muslim.uz
Online: Қуръон мусобақаси. (Тошкент вилояти Бўка тумани)
Эртага Қуръон мусобақаси Тошкент вилоятида
Азиз Қуръон мухлислари эртага, 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида қорилар мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Пойтахт вилоятида Қуръон мусобақасини катта байрам қилиб ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.
Бу ҳудудда тириклик чоғида ҳикматга тўла сўзлари ила кишиларни энг тўғри йўлга бошлаб, ўзидан кейин ўчмас из қолдириб кетган зотлар кўп бўлган. Уларнинг ортидан эргашган инсонлар ҳеч қачон адашмаган ва адашмайди ҳам. Мана шундай зотлардан бири Сулаймон Боқирғонийнинг шогирди ва издоши Занги ота Ҳимматий ҳазратларидир. Занги ота Ҳимматий камтарона ҳаёт кечирган бўлса-да, кўп одамларнинг ҳидоят топишида, маънан юксалишида ва ахлоқий камолга етишида буюк хизматлар қилиб ўтган зотдирлар.
Тошкент вилояти яна кўп машҳур алломаларга бешик бўлган замин ҳисобланади. Бўстонлиқ тумани, Боғистон қишлоғидаги Шайх Умар Боғистоний ҳам мўътабар шахслардан бўлган. Ушбу улуғ зотни Баҳоуддин Нақшбанд ҳам ҳурмат қилгани тарихий манбаларда қайд этилган. Булардан ташқари “Шомилқори авлиё”, “Заркент ота”, “Шоабдумалик бобо”, “Хожакорсоз ота”, “Адҳам саҳоба”, “Саид ота“ ва “Бобо Мочин” каби ўнлаб авлиё зотлар ушбу табаррук заминда яшаб ўтганлар.
Мана шундай улуғ зотлар ҳоқи поки қўним топган табаррук масканларда эртадан бошлаб уч кун давомида Қуръони карим оятлари янграйди. Ҳақиқатан Қуръон тиловати билан маҳалла-гузарларимиз, хонадонларимизга файз кирмоқда, умримиз, ҳаётимиз баракали бўлмоқда.
Муҳтарам дўстлар, эртага 10 февраль куни Тошкент вилояти Бўка туманида, 11 февраль куни Чирчиқ шаҳрида, 12 февраль куни Зангиота туманида бўладиган қорилар мусобақасига марҳабо!
Бизнинг muslim.uz портали орқали мусобақани жонли кузатинг.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотирасига эҳтиром
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ташриф буюрди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, деди Шавкат Мирзиёев. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.
Дарҳақиқат, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади.
У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган.
Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган.
Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди, деди Президентимиз. Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган.
У кишининг дунё мусулмонлари ўртасидаги обрў-эътибори жуда баланд эди. Бу улуғ ватандошимиз Бутундунё мутафаккир уламолари йиғинининг Ижроия қўмитаси аъзоси, Бутунжаҳон мусулмон уламолари халқаро уюшмаси, Бутундунё Ислом уюшмаси каби нуфузли ташкилотларнинг, Иордания қироллик академиясининг ҳам аъзоси эди. У киши миср Араб Республикасининг “Нил лаври” олтин нишонига сазовор бўлганди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, замонавий Ўзбекистон тарихида исломий илмлар бўйича ҳеч ким бу даражада юксак мавқега кўтарилмаган.
Бу улуғ аллома турли диний-маърифий мавзуларда 100 дан зиёд китоблар ёзган. Шайх ҳазратларининг ҳикматга тўла сўзлари, суҳбатлари, радио ва телевидение, матбуот саҳифаларидаги доимий чиқишлари, кўплаб китоблари, жумладан, аудиокитоблари орқали юртимиздаги ҳар бир хонадонга кириб борган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ўзининг илми, сўзи ва ибратли амаллари билан она Ватанга, динимиз равнақига чин дилдан ҳалол хизмат қилиш бўйича катта бир мактаб яратиб кетдилар, десак, тўғри бўлади. У кишининг илм ва ҳаёт йўли, бой меросини ўрганиш ва халқимизга етказиш – барчамизнинг бурчимиздир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади.
Манба: http://www.prezident.uz