди. Аҳмад ибн Мунодий айтади: «Бир киши Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бир киши юз минг ҳадисни ёдласа, фақиҳ бўладими?” деб сўраганида, у киши: “Йўқ”, дедилар. Ҳалиги киши: “Агар икки юз минг ҳадисни ёд олса-чи?”, деб сўради. Шунда имом яна: “Йўқ”, деб жавоб берди. У киши: “Уч юз минг ҳадис ёдласа-чи?”, деди. Имом: “Йўқ”, деди. “Тўрт юз минг ҳадис ёд олса-чи?”, деганида, “Унда фақиҳ бўлади”, деб жавоб берди».

Абул Ҳасан деди: «Мен отамдан: “Имом Ибн Ҳанбал қанча ҳадис ёдлаган эди?” деб сўраганимда, у киши: “Олти юз минг ҳадисни ёд биларди”, деди».

Абу Исҳоқ айтади: «Мен халифа Мансурнинг жоме масжидида имомлик қилганимда, шу масалани одамларга айтдим. Шунда бир киши: “Сиз ҳам шу миқдор ҳадис ёдлаганмисизки, бу ерда одамларга фатво айтиб турибсиз?” деди. Мен: “Йўқ, фақат шунча миқдор ҳадисни ёд билган кишиларнинг сўзлари билан фатво бераман”, дедим».

Бизнинг давримизда ҳам икки юздан ортиқ сохта салафийликка ўхшаш ёт оқимлар мавжуд экан. Сохта салафийликнинг ғоялари билан суғорилган ёки уларнинг издошларидан бири сифатида яқин 3-4 йил олдин хуруж қилган Ироқ ва Сурияда ўзларини Ислом давлати деб атаган ИШИДни мисол қилиш мумкин. Унга 1971 йил Ироқда туғилган Иброҳим ибн Аввод исмли кимса бошчилик қилган. Аммо ўзини Абу Бакр Бағдодий деб номлаб, “халифалик қуриш” шиори билан ҳокимиятни қўлга олишга уринди. Ачинарлиси, қандайдир қора кучлар таъсиридаги шу даъвоси билан Ислом учун жанг қилаяпмиз деб ҳар куни минглаб бегуноҳ мусулмонларни қатл қилиб, болалар, аёллар ва ҳатто қарияларни ҳам ўлдиришгача борди. Ироқ туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлиги маълумотларига кўра мамлакатда ИШИД ташкилоти бир йилдан камроқ вақт давомида 40 га яқин ноёб тарихий қийматга эга бўлган диний иншоотларни вайрон қилган. Уларнинг орасида қадимги масжидлар, насроний черковлари, бир нечта монастир ва ноёб обидалар ҳам бўлган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул вадоъда қилган хутбаларида шундай дедилар: “Шайтон ўзига ибодат қилинишидан сизларнинг бу ерларингизда умиди сўнди. Лекин бундан бошқа сизлар кичик ҳисоблайдиган ишларда унга итоат қилинишидан умиди бор. Энди эҳтиёт бўлинглар! Мен сизларга икки нарсани қолдиряпман: Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати! Уларни маҳкам тутсангиз ҳеч қачон адашмайсиз!” дедилар.

Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам бир қанча “Мақолот” (мақолалар) китоблари ёзилган ва уларда асосан, Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Kupriliy” кутубхонасида 856-рақам остида сақланмоқда.

Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қарашларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда Аҳли сунна валжамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил мўтазила” (Мўтазилий фирқасининг нотўғри тасаввури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизматларидан яна бири  Аҳли сунна валжамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган мўтазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

– Абу Муҳаммад Боҳилий мўтазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий мўтазилийнинг “Таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий мўтазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдул фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);

– Абулқосим Каъбий мўтазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.

Энг муҳими, имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” асарини ёзган. Бу асарда Аҳли сунна валжамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

Ҳатто, Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб номлар берилганини айтиб ўтайлик:

– Имомул ҳуда (тўғри йўлга бошловчи);

– Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);

– Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);

– Роису Аҳли сунна вал-жамоа (Аҳли сунна вал-жамоа бошлиғи);

– Носирус сунна ва қомиул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);

– Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (Аҳли сунна ақидалари асосчиси).

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳижрий 333 йилда тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган.

Ҳа, ботилдан сақланиш учун аввал уни таниш керак. Ботилни билмаган кимса ўзи сезмаган ҳолда унга аралашиб қолиши ҳеч гап эмас.

Хулоса қилиб айтар эканмиз, бугунги кунда авж олган сохта «салафийлик» ҳам уммат учун бало бўлган оқимлардан биридир. Ундан сақланиш ва қўшилиб қолмаслик учун бу ҳақда имкон қадар кўпроқ маълумотга эга бўлишимиз керак. Шу билан бирга, саҳоба, тобеин ва табаъа тобеинлар йўли бўлмиш Аҳли сунна валжамоа эътиқодини ҳам пухта билишимиз лозим! Аллоҳ таоло тўғри йўлдан тойдирмасин. Ҳақ аҳлига сабот, ботил аҳлига эса ҳидоят берсин!

Тошкент ислом институтининг 4-босқич

талабаси Азимжон Каримов

Read 873 times

Мақолалар

Top