Мақолалар

Ростгўйлик ­­жамият равнақи!

Ростгўйлик жамият равнақи ва шахслар ўртасидаги ишончнинг бардавом ва барқарор бўлишига кафил бўладиган сифатлардан бири. Шунинг учун фазилатларнинг асоси ва миллат тараққиётининг белгиси, деб эътибор қилинади. Агар бу сифат йўқолса, ўрнига ишончсизлик келади ва ҳамжиҳатлик йўқолади. Ростгўйлик жамиятдаги энг зарур омиллардандир. Зеро, ундан кўп хайрли ишлар ҳосил бўлади. У билан ҳақ-ҳуқуқлари қайтарилади. Ростгўйлик орқали одамлар ўртасида ишонч ҳосил бўлади. Шунинг учун Қуръонда мўминлар бу сифатни хулқ қилиб олишга даъват қилиб айтилади:

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонда) содиқ кишилар билан бирга бўлингиз!” (Тавба, 119).

“Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз!” (Аҳзоб, 70).

Ҳадисда шундай дейилади: “Тўғрилик, ростгўйлик яхшиликка олиб келади. Яхшилик эса жаннатга олиб келади”.

Жунайд Боғдодий ростгўйлик борасида шундай деган: “Ростгўй инсон 40 йил бир ҳолатда бўлади. Риёкор эса бир кунда 40 марта ўзгаради”.

Тарихий асарларда ёзишларича, халифа Мустаршид ўз ўғлига ёзган васиятномасида шундай деган: “Эй фарзанд, агар ҳамма халқ сендан қўрқишини хоҳласанг, зинҳор ёлғон сўзлама, чунки ёлғончи киши беҳайбат бўлади. Агар минг қилич уни ҳимоя қилса, яъни минг киши ўткир тиғ ва шону шавкат ва азамати учун тутиб турсалар ва лекин унинг забони шамширида ростгўйлик жавҳари бўлмаса, халойиқ назарида ҳеч ҳайбати ва салобати бўлмас”.

Юқоридаги гаплардан хулоса қилиб, омма халқимизни ростгўйликка чақирамиз ва Аллоҳдан бу борада тавфиқ ва офият сўраймиз!

 

Муҳаммадий Эргашев,

 “Аҳмаджон қори” жоме масжид имоми

манба: nasihat.uz

Read 3266 times

Мақолалар

Top