muslim.uz

muslim.uz

Ҳурматли Қуръон мухлислари, мана бир неча ойдан буён мамлакатимизда Қуръон мусобақаси шукуҳи ҳукм сурмоқда. Юртимизнинг деярли барча вилоятларида туман ва вилоят босқичлари ўтказилди. Энди навбат Тошкент шаҳрида жойлашган таълим муассасаларига келди. Жорий йилнинг 16 март куни Тошкент ислом университетида Қуръон мусобақасининг университет босқичи ўтказилади. Биринчи ўринни қўлга киритганлар Республика босқичига йўл олади. Қуръон зиёфатига, Қуръон мусобақасига марҳабо, азиз юртдошлар!

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

ЎзА хабарига кўра, шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўмон Султонлигининг Мерос ва маданият вазири Саййид Ҳайсам бин Тариқ ал-Саъид ҳамда Вақф ва дин ишлари вазири Шайх Абдулла бин Муҳаммад бин Абдулла ас-Салимий иштирок этди. Улар институтда яратилган кенг имкониятлар, музей, иш хоналари, қўлёзмалар сақланаётган кутубхона, лаборатория билан танишди. Иш жараёнларини кузатди.

Меҳмонлар нодир манбалар, тошбосма китоблар, миниатюралар, хаттотлик намуналари, тарихий ҳужжатлар коллекцияларининг энг яхши намуналари жой олган кўргазмани кўздан кечирди.

Мазкур институт биноси 2009 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўмон Султонлигига ташрифи чоғида икки давлат ўртасидаги имзоланган битимга биноан ушбу давлат иштирокида бунёд этилди.

Бино уч қаватли. Кираверишдаги ички марказий атриумнинг баландлиги 16 метрни ташкил этади. Марказий залга кирган одам унинг дизайнидан ўрта асрларнинг йирик намояндалари – ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Абу Райҳон Берунийни ёдга олади.

Институтдаги 26 минг қўлёзма ва 40 мингга яқин тошбосма тўпламлари ноёб манба ҳисобланади. Уларнинг "ёши" асрлар билан ўлчанади.

Янги бинода “Ёзма ёдгорликларни тадқиқ этишнинг долзарб вазифалари ва замонавий услублари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлди. Турли давлатлардан келган олимларнинг илм-фан тарихи, бугуни ва истиқболига оид маърузалари тингланди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Muslim.uz порталининг “Фототанқид” лойиҳаси кўплаб мухлисларимизнинг эътирофига сазовор бўлмоқда. Ушбу лойиҳани давом эттириш мақсадида навбатдаги манзил томон йўл олдик. Манзилимиз – азим пойтахтимизнинг кўркига кўрк бағишлаб, кўҳна Шошнинг шонли тарихидан садо бериб турган, Муқимий, Фурқат, Хислат, Олтинхон Тўра, Зиёвуддин ибн эшон Бобохон каби машҳур алломаларни тарбиялаган “Кўкалдош” мадрасасидир. 

 

 

Фотомухбиримизнинг объетив нишони мадраса атрофидаги ҳолатга қаратилди. Суратлардан аёнки ушбу ўрта махсус ислом билим юрти Чорсу бозори яқинида жойлашгани сабабли унинг ён атрофида доимий равишда ёйма сотувчиларнинг бўлиши, тирикчилик учун ишлаётган кишиларнинг савдони амалга оширгач, ортидан улкан чиқинди уюмларини қолдириб кетаётгани кўнгилни хира қилади. 

Илм-маърифат маскани бўлган ва Тошкент шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳларнинг асосий саёҳат қиладиган жойи шунчалик ифлослантирилса, бошқа ҳудудлардан нимани кутиш мумкин? Улар фақат ва фақат сайёҳларни қўрқитишга ва уларда салбий фикрнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмайди, деб ким кафолат беради?! 

 

 

Кўкалдош мадрасаси тарихий бинода жойлашгани унга бўлган қизиқишни оширади. Бироқ мажмуага кириш йўлагининг ноқулайлиги, сайёҳлар автобусининг тўхташ жойи, машиналар қўйиш учун жойларнинг мавжуд эмаслиги, чиқиндилар уюмининг кўплиги, мадрасага олиб борадиган йўл кўрсатгичларининг ўрнатилмаганлиги келиб-кетувчи зиёртчиларда ижобий тасаввур қолдирмаётгани аниқ ҳолат. Мадраса яқинидаги автобус бекатидаги тирбандлик эса ёзнинг жазирма иссиқ кунларида айниқса, ҳудуд ҳавосининг ифлосланишига сабаб бўлмоқда. 

Хулоса қилиб айтганда маданий мерос объектларини ҳимоя қилиш, уларни келажак авлодга етказиш учун ҳар биримиз масъул эканмиз, бу ҳолатга қайси мутасадди ташкилот жавоб беради? Биз шу ташкилотдан яқин кунлар ичида амалий чоралар кўришларини кутиб қоламиз.

 Эътиборсиз бўлмайлик, азиз ҳамшаҳарлар!

 

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Ҳиндистоннинг Андра Прадеш штатидаги Бҳимаварам шаҳрида Қуръонни ёд олиш бўйича ўтказилган мусабақада 4 яшар Муҳаммад Омина ғолиб чиқиб 15 минг рупи мукофот пулига эга бўлди. Бу ҳақда “thehansindia.com” нашри хабар берди. 

Қуръон тадқиқотлари Бирлашган форуми феврал ойида 12 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида Қуръон мусобақасини уюштирган эди. 

Иккинчи мусобақада Муҳаммад Омина “А” тоифасида (3-4 ёшлилар ўртасидаги) беллашувда ғолиб деб топилгани қайд этилган. 

Жамоати Исломий Ҳинд (ЖМҲ) партиясининг Бҳимаварамдаги бўлими бош қароргоҳида партиянинг шаҳар қўмитаси президенти Шайх Имтиёз Оминанинг ота-онасига 15 минг рупи мукофот пули чекини тантанали равишда топширди. 

Тадбирда чиқиш қилган Шайх Имтиёз Бирлашган форум Қуръони Каримни болаларга тарғиб қилиш мақсадида кўп йиллардан бери мусобақа уюштириб келаётганини таъкидлади 

ЎМИ Матбуот хизмати

Аввалроқ, Буюк Британияда мусулмонларга қарши таҳдид хатлари тарқала бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу хатларда 3 апрель куни мусулмонларга таҳдид қилишга чақирилган эди. 

Лондон шаҳри мэри Содиқ Хон ўзининг “Твиттер” ижтимоий тармоғидаги саҳифасига таҳдидли хатлар келиб туришини айтиб ўтган. 

“Бу хабарлар менга асло ҳалақит қилмайди. Ўзимни қурбон сифатида кўрсатиб ёки бошқаларни раҳмини келтириш учун мен бу хатларни ошкор этмайман”, деган Содиқ Хон. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар

Top