muslim.uz
Малайзияда Қуръон ҳофизи талабаларига дипломлар топширилди
Малайзия Таълим вазирлигининг маълум қилишича, Қуръони каримни ёдлашга ихтисослашган учта диний лицейнинг 249 та талабасига вазирликнинг дипломлари топширилди. IQNA ахборот агентлигининг Malayi Mail шўъбаси берган хабарда, Таълим вазири Масалии Малик бу билан Ҳукуматнинг исломий таълимга бўлган эътиборини янада кучайтиришни мақсад этганини маълум қилган.
“Қуръони каримни ёдлаш дастури 2014 йилдан бошлаб, учта лицейда 30 жузъ Қуръони каримни тўлиқ ёдга олиш асосида йўлга қўйилган эди. Бу ердан чиқадиган қорилар келажакда тўғри ва қатъий диний қарашларга эга бўлган инсонлар бўлиб етишадилар. 2018 йилгача Дастур бўйича яна 17 та диний мактаб, 11 та ўрта мактаб ва 4 та интернат мактабларида ҳам ўқувлар ташкил этилди”, дейди Таълим вазири.
Қуръони карим таълимининг аҳамияти ҳақида гапирган вазир, бу ишлар одамларнинг диний билим савиясини оширишга катта хизмат қилиши, ҳофизликнинг беқиёс аҳамиятига тўхталиб, Қуръонни ёдлаш дастури маҳаллий оилалар томонидан мамнуният билан қарши олинганини алоҳида эътироф этди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Саудия Арабистони қадимий масжидларни таъмирлаш бўйича лойиҳани амалга оширади
Бугунги кунда Саудия Арабистони Подшоҳлигида кўплаб қадимий масжидлар янги масжидлар қурилгани сабабли қаровсиз аҳволга келиб қолган. Аҳоли замонавий масжидларга ташриф буюриши натижасида тарихий масжидларга ҳеч ким деярли келмайди.
Тарихий масжидларга одамларни қайтариш мақсадида "Муҳаммад бин Салмоннинг тарихий масжидларни ривожлантириш лойиҳаси" ишлаб чиқилди ва унга асосан бутун мамлакат ҳудудидаги 30 та қадимий масжидлар таъмирланади. Бу ҳақда arabnews.com нашри хабар берди.
Хабарда Саудия Арабистонининг Асир вилоятининг ўзида бешта ибодат масканларини қайта таъмирлаш мақсадида 50 миллион саудия риёли миқдоридаги маблағ ажратилиши ҳам қайд этилган.
Асирдаги қайта таъмирланувчи масжидлар қуйидагилар:
1. Ал муфдат ал Абҳа масжиди - қурилганига 400 йил бўлган масжид қайта таъмирланади. Ушбу масжид 40 йил аввал ўз фаолиятини якунлаган.
2. Садрайд масжиди - ушбу масжид ал Намас вилоятининг шимолида жойлашган бўлиб, Араб яриморолидаги қадимий масжидлардан ҳисобланади. Ушбу масжид тахминан 728 йилда қурилгани айтилади.
3. Ал Сару масжиди - ушбу масжиднинг қачон қурилгани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас, бироқ уни жуд қадимий деб айтишади.
4. Ал Ақиса масжиди ҳам қадимий масжидлардан ҳисобланади. Уни қайта таъмирлаш дастури тез орада амалга оширилиши қайд этилган. Масжид 72 метр квадрат майдонни эгаллаган бўлиб, аҳоли яшаш жойига яқин жойлашган.
5. Ал Нусб тарихий масжиди Абҳа шаҳри марказида жойлашган бўлиб, у 1744 йилда шайх Муҳаммад ал Муфарраҳ томонидан қурилган. 1841 ва 1897 йилларда қайта таъмирланган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Туркия дунё бўйлаб кўзи ожизлар учун Қуръон етказиб беради
Туркия Республикаси бутун дунё бўйлаб Мусҳафи шарифнинг Брайл алифбосида чоп этилган шаклини етказиб беришни йўлга қўйди. International Union for Braille Quran Services (Халқаро Брайлда Қуръон хизматлари иттифоқи) ташкилотининг раҳбари сўзларига кўра, бугунги кунда кўзи ожиз бўлган шахсларга Қуръони каримни ўқиш имкониятини тақдим этиш муҳим масалага айланмоқда.
dailysabah.com нашрининг хабарида айтилишича, бугунги кунда Миср, Малайзия ва Иордания сингари мамлакатлар Брайл алифбоси асосида ёзилган Мусҳафларни чоп этадилар. Брайл алифбосидан фойдаланилган китоблар кўзи ожизлар учун қўл келади ҳамда ушбу инсонлар 7-15 кун ичида Қуръон ўқишни ўрганиб оладилар.
Маълумот учун, Халқаро Брайлда Қуръон хизматлари иттифоқи 2014 йилда ташкил этилган бўлиб, 10 дан ортиқ мамлакатларга Қуръони каримни етказиб бериш билан шуғулланади. Иттифоқ бугунги кунга қадар Брайлдаги Қуръон бўйича уч марта йирик анжуманлар ўтказган.
Брайл алифбоси 1829 йилда Луис Брайл исмли олим томонидан яратилган бўлиб, ушбу ёзув тури кўзи ожиз инсонлар учун ёзиш ва ўқиш имкониятини беради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Дубайдаги аёллар ўртасида ўтказилган Қуръон мусобақаси ғолиблари маълум қилинди
Жорий йилнинг ноябрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида учинчи бор ўтказилган Шайха Фотима бинт Муборак Халқаро Муқаддас Қуръон мусобақасининг натижалари эълон қилинди. Бу ҳақда khaleejtimes.com нашри хабар берди.
Мусобақа якунларига кўра:
Биринчи ўринни баҳрайнлик қория Сора Муҳаммад Абдуллоҳ ҲАсан Ҳусайни эгаллаган. Унга 250 минг дирҳам миқдоридаги пул мукофоти берилган.
Иккинчи ўринни эса сенегаллик Маимуна Ло қўлга киритган. Мукофот сифатида 200 минг дирҳам берилган.
Учинчи ўринни жазоирлик қория Ҳаула Азуз эгаллаб, 150 минг дирҳам мукофот билан тақдирланган.
Мусобақа доирасида 4-10 ўринни эгаллаган иштирокчиларга ҳам пул мукофотлари тақдим этилган. Мос равишда тўртинчи ўрин ғолибига 65 минг дирҳам берилган бўлса, ўнинчи ўриндаги қорияга 35 минг дирҳам ҳадя қилинган.
Маълумот учун, Шайха Фотима бинт Муборак Халқаро Муқаддас Қуръон мусобақаси Дубай халқаро Қуръон мукофотининг бир тармоғи бўлиб, 25 ёшгача бўлган аёл-қизлар ўртасида ўтказилади. Тақдирлаш маросими Дубайдаги Ал Мамзар туманида ўтказилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Ливан Президентини табриклади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 ноябрь куни Ливан Республикаси Мустақиллиги куни билан мамлакат Президенти Мишел Аунни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
ЎМИ Матбуот хизмати