Рамазон-2018

Рамазон сабр ойидир

Ҳижрий ойлар милодий сана ойларига нисбатан ҳар ўн икки кун фарқи билан айланиб туради. Шунинг учун Рамазон ойи фаслларнинг турли вақтига тўғри келиб қолади.

Рамазон ойининг энг иссиқ ёз фаслининг энг узун кун ҳамда энг қисқа тунлар орасида келиши ҳам мусулмонларнинг сабр ва тақвосига берилган бир синовидир. Чунки куннинг энг қисқа ва туннинг энг узун вақти бўлган салқин ҳамда осон кунларда ҳам Рамазоннинг келиши, кимнинг нимага ва қанча тақвога эга сабр соҳиби эканининг намоён этади. Демак, йилларнинг айланиши билан ҳар Рамазонда озми - кўпми сабр имтиҳони топширамиз. Охиратда бу баҳоимизнинг мукофоти  “Сабрнинг мукофоти – жаннатдур” хадисига мувофиқ ажрга эга бўламиз, иншоаллоҳ.

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар банда Рамазонда Аллоҳга яна ҳурмат ҳосил қилмоқчи бўлиб бирор нафл ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда  бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазон савобига эга бўлибди”, - деганлар.

Масалан закотни Рамазон ойида бериш керак деган кўрсатма йўқ, аммо у (Закот) Рамазонда адо этилса, бошқа ойларда адо этилган етмишта фарзнинг савобига эришишга қизиқтирилмоқда. Бу эса Рамазони шарифнинг баракотли ой эканини билдиради.

Мусулмонлар бу ойда масжидларга чиқиб, таровеҳ намозларида қатнашиб, сабр билан хатми Қуръонларга сомеъ бўлиб савоблардан бахраманд бўлишади. Кимлардир қалбидаги гиналардан фориғ бўлиб, ўзи учун покиза ҳаёт саҳифасини оча олади. Яна кимдир саховат ва силаи раҳмни кучайтириб бу муборак ой рўзасини астойдил адо этади.

Бу ой бизларга нафсимизни тарбия қилишда яқиндан ёрдам беради. Барчамиз рўза тутиш орқали нафсни тийиб, сабр қилишни ўрганамиз, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатишга интиламиз. Барча пайғамбарлар нафс тарбиясида айнан рўза тутишни тавсия этишган. Агарда инсон мана шу ибодат машаққатига сабрли бўлса, уни муҳаббат билан адо этса, ушбу кунларда кўпроқ эҳсон (садақа)лар қилса, охират қийинчиликларидан қутилади.

Рамазоннинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматларим ҳар қайси ойда қилган бир яхши, солиҳ амали учун бир савоб олади. Аммо Рамазонда эса Аллоҳ бири учун ундан то етти юзгача ва ундан зиёда қилиб беради”, деганлар. Рамазон мўминларнинг ризқларини зиёда этадиган ойдир. Ким бу муборак ойда бир рўзадорни ифтор ёки саҳарлик қилдирса, бир қул озод қилганнинг савобини топади ва гуноҳлари мағфират қилинади. Шунинг учун бўлса керак, мулкдор кишилар шу ойда ўз закотларини беришга, саховатпешалар эса денгиз каби тошиб, меҳр-эътиборга интиқ кишиларга меҳр-мурувват, хайру саховат кўрсатишга ошиқишади.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ قَالَ الصِّيَامُ جُنَّةٌ إِذَا كَانَ أَحَدُكُمْ صَائِمًا فَلاَ يَرْفُثْ وَلاَ يَجْهَلْ فَإِنِ امْرُؤٌ قَاتَلَهُ أَوْ شَاتَمَهُ فَلْيَقُلْ إِنِّى صَائِمٌ إِنِّى صَائِمٌ.    رَوَاهُ اَبُو دَاودَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рўза қалқондир. Қачон бирортангиз рўзадор бўлса ёмон гап гапирмасин, жоҳиллик қилмасин. Агар бирор киши у билан урушса ё уни ҳақорат қилса: “Мен рўзадорман, мен рўзадорман”, десин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривояти).

Ҳадиси шарифдаги “қалқон” дея таржима қилинган “жуннатун” калимаси луғатда “тўсувчи”, “ҳимоя этувчи” каби маъноларни англатади. Шунга кўра, уламолар ушбу калимадан қандай маъно кўзлангани ҳақида қуйидагиларни айтишган:

- Рўза, гуноҳ маъсиятлардан ҳимоя қилувчидир. Чунки у туфайли рўзадор танасидаги шайтон юрадиган йўллар бўлган таом ва қон йўллари тораяди. Ана шу эътибордан рўза уни гуноҳлардан ҳимоя қилувчи бўлади.

- Рўза, дўзахдан тўсувчидир. Чунки имон ва савоб умидида тутилган рўза рўзадорнинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинишига сабаб бўлади. Ана шу эътибордан у дўзахдан тўсувчи бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларининг давомида рўзадорга “ёмон гап гапирмасин”, дея амр этганлар. Яъни, бировни ҳақоратлаш, биров устидан кулиш, лаънат айтиш ва фаҳш гапларни гапириш каби шариат ман қилган гаплардан қайтарганлар. Демак, рўзадор киши ҳалим бўлиши, ўзгалар билан уришиб тортишмаслиги, жаҳли чиққан вақтда ҳам ўзини қўлга ола билиши рўзанинг одобидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рўзадорнинг яна бир сифатини таъкидлаб “жоҳиллик қилмасин”, деганлар. Яъни, рўзадор шариатда ман қилинган нотўғри сўзларни гапирмасин ва хато ишлар қилмасин. Шунга кўра, рўзадор кишини биров уришиб ҳақорат қилган тақдирда ҳам: “мен рўзадорман, мен рўзадорман” дейиши ва унинг ҳақоратига “жавоб” қайтаришдан ўзини тийиб сабрли бўлиши лозим. 

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,

«Мовароуннаҳр» нашриёти махсус мухбири, “Коҳ ота Бузрук” жоме масжиди имом ноиби

Read 51745 times

Мақолалар

Top