muslim.uz
Аллоҳнинг муҳаббатига эриштирадиган 10 та амал
- Қуръони Каримни, унинг маъноларини тадаббур қилиб қироат қилиш!
- Фарз ибодатларни адо қилиш билан бирга нафлларни ҳам қилиб бориш! Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда нафлларни қилиб юрган бандасини яхши кўриб қолишини айтган.
- Аллоҳнинг зикрини доим тил, қалб, амал ва ҳол билан қилиб бориш!
- Охират ишини ҳар қандай дунё ишидан устун қўйиш!
- Аллоҳнинг исмлари, сифатлари ҳақида ўйлаб, улар тўғрисида тафаккур қилиш!
- Аллоҳ таолонинг марҳаматлари, зоҳирий ва ботиний неъматлари, эҳсонлари ҳақида ўйлаш, уларни ҳис қилиш!
- Унинг ҳузурида синиқлик, хорлик, муҳтожликни ҳис этиш!
- Кечанинг охирги қисмида холи қолиш, ибодат, Қуръон тиловати ва тавба-истиғфор билан бедор бўлиш!
- Солиҳлар, муҳиблар, содиқлар ва орифлар билан бирга ўтириб, уларнинг ҳикматларидан баҳраманд бўлиш!
- Аллоҳ азза ва жалла билан банда ўртасига тўсиқ бўладиган ҳар қандай гуноҳлардан тийилиш!
Шайх Абу Бакр Розий мақоласидан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Агробанк исломий молиялаш бўйича келишувга эришди
“Агробанк” акциядорлик тижорат банкида Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси вакиллари билан икки томонлама ҳамкорлик юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Агробанк ва Хусусий секторни Ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ўртасида 10 миллион АҚШ доллари миқдорида исломий молиялаш линияси бўйича келишув имзоланди.
Энг эътиборли жиҳати шундаки, ушбу маблағлар ислом шариати қоидалари асосида тадбиркорлик субъектларининг инвестицион лойиҳаларини молиялаштириш учун 5 йил муддатгача йўналтирилиши кўзда тутилган.
Тадбирда томонлар келгусида қўшимча молиялаш линиясини жалб қилиш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни давом эттириш борасида ҳам келишиб олишди.
Эндиликда ушбу маблағларни олиш учун тадбиркорлик субъектлари банк филиалларига мурожаат этишлари мумкин.
ЎМИ Матбуот хизмати
Туям сеники бўла қолсин, фақат бир илтимосим бор...
Туясини миниб чўлда кетаётган бадавий ҳар сафар дам олиш учун туясини чўкаллатганда Аллоҳ таолога ўзи ва ўлкаси учун ҳеч бир нарсанинг тескари келмаслигини сўраб дуо қилар эди. Бир вақт қаршисидан ўзига қараб тўғри келаётган бир кишини кўриб қолди. Яхши ниятли инсон бўлгани туфайли учратган одамидан бирор ёмонликни гумон қилмади.
Сувсизликдан лаблари қуриган одам бадавийдан сув сўради. Бадавий туясининг устидаги озгина суви қолган бидонни олиб унга узатди. Сувни сўнгги томчиси қолгунича симириб ичган одам бадавийни итариб ташлаб туяни етаклаб қочишга тушди.
Бадавий унинг орқасидан хотиржам овозда:
– Майли, туя сеники бўла қолсин, фақат сендан илтимос, бу туяни мендан олиб қочганингни асло бировга айта кўрма, ¬– деди.
Бу гапни эшитган одам ҳайрон бўлиб тўхтади ва ундан бунинг сабабини сўради. Ниҳоятда яхши тилакли бўлган бадавий унинг саволига:
– Агар бу воқеани бирор кишига гапириб берсанг, у хабар тезда атроф-оламга ёйилиб кетади. Натижада инсонлар чўлда қолган муҳтожларга асло ёрдам бермай қўядилар... – дея жавоб берди.
Ижтимоий тармоқдан олинди
10-Халқаро таҳқиқ ва Усмонли турк танқид нашр курсларида ўқиш бошланди
2018 йил 26 июнь куни Туркиянинг Истанбул шаҳри Ислом тадқиқот маркази (ИСАМ)да 10 Халқаро таҳқиқ курси ва Усмонли туркий танқидий нашир курсларининг очилиш маросими бўлиб ўтди деб хабар бермоқда ИСАМнинг расмий сайти.
Курснинг очилиш тадбирида ИСАМ бошлиғи Проф. Доктор Рашит иштирокчиларга салом йўллаб, ИСАМ лойиҳалари ва фаолияти ҳақида маълумот берди. Бу йил ўтказиладиган семинарлар икки босқичдан иборат бўлиб, улар назарий ва амалийдир. Шунга мувофиқ 10-Халқаро таҳқиқ курсида 46 соат маъруза, 42 соат амалий, жами 88 соат бўлади. Халқаро Усмонли турк танқид нашр курсида эса 36 соат маъруза, 52 соат амалий, жами 88 соатга режалаштирилган. Ўқиш 12 кун давом этиб, 2018 йил 7 июлда ниҳоясига етади.
Бу курсларда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари О. Муҳаммадиев, Й. Исаев ва Т. Эвадуллаевлар қатнашмоқда. Курс якунида тингловчиларга махсус сертификатлар топширилади.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати
Одам болаларининг икром қилиниши
Яқин йиллар мобайнида олимлар инсон билан бошқа жонзотларни қиёслаб кўришди. Бу борада кўплаб тадқиқотлар олиб боришди. Қуйида инсоннинг бошқа жонзотлардан устун туришига далолат қиладиган маълумотлар келтирилади:
- Инсон – либос киядиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар кийимсиз юради.
- Инсон – қуруқликда юриш учун уловга (машина ясаб, унга) мина оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот уловга минмайди.
- Инсон – денгиз, уммонда юриш учун кема ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот кема ясай олмайди.
- Инсон – ҳавода учиш учун самолёт ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот самолёт ясай олмайди.
- Инсон – космосга чиқиш учун фазо кемаси ясай оладиган ягона жонзотдир. Бошқа бирорта жонзот космик кема ясай олмайди.
- Инсон – гапира оладиган, тил ўргана оладиган, ўша тил орқали бошқалар билан гаплашиб, фикрини баён эта оладиган ягона жонзотдир.
- Инсон – ёзишни ўрганиб, фикрини қоғозга тушира оладиган ягона жонзотдир. Бошқа жонзотлар қалам ушлашни, ёзишни билмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда инсонни икром қилиб қўйганини бир неча оятларда баён қилган. Ўша оятларни бирма-бир келтириб ўтамиз.
يَا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاساً يُوَارِي سَوْءَاتِكُمْ وَرِيشاً وَلِبَاسُ التَّقْوَىَ ذَلِكَ خَيْرٌ ذَلِكَ مِنْ آيَاتِ اللّهِ لَعَلَّهُمْ يَذَّكَّرُونَ
“Эй Одам болалари, батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси, ана ўша яхшидир. Ана ўшалар Аллоҳнинг оят-белгиларидандир. Шоядки эсласалар”. (Либоснинг зарури авратни пинҳон тутадиганидир. Лекин Аллоҳ инсоннинг авратдан бошқа аъзоларини ҳам тўсиш эҳтиёжи борлигини инобатга олиб, либосни зийнат тарзида нозил қилди. Худди шундай–либосни ўз ўрнида, яъни, шариатга мувофиқ истеъмол қилган инсон зийнатли ҳисобланади. Аммо энг асосий либос–тақво либоси.) (Аъроф сураси, 26-оят).
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً
“Батаҳқиқ, Биз Бани Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик”. (Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир. Лекин бу афзалликнинг жавобгарилиги ҳам бор. Қиёмат куни ҳар бир берилган афзаллик ва неъматлардан сўралади. Ҳисоб-китоб қилинади.) (Исро сураси, 70-оят).
الرَّحْمَنُ عَلَّمَ الْقُرْآنَ خَلَقَ الْإِنسَانَ عَلَّمَهُ الْبَيَانَ
“Роҳман. Қуръони ўргатди. Инсонни яратди. Унга баённи ўргатди” (Роҳман сураси, 1-4-оятлар).
اقْرَأْ بِاسْمِ رَبِّكَ الَّذِي خَلَقَ خَلَقَ الْإِنسَانَ مِنْ عَلَقٍ اقْرَأْ وَرَبُّكَ الْأَكْرَمُ الَّذِي عَلَّمَ بِالْقَلَمِ عَلَّمَ الْإِنسَانَ مَا لَمْ يَعْلَمْ
“Яратган Роббинг номи билан ўқи. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир! У қалам билан илм ўргатгандир. У инсонга у билмаган нарсани ўргатди” (Алақ сураси, 1-5-оятлар).
إِنَّا عَرَضْنَا الْأَمَانَةَ عَلَى السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَالْجِبَالِ فَأَبَيْنَ أَن يَحْمِلْنَهَا وَأَشْفَقْنَ مِنْهَا وَحَمَلَهَا الْإِنسَانُ إِنَّهُ كَانَ ظَلُوماً جَهُولاً
“Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир”. (Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади. Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади.) (Аҳзоб сураси, 72-оят).
Шу ўринда Қуръон ҳақида шак қилувчиларга бир савол: “Юқоридаги оятларда айтилган нарсалар – бу нарсалар у кишининг даъватларига хизмат қилмаса, қавмлари устидан раҳбар бўлишларига ёрдам бермаса ёки уларнинг муҳаббатини қозонишларига ас қотмаса – инсоннинг мукаррамлиги ҳақида гапиришга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима эҳтиёжлари бор эди? Қуръони Каримда мазкур масалаларнинг борлиги Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг эмас, Аллоҳ таолонинг Каломи эканига далилдир!”
Абдуддоим Каҳелнинг мақоласини
Нозимжон Иминжонов таржима қилди