muslim.uz
Остонада XIV Жаҳон ислом иқтисодий форуми ўтказилади
“Остона” халқаро молия маркази ва Жаҳон ислом иқтисодий форуми (ЖИИФ) XIV Жаҳон ислом иқтисодий форумини 2018 йилнинг 4 июль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказиш бўйича келишув имзоладилар.
“Жаҳон ислом иқтисодий форуми 2006 йилда Малайзия ҳукумати кўмагида ташкил этилган эди. ЖИИФ асосан Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва Европа мамлакатлари вакиллари ўртасида ўзаро иш бирлиги масалалари, шунингдек, ислом молиялаштириш тизимини қўллаган ҳолда тадбиркорлик ва инвестициялаш фаолияти учун қўшимча имкониятларни яратиш бўйича мулоқот майдони ҳисобланади”, дейилади ЖИИФ матбуот маркази берган хабарда.
Айтилишича, ислом молиялаштириш халқаро бозори 2 триллион АҚШ долларини ташкил этади. XIV ЖИИФнинг Остонада ўтказилиши МДҲ, Ғарбий ва Марказий Осиё давлатлари учун манфаатли бўлиши кутилмоқда. Тадбирда мингдан зиёд юқори мартабали меҳмонлар ташриф этиши кутилмоқда.
ЎМИ Матбуот хизмати
Online: Қуръон мусобақаси (Тошкент шаҳри)
Ўзбекистон Қуръон мусобақасининг Тошкент шаҳри босқичи бугун пойтахтимиздаги “Наврўз” шодиёналар кошонасида бўлиб ўтмоқда. Анжуманга 4000 дан ортиқ аёл-қизлар ташриф буюрди. Бу Ислом динига, Қуръон илмига қаратилган юксак эътибор самарасидир.
Кошона ичкарисига сиғмай қолган меҳмонлар учун алоҳида шароитлар яратилиб, гиламлар солинди. Уларнинг ушбу гўзал мусобақадан чиройли таассуротлар билан кетишлари мақсадида имкон қадар қулайликлар яратиб берилди.
Мусобақа иштирокчилари жами 15 аёл-қиздан:
ҳифз йўналишида 18 дан 25 ёшгача бўлган аёл-қизлардан – 2;
ҳифз йўналишида 26 дан 40 ёшгача бўлган аёл-қизлардан – 2;
тиловат йўналишида 18 дан 25 ёшгача беллашувда – 6;
тиловат йўналишида 26 дан 40 ёшгача бўлган беллашувда 5 иштирокчи куч синашмоқда.
Muslim.uz сайти ушбу мусобақа жараёнидан хабарлар, лавҳалар бериб боради.
Гулбаҳор АБДУЛЛОҲ
ЎМИ Матбуот хизмати
Мирзиёев Имом Бухорий асарлари бўйича ўқув дастурлар ва қўлланмалар ишлаб чиқиш топшириғини берди
Улуғ мутафаккир, ҳадис илмининг султони Имом Бухорий мажмуаси зиёрати чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу масканни замон талабларига мос реконструкция қилиш ҳамда унинг атрофида сайёҳлар учун барча хизмат турларини қамраб олувчи меҳмонхона ва инфратузилма объектлари қуриш лойиҳалари билан танишиб, уларни сифатли амалга ошириш учун мутасаддиларга топшириқлар берди.
- Буюк алломаларимизнинг ислом маданиятини равнақ топтиришга қўшган бетакрор ҳиссаси тўғрисида сўз кетганда, энг аввало, ҳақли равишда мусулмон оламида “муҳаддислар султони” дея улкан шуҳрат қозонган Имом Бухорий бобомизнинг муборак номи тилга олинади, - деди Президент.
Маълумки, зиёратгоҳга туташ ҳудудда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бунёд этилмоқда.
- Бу мажмуа нафақат мамлакатимиз халқи, балки бутун ислом дунёси учун қадрли ҳисобланади, - деди Президент.
ЎзА хабарига кўра, марказнинг маънавий-маърифий ишини ташкил қилиш, унинг илмий-назарий концепциясини яратиш ва ана шу асосда ўқув дастурлари ва қўлланмалар ишлаб чиқиш, Имом Бухорий асарлари тадқиқотига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
Қалблар ҳам обод этилди
Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик, ҳамжиҳатлик ва кўтаринки руҳда ўтмоқда. Хусусан, Қашқадарё вилоятида ҳам юртдошларимиз эрта тонгдан ҳашарга отланиб боғ ва хиёбонлар, кўча ва гузарлар, маҳаллалар, қадамжолар, қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга киришдилар.
Ушбу хайрли тадбирга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Чироқчи туманидаги “Ал-Бурҳониддин”, Шаҳрисабз туманидаги “Саъд ибн Абу Ваққос” жоме масжидлари имом-хатиблари ҳамда масжид ҳодимлари ёлғиз кексалар, ногиронлар, кам таъминланган оилалар, меҳрибонлик уйларига бориб кўнгилларни ҳушнуд этдилар. Жами тўрт миллионга яқин моддий-маънавий ёрдам кўрсатилди.
Ҳашар баҳона нафақат кўча, ён-атрофлар кўркамлашиб, янада гўзал қиёфа касб этди, балки одамлар орасида оқибат ришталари мустаҳкамланди, қалблар обод этилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
281 зиёратгоҳ ва қабристон тозаланади
Наврўз байрами олдидан ўтказилаётган умумхалқ ҳайрия ҳашарида андижонликлар ҳам фаол иштирок этаётир. Ариқ ва зовурлар, кўча, хиёбонлар, қабристонлар тозаланиб, дов-дарахтларга шакл берилмоқда, дею хабар бермоқда ЎзА.
– Маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган умумхалқ ҳайрия ҳашари вилоятимизда уюшқоқлик билан ўтмоқда, – дейди “Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди Андижон вилоят бўлими раиси Улуғбек Абдуллаев. – Икки кун давомида кенг кўламли ободонлаштиририш ишлари амалга оширилади, зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланади, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилади. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларларга моддий ёрдам кўрсатилади.
“Маҳалла” ҳайрия жамоат фонди вилоят бўлимидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ҳашарда 1 миллион 22 минг нафардан зиёд киши иштирок этди, 2 минг 575 гектардан зиёд ер майдони ободонлаштирилди, 1 минг 300 километрга яқин ариқлар тозаланди, чиқиндилар чиқариб ташланди, бу ишларни бажариш учун 500 яқин техника воситалари жалб этилди. Бундан ташқари, 281 зиёратгоҳ ва қабристон тозаланади. Вилоят бўйича 479 оиланинг 8 минг 809 квадрат метр ҳажмдаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирлаб берилади.
Хайрия ҳашари уюшқоқлик билан давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати