Мақолалар

Инсон қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин

Мамлакатимизда Қурбон ҳайити катта байрам сифатида нишонланмоқда. Жойларда сайиллар ташкил қилиниб, беморлар, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни йўқлаш каби эзгу ишлар давом этмоқда. Қурбон ҳайити муносабати билан дам олиш кунлари белгиланганлиги юртдошларимизни беҳад мамнун қилди. 

 

– Саксон ёшни қоралаяпман, – дейди Марҳамат туманидаги Етти Ўқчи маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тоштемир ота Қаюмов. – Кеча Қурбон ҳайити намозини ўқидик. Масжидда намозхонларга яратилган шароитларни кўриб, беихтиёр кўзимга ёш келди. Хаёлимда ҳайит намозлари ўқилиши таъқиқланган собиқ шўро давридаги одамларнинг саргардон бўлган йиллари гавдаланди. Адашмасам, 1984 йилнинг декабри эди. Одамлар ҳайит намозини ўқиш учун “Миришкор ота қабристони” этагида жойлашган масжидга ошиқарди. Мен ҳам ўғилларим ҳамроҳлигида ўша масжидга бордим. Масжид атрофи одамлар билан тўла, милиция ходимлари ҳеч кимни ичкарига қўймаётган эди. Бот-бот “Ҳайит намози ўқилмайди, уй-уйларингга тарқалинглар!”, деган буйруқ берилади. Одамлар ортга чекинмас, дақиқа сари кўпайишда давом этарди. Барибир рухсат берилмади. Шунда қишлоқ оқсоқоллари маслаҳатлашиб, намозни масжид ёнидаги далада ўқиймиз дейишди. Ўшанда икки минг чоғли одам ҳайит намозини ёмғир остида ўқидик.

 

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, бугун ибодат қилишимиз учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Масжидларимизда зарур шароитлар яратилган. Бу албатта, истиқлол шарофатидан. Илоҳим, тинч-осойишта, инсонлар қадри улуғланаётган юртимизга кўз тегмасин.

 

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА

Read 3553 times

Мақолалар

Top