muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 05 حزيران/يونيو 2017 00:00

Таровеҳ – истироҳат намози

Аксаран воқеа-ҳодисаларнинг,таъриф-тавсифларнинг ва шуларга ўхшаш нарсаларнинг асл моҳиятини дарҳол англай олмади одам. Уларнинг ҳақиқатини  англаш учун  эса ўша воқеа-ҳодисаларнинг иштирокчиси бўлиш керак. Мана, масалан, таровеҳ намозининг таърифига эътибор қилинг. “Рамазонда бедор бўлиб ўқиладиган намоз «таровеҳ» деб аталади. «Таровеҳ» роҳат-истироҳат маъносидадир. Чунки, мазкур намоз истироҳат ҳисобланади, ҳар тўрт ракъатни ўқиб бўлгандан кейин истироҳат олинади.

Бу таърифни ўқиган одам бедор бўлиб ўқилган намоз қанақасига роҳат бўлиши мумкин? деб ўйлайди. Ҳар тўрт ракатда истироҳат олинади, деганда бир оз муддат нафасни ростлаб, дам олинади. Лекин умумий маънода одам уйқудан қоляпти-ку, деган фикрга келиши мумкин.

Ана шу кайфиятдаги одам таровеҳ намозига қатнашса, хатмул Қуръонни тинглаб кўнгли юмшаса, томирларида оқаётган қонига ажиб бир оҳанг қўшилиб оқа бошлаганини сезса ҳақиқий роҳат-фароғатни қалбан ҳис қилса, ана ўшанда бу таърифнинг тўғри эканига амин бўлади.

Бугун пойтахтимиздаги “Новза” жоме масжидида айнан шу мавзуда суҳбат бўлди.

الأحد, 04 حزيران/يونيو 2017 00:00

Кеча ичидаги намоз

Миллатимиз қуёши ҳазрат Навоийнинг “Муножот”ида “Парвардигоро, менинг гуноҳларим жуда ҳам кўп. Аммо Сенинг раҳм-шафқатинг ундан-да кўпдир” мазмунидаги илтижоси бор.

Ҳақиқатан, Аллоҳ таолонинг биз бандаларига меҳрибончилигини қарангки, айни жазирма иссиқ бўладиган июнь ойида рўзадор бандаларини ва уларнинг шарофати ила рўза тутмаганларни ҳам шундай ажойиб ҳаво билан сийлаб турибди. Юртдошларимиз  “Тошкент мўъжизаси”, деб  таърифлаётган “Ислом  ота” масжидида таровеҳ намози ўқилмоқда. Фарғона йўли ҳозирги кенгайтирилган ҳолида бир тарафдан “Электроаппарт” заводи атрофигача, иккинчи томондан “Фарғона” деҳқон бозорига қадар машина билан тўлган.

Қориларнинг ширали овози тун пардасини ёриб атрофдаги маҳаллаларга таралади. Бундай ажойиб қироатни тинглаган кишилар маст бўлади. Кўнгиллари кўтарилиб, кўзларига ёш қалқади. Қалбининг туб-тубидан Аллоҳ таолога бўлган ҳақиқий муҳаббатини ҳис қилади. Шундай шукуҳли кунларга етказганига, қалбига иймон нурини жойлаганига шукр қилади.

Ана шундай файзли дамларда масжидда, намозхонлар сафида бўлиш қандай буюк саодат. Зотан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда “Фарзлардан кейинги энг афзал намоз кеча ичидаги намоздир”, дейилган (Имом Аҳмад ривояти).

Кеча ичида фарздан кейинги энг афзал намозни ўқисангиз, яна катта жамоатнинг ичида бўлсангиз, бундан ортиқ бахт борми!..

 

 

 

 

 

 

الأحد, 04 حزيران/يونيو 2017 00:00

Рамазон ойида бўлган тарихий воқеалар

Рамазон ойида жуда катта тарихий воқеалар содир бўлган.  Бу воқеалар Ислом динининг нималарга қодир эканлигини кўрсатади. Бу ўринда ўша муҳим воқеаларнинг баъзиларини санаб ўтмоқчимиз:

  • Милодий 610 йили, ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга қирқ ёшларида Рамазоннинг Қадр кечасида Макка яқинидаги Ҳиро ғорида илк ваҳий – Қуръони каримнинг Алақ сурасидан дастлабки беш оят нозил бўлди.
  • Рамазон шарифда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга мабъус (пайғамбарлик) мақоми берилди.
  • Буюк Бадр ғазоти. Бу ғазот Исломда “фурқон”, яъни, “Ҳақ билан ботилни айиргувчи” деб номланади. Бу уруш мусулмонларнинг устунлиги билан ҳижратнинг иккинчи йили 17-рамазон, жума кунида содир бўлган. Исломнинг ашаддий душмани бўлган Абу Жаҳл шу урушда ҳалок бўлган.
  • Ҳижрий 2 йили Рамазон рўзасини тутиш ва закот бериш фарз қилинди.
  • Макка фатҳи. Ҳижратнинг саккизинчи йили Рамазон ойининг 10-куни Макка озод этилди. Бутпарастликка чек қўйилди. Каъбадаги бутларнинг барчаси ер билан яксон этилди.
  • Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам то Рамазон ойи тугагунигача кечалари ҳазрати Жаброил алайҳиссалом билан учрашиб, Қуръони каримни тиловат қилиб берар, шу тарзда ўзларини имтиҳон қилдирар эдилар.
  • Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Табук ғазотининг бир қисми бўлиб ўтди.
  • Ҳижратнинг тўққизинчи йили Рамазон ойида Тоифдаги Соқиф қабиласи Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб Исломга кирганини эълон қилди.
  • Ҳижратнинг ўнинчи йили Рамазон ойида Яманга Ислом кенг кўламда кириб келди.
  • Испаниянинг фатҳи. Ҳижратнинг тўқсон иккинчи йили Рамазон ойининг 28-куни (милодий 711 йили июль ойининг 19 куни) Ториқ ибн Зиёд раҳбарлигидаги шиддатли урушда кофирлар раҳбари бўлган Рузрик устидан ғалаба қозонилди. Сўнгра Куртаба, Ғурната ва Испаниянинг пойтахти бўлган Тулайтилия фатҳ этилди.

Манбалар асосида

Мунира АБУБАКИРОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси

Мақолалар

Top