muslim.uz

muslim.uz

“Абражул Байт” – Саудия Арабистонининг муқаддас Макка шаҳридаги муборак “Масжидул Ҳаром” масжиди ёнида барпо этилган бино бўлиб, у баландлиги бўйича дунёдаги энг баланд бинолардан биридир.

Ушбу бинодаги соат (Makkah Royal Clock Tower) ҳам жаҳондаги энг йирик (оғирлиги 21 тонна) соат бўлиб, унинг диаметри 40 метр, дақиқа кўрсаткичининг узунлиги 22 метр, соат кўрсаткичи 17 метр. Мазкур соатни кундуз куни 12 чақирим, тунда эса 17 чақирим масофадан ҳам кўриш мумкин. Соат ҳар намоз вақти кирганда бонг уради.  

Суриялик Шади Эйд соат атрофида акс эттирилган хаттотлик намуналари муаллифидир. Шоди Ийд мазкур хаттотлик ишларини уч ойда якунлаган.

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади

Жиззах ва Сирдарё вилоятларида давом этаётган Қуръони карим мусобақасининг ҳудудий босқичи энг қизғин жараёнларга кириб бормоқда. Ушбу икки заминнинг хушсурат, хушовоз, овозлари кишини ўзига ром этадиган, ёқимли қироатга эга қориларнинг чиқишлари ҳали олдинда.
Зеро, Қуръони карим Аллоҳ таолонинг Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали нозил қилган каломидир. Ҳар бир мусулмон унинг ҳайбатини қалбда ҳис қилиб, ҳурматини ўз ўрнига қўйиши лозим. Уламоларимиз оят ва ҳадисларга асосланиб, Қуръон ўқиш, тажвид қоидаларига риоя қилиш, тинглаш ва унга амал қилиш кўп фазилатли ва савобли эканини таъкидлашган. Аллоҳ таоло бу борада Ўзининг каломида шундай марҳамат қилган: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз!”.
Шундай экан бизни кузатишда давом этинг, ушбу икки вилоятдаги Қуръони карим қироатларини жонли тинглаб, руҳингизга қувват беринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 15 декабрдаги ПҚ-3433-сонли “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан Ўзбекистон Ислом академияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бугун, 16 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида Адлия вазирлигининг Жамоат, нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармаси вакили муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларига ва Ислом академияси ректори, академик Неъматулла Иброҳимовга Ислом академияси давлат рўйхатига олингани тўғрисидаги гувоҳномани топширди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган ушбу Академия ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ва уч йиллик докторантура фаолият юритиши мўмин-мусулмонларимиз учун жуда катта туҳфа бўлганини таъкидладилар.
Ушбу Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий-педагог кадрлар тайёрланиши юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишини асосий омил эканини билдирдилар.
Академия Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасасидир. Унинг асосий мақсадлари – республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш ҳамда тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, қуръоншунослик, тафсир ва фикҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Академия Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг бой илмий меросини, Ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган жаҳон алломаларининг асарларини ўрганиш, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, дин ниқоби остида ҳаракат қилаётган турли оқим ва йўналишларнинг бузғунчи ғояларига қарши илмий раддиялар тайёрлаш ва бошқа бир қатор муҳим вазифалар билан ҳам шуғулланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top