Ибратли ҳикоялар

Қайтар дунё (ибратли ҳикоя)

Қадим замонда донишмандлиги билан юксак обрў-эътибор қозонган киши бор эди. У барчага меҳрибон, тўғри йўл кўрсатувчи, ҳамдард ва ҳамсуҳбат эди.

Бир куни донишманднинг ҳузурига сув сотувчи ғамгин ҳолда келди. Унинг маҳзунлигини кўрган донишманд:

– Болам, бирор мусибатинг борми? – деб сўради.

– Йўқ, ...аммо... қандай айтишни билмай турибман – деб жавоб берди сув сотувчи.

– Гапиравер, уялма, дардингни айт, – деди донишманд куйиниб.

– Кечирасиз, деб гап бошлади сотувчи минг хижолат ила. Сизнинг фарзандингиз бугун олтинчи мешимни жуволдиз (бигиз) билан тешди. Биласиз, фақир одамман, нима қилишни билмай қолдим. Янгисини олишга пулим ҳам қолмади.

Донишманд:

– Хафа бўлма, болам, бир чорасини топаман. Ҳозирча мана бу пулни олиб, бошқа меш сотиб ол, – деди.

Ота “нега фарзандим бундай ишга қўл урди?” деган саволнинг жавобини ўйлаб ўйига ета олмади. Шундан сўнг, аёлига бўлган воқеани айтиб:

– Қандай қилиб ўғлимиз бу хунук ишга қўл урди. Хатоимни ҳеч ўйлаб топа олмадим. Сен ҳам яхшилаб ўйлаб кўр, – деди.

Орадан бироз вақт ўтиб, аёли:

– Эсимга тушди, – деди ҳаяжонланиб. Ўғлимизга ҳомиладор бўлганимда меҳмонга борган эдим. Дастурхондаги апелсинга кўзим тушиб, жуда ҳам егим келди. Бироқ дастурхонга қўл узатишга тортиндим. Катта ёшдаги қария онахонларнинг: “Ҳомиладор аёлнинг кўнгли бирор нарсани тусаганда ундан тотиб кўрмаса, туғилажак фарзандига салбий таъсир кўрсатади”, дейишгани ёдимга тушди. Боламизга путур етишидан қўрқиб, мезбондан сув сўрадим. Сув олиб келишга чиқиб кетганида, ёқамдаги тўғноғични олиб, апелсинга тиқиб яладим.

Донишманд:

– Тез бориб уй эгасидан узр сўра, – деди.

– Уларга нима дейман? Шу арзимаган иш учун ҳам узр сўраш шартми? – деди аёли эътироз билдириб.

– Хонадан аҳлидан розилик сўра. Фарзандимиз олти ёшга тўлди. Ўша воқеадан олти йил ўтиб, тўғноғичинг ўғлимиз қўлида бигиз бўлди. Сенинг қилган ишинг давом этмоқда. Кейин кеч бўлмасин, – деди донишманд.                                                                      

Ўрол ТУРОБОВ,     

Бахмал туманидаги “Лаби-ҳовуз” жоме масжиди имом-хатиби

Read 7364 times

Мақолалар

Top