muslim.uz
Online: Мусталаҳул Хадис. Мутобеъ ва Шоҳид хабарлар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон диний байрамларни нишонлаш саналарини бир хиллаштириш бўйича меморандум имзолади
Қозоғистон Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Серикбай Ораз Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов билан учрашди.
Учрашувда диний байрамлар саналарини бир хиллаштириш (унификация қилиш) масаласи муҳокама қилинди.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, якунда иккитомонлама меморандум имзоланди.
“Тарафлар диний саналар (рўза, Қурбон Ҳайит ва бошқалар)ни Ҳижра йили, яъни мусулмонлар ой тақвими бўйича нишонлаш, шунингдек, бугунги кун диний масалалари бўйича умумий қарорлар, фатволара чиқариш лозим деб ҳисоблайди”, — дейилади меморандум матнида.
“Бизда шу пайтгача диний байрамлар санаси бўйича фарқланишлар бор эди. Мазкур камчиликни тўғрилаш учун биз ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзоладик. Меморандум доирасида умумий фатволар чиқарамиз ва ҳозирги давр долзарб масалалари бўйича биргаликда қарорлар қабул қиламиз”, — дейди муфтий Серикбай Ораз оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида.
“Казинформ”нинг ёзишича, ўзаро имзоланган мазкур ҳужжат доирасида икки давлат фуқароларига ушбу мамлакатлар ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконияти тақдим этилади.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев Афғонистон масаласи Ўзбекистон учун нега муҳимлигини билдирди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеалар оқибатида» бир муддатга халқаро сиёсатда «унутилган» Афғонистондаги вазият ўз кескинлиги ва жиддийлигини йўқотмаганини таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири давлат раҳбари 27 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилаётган халқаро конференцияда билдирган нутқига асосан хабар берди.
Президентнинг таъкидлашича, анжуманнинг ўтказиш таклифи ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати қуйидаги омиллар билан боғлиқ.
Биринчидан, ташаббус Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига тўлиқ мос келади. Бу концепцияда аввало қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.
Иккинчидан, Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган.
Учинчидан, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликда саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Халқлар хавф-хатарларни баъзи бирларини «ўзимизники», бошқасини эса «бировники», деб қабул қилмаслиги керак. Афғонистон хавфсизлиги - бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир.
Тўртинчидан, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бўйича тажрибага эга. Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар, Россия ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида «6+2» гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу учрашувда Шимолий Иттифоқ ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этган.
«Айнан мана шунинг учун ҳам Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларини бизнинг эзгу ишдаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашга даъват этаман», дейди Шавкат Мирзиёев.
Манба: https://kun.uz
Зиёрат одобларига риоя қилайлик
Ислом динида дастлаб қабрларни зиёрат қилиш ман қилинган эди. Негаки, жоҳилият даврида араблар мусибат етганида Аллоҳнинг тақдиридан норози бўлиб ғазабланишар, қабр тепасига бориб оҳу-воҳ қилишарди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларини фитнадан сақлаш учун қабр зиёратидан қайтарган эдилар. Кейинчалик саҳобаларнинг қалбларига иймон чуқур ўрнашиб, эътиқодлари мустаҳкам бўлгач, уларга қабрларни зиёрат қилишга рухсат бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Энди уларни зиёрат қилинглар”, — дедилар.
Қабрларни зиёрат қилиш одамларни ёмонликлардан узоқ бўлишга, диёнатли бўлишга, ўзини ислоҳ қилишга, қилаётган амаллари тўғрисида бир кун келиб яратганнинг олдида жавоб бериши ҳақида ўйлашга ундайди. Ривоят қилинишича Умар розияллоҳу анҳунинг узукларига ҳам “Ўлим ваъз насиҳат олишга кифоя қилади, эй Умар”, деб ёзилган экан.
Ҳар бир ишнинг ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби бўлгани каби қабр зиёратида ҳам ўзига хос тартиб-қоидалари, одоби мавжуд:
- Аввало зиёрат учун руҳан ва жисмонан покланиш лозим (имкони борича қабристонга таҳорат билан кириш яхши). Барча ишлардаги каби қабр зиёратида ҳам биринчи навбатда инсон ниятни тўғри қилиши керак. Зиёратдан фақат Аллоҳни розилиги, ибрат олиш ва қабрдаги кишининг ҳақига дуо қилишни мақсад қилмоқ лозим.
- Қабр зиёратига келганда қабр аҳлига салом берилади.
Қабристонга кирилганда аввал: “Ассалому алайкум йа аҳлал қубур”, яъни: “Сизга салом бўлсин эй қабристон аҳли”, деб салом берилади. - Зиёратга келган кишилар динимизга хос кийимларда бўлиши лозим. Эркакми аёлми авратларини беркитиб зиёрат қилишлари лозим. Маълумки, бугунги кунда ёшларимизнинг аксарияти динимизга, миллийлигимизга мос келмайдиган кийимларда зиёратларга боришмоқда.
- Қабристон ҳудудида баланд овозда гаплашиш, шовқин солиш, ҳазил мутойиба ва номақбул ишлар қилиш мумкин эмас.
- Зиёрат жараёнида қабрда ётган марҳумлардан мадад сўраш, ёки уларга атаб жонлиқ сўйиш асло мумкин эмас.
Шуни унутмаслигимиз керакки, ҳеч бир зиёратчи қабрда ётган киши авлиё бўладими ёки оддий инсонми улардан ҳожатини раво бўлишини талаб қилмайди. Агар шундай қилса бу улкан гуноҳ яъни ширк амаллардан ҳисобланади. Ҳар қандай ҳожатларни раво қилувчи фақат Аллоҳнинг ўзидир. - Қабрларга ёки зиёратгоҳдаги мақбара ғишт ва безакларига турли сўзлар ва ниятларни ёзиш ҳам мумкин эмас.
- Қабрлар устига пул сочиш, шам ёқиш, уларни тавоф қилиш, болани кокилини аташ, атрофларини айланиш ҳамда дарахтларига турли хил латта парчаларини боғлаш ҳам динимизда қаттиқ қоралангандир.
Қабр тепасида шам ёқиш бидъатдир. Бу ишнинг нафи йўқ. Унинг қабрига солиҳ амаллар, Қуръон тиловати, қилинган садақа каби савобли ишлар нур бўлади. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам қабрга чироқ ёқадиганларни лаънатлаганлар. Билимсиз кишилар қабрларга сажда қиладилар, тавоф қиладилар остонасини ўпадилар бу ишлар шаръан ножоиз ҳисобланади. Шариатимиз қабрларни эҳтиром қилишда бу каби йўл тутишдан қайтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кейинчалик умматлари шу ишларга қўл уришини билиб бундан қайтарганлар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишдан олдинги бетобликларида: “Аллоҳ таоло пайғамбарларининг қабрларини саждагоҳ қилиб олган яҳудий ва насороларни лаънатлади”, дедилар.
- Мақбара олдида жонлиқ сўйиш, таом пишириш ва тановул қилиш, мусиқа эшитиш, ухлаб дам олиш мумкин эмас.
- Зиёрат ниҳоясида қабристон ёки зиёратгоҳдан оҳиста чиқилади.
Қабрларга таъзим қилиш, у ерга турли чиқиндиларни қолдириб кетиш мумкин эмас.
Қабристонга зиёратга келган киши ўтганларнинг ҳақларига Аллоҳдан мағфират сўраб дуо қилмоғи лозим. Қабр ичида ётганларнинг ҳолати ва вақти келиб ўзининг ҳам олдида турган охират сафари борасида тафаккур қилмоғи даркор. Аллоҳ таоло ўтганларимизни ўз раҳматига олсин!
Абдурауф ЁРБЕКОВ,
Ховос тумани «Абу Ҳанифа»
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Мирзиёев: «Афғон халқи уруш ва муҳтожликдан чарчади»
Тошкент шаҳрида ташкиллаштирилган Афғонистон масаласига бағишлаган халқаро конференцияда нутқ сўзлаётган Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев афғон халқи уруш ва муҳтожликдан чарчагани ҳақида гапириб ўтди.
«Энг ёмони Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, «бой берилган авлод» эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низога чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади», деб нутқини давом эттирди президент.
Анжуманда иштирок этаётган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, президент қатъий равишда афғон халқида ўз фарзандлари ва келажак авлодларининг бахт-саодати йўлида янги, тинч ҳаётни бошлаш ва барпо этиш учун куч-ғайрат, донишмандлик, мардлик ва матонат етарли эканини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев бугунги анжуманда иштирок этаётган давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар бу жафокаш мамлакатдаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашишда муҳим роль ўйнашга қодир эканини яна бир бор эслатиб ўтди.
Манба: https://kun.uz