www.muslimuz

www.muslimuz

الإثنين, 20 آب/أغسطس 2018 00:00

Арафот дуолари

Зулҳижжа ойининг 9-куни Арафа куни бўлиб, бунда қилинадиган амаллар, тутиладиган рўза ва айтиладиган зикру тасбеҳлар бошқа вақтдагидан кўра фазилатлироқ саналади. Ўтган уламолар эҳтиёжлари учун қиладиган дуоларини арафа кунига сақлаб қўйишар эди.

Юртимиз ҳожилари ана шундай муборак кунларда дуолар қабул бўладиган маскан – Арафот тоғида туриб дуолар қилмоқдалар. Аллоҳ ҳатто фаришталарга Арафотда турган бандалари билан мақтанади. Ҳақ таоло ҳожиларимизнинг устларига раҳмат ва мағфиратини ёғдирсин. Қилаётган дуои хайрларини ўз даргоҳида ҳусни мақбул этсин.

 

Арафотда ўқиладиган дуо. Арафот майдонида ўқиладиган энг афзал дуо – тавҳид дуосидир. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мен ва мендан олдинги пайғамбарларнинг Арафот майдонида қилган энг кўп дуолари:

“Лаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу, лаа шарийка лаҳ. Лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду биядиҳил хойру ва ҳува ъалаа кулли шайъин қодийр”, дир.

Маъноси: Ягона Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Унинг шериги йўқ. Мулк ҳам, барча мақтовлар ҳам Унга хосдир. Барча яхшиликлар Унинг қўлидадир. У ҳар бир нарсага қодирдир.

 

Арафотда қилинган дуо мақбул ва афзалдир. Шу боис, бу майдонда дуони имкон қадар кўпайтириш лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Арафотда қуйидаги дуони кўп ўқиганлар: “Аллоҳумма, ижъал фии қолбий нурон, ва фий содрий нурон, ва фий самъий нурон, ва фий басорий нурон. Аллоҳумма, ишроҳ лий содрий ва йассир лий амрий ва аъуузу бика мин васваасис-содри ва шатаатил-амри ва фитнатил-қобри. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин шарри маа йалижу фил-лайли ва шарри маа йалижу фин-наҳаари ва шарри маа таҳуббу биҳир рийаааҳу ва шарри бавоиқид даҳр”

Маъноси: Аллоҳим! Қалбимни, кўксимни, қулоқларимни ва кўзларимни нурга тўлдир. Аллоҳим! Қалбимни очгин, ҳар ишимни осон қилгин. Аллоҳим! Сендан кўксимдаги васвасалардан, ишларимнинг парокандалигидан, қабр фитнасидан паноҳ сўрайман. Аллоҳим, тунда ва кундузи бўладиган нарсаларнинг ёмонлигидан, устидан шамол эсган нарсаларнинг ёмонлигидан, замона ҳалокатининг ёмонлигидан Ўзингдан паноҳ сўрайман.

 

Арафотда пешин вақти кирганда пешин билан аср намозини жам қилиб ўқилади. Ушбу икки намоздан кейин нафл намоз ўқиш макруҳдир, шунинг учун намоздан фориғ бўлгач, зикр, тиловат, дуо ва бошқа турли ибодатлар билан машғул бўлиб, ушбу дуо ўқилади: Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Иннал хойра хойрул аахиро. Аллоҳумма, лаа ъийша иллаа ъийшал-аахиро. Аллоҳумма, иҳдиний бил ҳудаа ва наққиний бит-туқоо вағфир лий фил-аахироти вал уулаа”.

Маъноси: Лаббай Аллоҳим, лаббай! Ҳақиқий яхшилик охират яхшилигидир. Ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Аллоҳим! Ҳидоятинг билан мени ҳидоятга йўллагин, тақво билан поклагин, дунёю охиратда мағфират қилгин.

 

Арафотда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом вақтида қуйидаги дуони ўқиганлар:

“Аллоҳумма, лакал ҳамду каллазий тақулу ва хойрон миммаа нақулу. Аллоҳумма, лака солаатий ва нусукий ва маҳйаая ва мамаатий, ва илайка маабий, ва лака туроосий. Аллоҳумма, инний аъуузу бика мин ъазаабил-қобри ва васвасатис-содри ва шатаатил-амри”.

Маъноси: Аллоҳим! Сенга Ўзинг айтганингдек, биз айтгандан яхшироқ ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳим! Ўқиган намозларим, қурбонлигу ҳаж амалларим, ҳаётиму мамотим Сен учундир, қайтишим ҳам, меросим ҳам Сенгадир. Аллоҳим! қабр азобидан, кўксимдаги васвасалардан, ишларнинг парокандалигидан паноҳ беришингни сўрайман.

 

Арафотдан қайтишда талбия (Лаббайкаллоҳумма, лаббайк! Лаббайка, лаа шарийка лака лаббайк! Иннал ҳамда ван-неъмата лака вал мулк, лаа шарийка лак!) ва истиғфор (Астағфируллоҳ) айтилади ҳамда қуйидаги дуони ўқиш лозим:

“Аллоҳумма, илайка афазту ва мин ъазаабика ашфақту, ва илайка роғибту ва минка роҳибту, фақбал нусукий ва ъаззим ажрий варҳам тадорруъий вақбал тавбатий, вастажиб дуъааий ва аътиний суълий, йаа арҳамар рооҳимийн”.

Маъноси: Аллоҳим! Ҳузурингга келдим, азобингдан қўрқдим, Сен томон рағбат қилдим, ғазабингдан қўрқдим. Ҳаж амалларимни қабул айлагин. Ажримни улкан қилгин. Тавбамни қабул этгин. Тазарруъларимга раҳм қилгин. Дуоимни қабул, муродимни ҳосил қилгин, Ё меҳрибонлар меҳрибони!

ЎМИ матбуот хизмати 

 
 

Бизнинг миллий ва диний қадрятларимиз кўрсатмасига биноан инсон тозалик, озодалик ва покизаликка алоҳида эътибор қаратиши лозим. Имом Муслим Абу Молик Ашъарийдан қилган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик имоннинг ярмидир”, деганлар. Мусулмон инсон атроф-муҳит озодалигига алоҳида эътибор қаратади. Покизалик мусулмон инсоннинг шиори ҳисобланиши керак.

Атроф-муҳитнинг озодалиги жамиятга баҳо беради. Мусулмон инсон нафақат ўзининг покизалигига, балки хонадони, маҳалласи ва ватанининг тозалиги учун ҳаракат қилиши керак. Айрим ҳолатларда чиройли кийимда бўлган инсонлар тозаликка эътибор бермаслиги ажабланарли туйилади. Мошинада кетаётган бўлса ҳар хил чиқиндиларни улоқтириб кетади. Кўчада ахлат ташлаш учун қўйилган махсус идишларга ахлат ташлаш ўрнига юрган йўлига ташлаб кетади. Автобус чипталарини ҳам бекатларга қўйилган махсус идишларга ташлашмайди. Бу каби ишлар мусулмон кишининг одоб-ахлоқ доирасидаги ишлар эмас!

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Учта лаънатловчидан – сув бошига, йўлга ва сояга қазои ҳожат қилишдан сақланинглар”, дедилар (Абу Довуд ривояти). Яъни бирон инсон сув боши, йўл ва соя жойга ҳожат чиқарса одамларга озор бериб уларнинг кўнглини оғритган бўлади. Натижада барча уни лаънатлайди. Чунки ҳадисда саналган уч жой барчанинг эҳтиёжи тушгани учун ҳаммага тегишли экани англанилади. Бу ҳадисни шарҳлаган уламоларимиз лаънатга қолиш учун ҳадисда саналган уч жойга ҳожат чиқариш шарт эмас. Балки шу каби жойларни ифлос қилиб ахлат ва чиқиндилар ташлаши ҳам лаънатга қолиши учун етарли бўлади, деганлар.

Атроф-муҳит тозалиги учун барчамиз масъул бўламиз. Шу сабабдан ҳар ким имкониятидан келиб чиқиб ободлик учун ўз ҳиссасини қўшиши керак. Кўчаларда инсонларга зарари тегиши мумкин бўлган тош, чиқинди, дарахт шохлари каби нарсаларни бир четган олиб қўйишимизга Аллоҳ таоло тарафидан савоб берилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (имон шохининг) энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш”, дедилар.

Хулоса қилиб айтганда, инсон ўзи яшайдиган жамиятнинг аъзоси ҳисобланади. Ҳар бир инсон ўз жамиятига манфаат келтиришга масъул.  Ватанимизнинг ҳар бир ерини покиза ва озода сақлашимиз керак. Фарзандларимизга ҳам уй ва кўча озодалиги ва покизалиги ҳақида кенг тушинчалар беришимиз бизнинг вазифамиз. Атроф-муҳитимизнинг тозалиги ўзимизга бериладиган баҳо ҳисобланади.

 

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Ҳошимов Ойбек

Мана, ҳаж амалларини бажаришга шай турган юртдошларимиз учун энг ҳаяжонли ва масъулиятли дамлар ҳам яқинлашмоқда.

Эртадан бошлаб, улар муборак ҳаж ибодатини адо этишга киришадилар. Зиёратчиларимиз, дастлаб, Мино водийсида, сўнгра, Арафот майдонида, ундан кейин эса Муздалифа кенгликларида бўлишади.

Айни дамда ишчи гуруҳи аъзолари томонидан табаррук жойлар яна бир карра кўздан кечирилмоқда. Эътиборли жиҳати, Мино водийсида барча шароитлар муҳайё қилинган. Жумладан, чодирлар ичига юмшоқ гиламлар тўшалиб, иссиқ ҳаво ҳароратини салқинлатиб турувчи замонавий совутгичлар ўрнатилган. Шунингдек, йўлакларда чиқинди идишлари ва иссиқ-совуқ сувларга мўлжалланган идишлар қўйилди. Қолаверса, таҳоратхоналарда мунтазам иссиқ ва совуқ сув таъминоти жорий этилди. Ўз навбатида, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чора-тадбирлари кўрилди. Қуйидаги суратлар орқали зиёратчиларимиз учун ҳозирланган шарт-шароитларни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

السبت, 18 آب/أغسطس 2018 00:00

Пок жойда барака бор

Жорий йилнинг 18 август  куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Муборак Қурбон ҳайити ҳамда Республикамиз Мустақиллигининг 27 йиллик байрамини нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш ва уни кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида ҳамда юртимизда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида билим юрти мударрис, ишчи-ходимлари ва талабалари иштирокида умумхалқ хайрия  хашари ўтказилди.

Талабалар мударрислар бошчилигида билим юртининг ички ва ташқи ҳудудида супуриш, тозалаш ва ободонлаштириш ишларини олиб бордилар.

Дарс хоналари, йўлаклар, таҳоратхона ва билим юртининг ички ҳовлиси тозаланди. Ҳовлидаги гулхонага экилган гулларга ишлов берилиб, бегона ўтлар олиб ташланди, дарахтлар ва йўлакларнинг четки қисмлари оқланди.

Шунингдек, атроф маиший чиқиндилардан тозаланди. Жумладан, мадраса биносининг олди ва ёнидан ўтган пиёдалар йўлаги  супурилди, ариқлар тозаланди. Атроф бегона ўтлардан тозаланди, боғнинг ён қисмидаги ўсган бегона ўтлар ўрилди. Билим юртининг ён қисмига гул кўчатлари экилди. Билим юртининг ҳовли қисмига ва олди кириш қисмига гул туваклар олиб келиниб манзарали гул кўчатлари экилди.

 “Назарбек” талабалар турар жойида ҳам барча ҳодимлар ва талабалар иштирокида ҳашар ўтказилди. Ётоқхона биносининг ички ва ташқи қисмлари, намозхона, каридорлар ва барча хоналар тозаланди, каридорнинг гиламлари ювилди, ўриндиқлар лак билан бўялди. Ҳовли атрофи, бинонинг орқа қисмлари маиший чиқиндилардан тозаланди. Ҳовлидаги гулхоналарга экилган манзарали гулларга ишлов берилиб ўғитлар солинди.

 Ҳашарда билим юрти мударрис, ишчи-ходимлар ва талабалар фаол иштирок этдилар.

“Кўкалдош” ўрта махсус

ислом билим юрти мудир муовини А.Ғаниев

17 август куни Макка шаҳридаги муҳташам “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасида ҳаж амалларини адо этишга ҳозирлик кўраётган юртдошларимизнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари билан якуний учрашувлари бўлиб ўтди.


Шу кунга қадар Мадинаи мунавварадан навбати билан Маккаи мукаррамага етиб келган 7200 нафар зиёратчи билан ўн маротаба суҳбатлар ўтказилди. Ушбу учрашувда муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳалар қаторида муборак ҳаж сафарини намунали ўтказиш борасида бир қатор хайрли ислоҳотлар амалга оширилаётганини сўзлаб, жумладан, бу йилги ҳаж сафарига келган юртдошларимиз навбат билан эмас, балки суҳбатлар асосида ҳаж сафарига танлаб олинганини алоҳида таъкидладилар ҳамда қуйидаги панду насиҳатларни қилдилар:
– Ҳар биримиз, аввало, Мадинаи мунаввара зиёратини адо этдик, у ерда Равзаи муборакда намоз ўқидик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саломларни етказдик, Уҳуд тоғи, “Қиблатайн” ва “Қубо” масжидларини зиёрат этдик. Кейин эса умра амалларини жуда ҳам чиройли ҳолатда бажардик.


Энди олдимизда ҳаж ибодатини адо қилиш вазифаси турибди. Дуоларимиз ижобат бўлиб, умра амалларини осон адо этганимиз каби ҳаж ибодатини ҳам енгил, нуқсонсиз ва мукаммал бажаришимизни Парвардигоримиздан дуо қилиб сўраймиз. Ўз навбатида, ҳаж амалларининг фазилатларини билиб олиш лозим. Айниқса, Байтуллоҳни тавоф қилишда “Ҳажарул асвад” ва “Рукнул ямоний” ўртасидаги дуонинг фазилати, ушбу икки рукн орасида фаришталар жам бўлиб, ҳожиларнинг дуоларига “омин” деб туришларини англаш керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қачонки, Байтуллоҳнинг ичига кирганларида ёки хатимга кириб намоз ўқиганларида доимо умматнинг саодатини сўраб, Ҳақ таолога илтижо қилганларини мушоҳада қилиш зарур.


Эртадан кейин эҳром боғлаб, ният ила ҳаж амалларини бажаришга киришамиз. Мино, Арафот, Муздалифа ва Жамарот майдонларида ҳаж рукнларини адо этамиз. Ўзбекистонлик ҳожиларга шундай шароитлар муҳайё қилинганки, улар ҳеч нарсага чалғимайди, фақат ибодат қилади, ибодатнинг лаззатини ҳис этади, иншоаллоҳ.


Йиғилишда тиббиёт гуруҳи раҳбари Алишер Саатов эса зиёратчилар диққат қилиши лозим бўлган тиббий масалалар ва саломатликларини сақлаш йўлида амал қилиши лозим бўлган тавсияларни билдирди.
Якунда Қуръони карим оятларидан тиловат қилиниб, муфтий ҳазратлари томонларидан, аввало, муҳтарам Президентимиз, она-Ватанимиз, халқимиз ҳаққига, шунингдек, барча мутасадди кишилар, ишчи гуруҳлари, элликбошилар, шифокорлар, ошпазлар, зиёратчилар ва саудиялик ҳамкорларимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.



Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top