МАҚОЛА

Гиёҳванд киши ўз жонига қасд қилувчидир

Инсон ҳаётда яхшиликка интилиб, ёмонликдан қайтиб яшашга ҳаракат қилади, лекин яхшилик ва ёмонлик ту­шунчаларига ҳар ким ҳар хил таъриф беради. Баъзилар яхши деб ҳисоблаган ишлар бошқалар наздида ёмон, ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Ислом ди­ни таълимотида нимаки яхши деб бую­рилган бўлса, у яхши, нимаки ёмон деб қайтарилган бўлса, ўша нарса ёмондир.

Динимиз аҳкомлари инсонни дини, жони, ақли, насли ва саломатлигига, умуман айтганда, ҳаётига зарар етказишга сабаб бўлувчи барча нарсаларни ёмон деб улардан қайтарган, қайтарибгина қолмасдан, балки ҳаром деб эълон қилган. Булардан бири гиёҳванд моддалардир. Зеро, гиёҳвандлик инсоният келажагининг кушандасидир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 157-ояти­да: “У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарса­ларни уларга ҳаром қилади...” деб марҳамат қилган.

Ҳадиси шарифларда ҳам: “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаром”, “Ким ўзини-ўзи заҳар билан ўлдирса, қиёмат куни жаҳаннам ўти билан азобланади”, дейилган бўлса-­да, баъзилар “оят ва ҳадисларда гиёҳванд моддалар номи келтирилмаган-ку?” деган мантиқсиз саволларни ўртага қўйишади. Оқил кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ҳар қандай маст қилувчи ва баданни бўшаштирувчи нар­салар ҳаром”, деб марҳамат қилганлари кифоя қилади. Гиёҳванд модда нима деб аталишидан қатъи назар, уларда маст қилиш, баданни бўшаштириш хусусияти бор. Аллоҳ таоло инсонни ўз жонига қасд қилмасликка, ўзгаларнинг ҳам қонини ноҳақ тўкмасликка буюради. Гиёҳванд эса охир-оқибатда ўлимга олиб келадиган моддаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига қасд қилган саналади.

Гиёҳванд моддалар киши меъдаси, жигар фаолиятига салбий таъсир қилади, ўпкасини ишдан чиқаради. Шунингдек, у инсоннинг асаб тизими бузилиши, кўриш, эшитиш, ҳид билиш, фикр юритиш, иссиқ-совуқни, қаттиқ-юмшоқни, ширин-бемазани сезиш хусусиятлари йўқолишига олиб келади.

Жамиятга етказадиган зарарлари эса беҳад кўп. Гиёҳванд кимса ўзига, оила­си, касби ёки ўқишига нисбатан лоқайд бў­либ боради. Айниқса, ишлаб чиқаришда тараққиётнинг асосий кучи бўлмиш ёш­лар гиёҳвандликнинг асосий қур­бони бўлиши жуда ҳам аянчли ҳол. Гиёҳ­вандлик шахс ва жамият ўртасидаги му­носабатни бузишга олиб келади. Дарҳақиқат, бу ҳаётда тез-тез учрайди. Қавм-қариндош, гулдай фарзандлар, умр йўлдошдан айрилиш, аксар ҳолларда майиб-мажруҳ фарзандлар туғилиши кабилар шулар жумласидан.

Гиёҳванд модда ҳаром бўлгач, унинг тижорати, олинган фойдаси ҳам ҳаром ҳисобланади. Шундай экан, бугун аср вабоси­га айланган, минглаб ёшларнинг гул умри хазон бўлишига олиб келаётган, келажакни, яшашдан асл муддаони унуттираётган бу иллатга қарши курашиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчидир.

 

Миржон домла ЭГАМБЕРДИЕВ
"Ҳидоят" журналидан

Read 1703 times

Мақолалар

Top