МАҚОЛА

Аёлсифат эркаклар ва эркакшода аёллар ҳақида динимизда нима дейилган?

Ибн Аббос розийаллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий, Абу Довуд ривояти).

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлсифат эркакларни ва эркакшода аёлларни лаънатлаганлар" (Бухорий ривояти).

Кийиниш ва гапиришда эркакларга ўхшайдиган аёлларга эркакшода аёллар дейилади. Бир ривоятда: «Аллоҳ эркакшода аёлларни лаънатлади», дейилган.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар кийимини киядиган эркакни ва эркаклар кийимини киядиган аёлни лаънатладилар» (Абу Довуд, Насоий, Ҳоким).

Агар аёл киши эркакларга хос бўлган либосларни кийса, у ўзини эркакларга ўхшатган ҳисобланади ва Аллоҳ ва Расулининг лаънатига дучор бўлади. Эри ҳам агар унинг шундай юришига имкон берса (яъни, рози бўлса ва уни қайтармаса) малъундир (лаънатлангандир). Чунки у аёлини Аллоҳга итоат этишга ундаши ва гуноҳ ишлардан қайтариши лозим. Зеро, Аллоҳ таоло айтганки: «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни дўзахдан сақлангизки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир» (Таҳрим сураси, 6).

Яъни, уларга одоб ва таълим беринг, Аллоҳга итоат этишга буюриб, гуноҳ ишлардан қайтаринг, ўзингизга ҳам худди шундай муносабатда бўлинг, дейилмоқда.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Ҳар бирингиз нозир ва ўз раъиятига масъулдир. Эркак киши ўз аҳли оиласига нозир ва қўл остидагиларга масъулдир» (Муттафақун алайҳ).

Абу Бакр розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эркаклар аёлларга итоат этган вақтларида ҳалок бўлдилар» (Ҳоким ривояти).

Ҳасан розийаллоҳу анҳу айтганлар: «Аллоҳга қасамки, киши хотинига унинг ҳавойи нафси тилаган нарсаларда итоат этса, Аллоҳ таоло уни дўзахга улоқтиради».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мен кўрмаган икки тоифа борки, улар дўзах аҳлидандир: Сигир думига ўхшаш қамчилари бўлиб, у билан одамларни урадиган тоифа ҳамда кийим кийган ялонғоч, йўлдан урувчи, йўлдан озган аёллар. Уларнинг бошлари туянинг ўркачи каби. Улар жаннатга кирмайдилар, унинг ҳидини ҳам топмайдилар. Ҳолбуки, унинг ҳиди мунча-мунча йўллик масофадан келиб туради» (Муслим ривояти).

Кийим кийган – Аллоҳнинг неъматларига мушарраф бўлган, лекин ялонғоч – Унга шукр қилмайдиган аёллар ёки баданининг шакли ва ранги билиниб турадиган даражада юпқа ва тор киядиган аёллар, деганидир.

Нофеъ розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: «Ибн Умар ва Абдуллоҳ ибн Амрлар Зубайр ибн Абдулмутталибнинг ҳузурида эдилар. Бир вақт елкасига камон осган аёл қўйларини ҳайдаб ўтиб қолди. Абдуллоҳ ибн Умар ундан: «Сен эркакмисан ё аёл?» деб сўрадилар. «Аёлман», деди у. Ибн Умар Ибн Амрга ўгирилдилар-да: «Аллоҳ таоло Пайғамбар тили орқали эркакларга тақлид қилувчи аёлларни ва аёлларга тақлид қилувчи эркакларни лаънатлаган», дедилар».

Кўчага чиққанда номаҳрамларга зеб-зийнат ва тақинчоқларини кўрсатиб юрадиган, мушк-анбар ва ҳар хил хушбўйликлар билан ўзига оро берадиган ҳамда калта ва тор либослар киядиган аёллар ҳам малъундирлар. Бу ишларнинг барчасини, яъни, ўзини бозорга солиб, жамолини кўз-кўз қилиб юришни Аллоҳ таоло ёмон кўради. Лекин минг афсуслар бўлсинки, кўп аёллар шайтоннинг тузоғига илингандирлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақида: «Дўзахга боқиб, унинг кўпчилик аҳли аёллар эканлигини кўрдим», деганлар (Муслим ривояти).

Яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларки: «Ўзимдан кейин эркаклар учун аёллардан кўра зарарлироқ фитна қолдирмадим» (Муслим ривояти).

Аллоҳ таолодан бизни аёллар фитнасидан сақлашини ва Ўз фазлу марҳамати ила уларни ҳам, бизни ҳам ислоҳ этишини сўраймиз.

“Гуноҳи кабиралар” китобидан

Read 1887 times

Мақолалар

Top