Мақолалар

Белорусь Республикасида Ислом дини

Майдони: 207, 6 минг км.кв (Дунёда 84 ўринни эгаллайди).

Аҳолиси: 9, 498, 000 киши (Дунёда 92 ўринни эгаллайди).

Пойтахти: Минск.

Давлат тили: белорус ва рус тили.

Йирик шаҳарлари: Минск, Гомель, Могилёв, Бобруйск, Гродно, Брест. 

Пул бирлиги: Белорусь рубли.

Жойлашуви. Белоруссия – Европа марказидаги давлат. Шарқий Европа текислигининг ғарбида жойлашган. Мамлакат 6 вилоят, 118 туман, 102 шаҳар ва 109 шаҳарчадан ташкил топган.

Тарихи. Мил. 1-минг йиллик 2-ярмида Белорусь ҳудудида уч славян қабилалари: кривичи, дреговичи ва радимичилар уюшмаси вужудга келди. Кейинчалик, улар ўрнига князликлар ташкил топди. X аср охиридан князликлар Киев Руси таркибига кирди. XIII аср 2-ярмида Россиянинг ғарбий чеккаларига Буюк Литва князлиги ҳужум қилди. Мамлакатдаги парокандалик ва татар-мўғулларнинг ҳамлалари шароитида бу князлик Ғарбий рус ерларини осонликча забт этди. Шу пайтдан бошлаб бу ерлар “Белая Русь” (“Оқ Русь”) деб юритиладиган бўлди (белорус атамаси шундан келиб чиқди).

1991 йил 19 сентябрьдан мамлакат Белорусь Республикаси деб атала бошлади. 1991 йил декабрдан МДҲ таркибида. 1945 йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатлари 1993 йил январда ўрнатилган. 3 июль мустақиллик куни миллий байрам сифатида кенг нишонланади.    

Иқтисоди. Белорусь кўп тармоқли қишлоқ хўжалиги ривожланган индустриал давлат. Машинасозлик, кимё, нефть кимёси, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати равнақ топган. Қишлоқ хўжалигида картошка ва зиғир толаси етиштириш, сут-гўшт чорвачилиги, паррандачилик йўлга қўйилган. Миллий даромадининг 20 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги улушига тўғри келади. Мамлакат ўз-ўзини озиқ-овқат маҳсулотлари билан деярли тўлиқ таъминлайди. Жами истеъмолнинг атиги 10 фоизга яқинини импорт ташкил этади.

Иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида 2008-2017 йилларга мўлжалланган шартнома ҳамда Беларусь Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида иқтисодий ҳамкорлик Дастури имзоланган.

 

Таълим ва маданият. Белоруссия, информатика ва радиоэлектроника, иқтисодиёт, технология, аграр, техника, педагогика каби университет ҳамда политехника, санъат, мусиқа академияларида олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Белоруссия миллий фанлар академияси мамлакатнинг энг йирик илмий маркази ҳисобланади. Белоруссияда ўндан зиёд давлат нашриёти, 1400га яқин турли мулкчилик шаклидаги субъект ва тадбиркор ноширлик фаолияти билан шуғулланади.

Шунингдек, давлат рўйҳатидан ўтган диний ташкилотлар катта ёшдаги ва болаларга диний таълим бериш мақсадида ўқув курсларини ташкил этиш ҳуқуқига эга. Бунда диний ташкилотлар ўзларига тегишли бўлган иншоотлардан фойдаланишга ҳақли. Давлат таълим муассасаларининг биноларидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.     

Дини. Мамлакатда насронийлик дини кенг тарқалган. Беларус аҳолисининг 90 фоизини православ ва католиклар ташкил этади. Шунингдек, яҳудийлик ҳамда Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони йил сайин ортиб бормоқда.

Белоруссияга Ислом дини XIV- XVI асрлардан кириб кела бошлади. Кейинчалик, Литва князлиги томонидан мамлакат чегарасини ҳимоя қилишга Олтин Ўрда ва Қрим татар мусулмонларининг ёлланиши натижасида Ислом динига эътиқод қилувчиларнинг сони ортиб борди.   

Аҳолини рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Белоруссияда 100 мингга яқин Ислом динига эътиқод қилувчи мусулмонлар истиқомат қилмоқда. Эътиқод эркинлиги Конституция ҳамда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун билан муҳофаза қилинади. Конституциянинг 31-моддасига кўра, ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқига эга.

“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 13-14-моддаларида “Давлат ўзга дин вакиллари ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Улар билан маънавий-маданий алоқаларни яхшилаш, ривожлантиришни таъминлайди”, дейилади.   

Белоруссия ҳудудида илк масжидлар XV-XVI асрларда пайдо бўлган. Кейинчалик 1994 йил Слоним, 1996 йил Смилович каби вилоятларда масжидлар қад кўтарди. 1997 йил татар миллатининг Белоруссияга кўчиб келганининг 600 йиллиги муносабати билан Новогрудокда янги масжиднинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ҳозирда Ивье, Смиловичи, Новогрудок, Ловчицы, Слоним, Ошмяны, Молодечно, Брест, Могилёв, Гомель номидаги 11 та масжид мусулмонларнинг ибодатларини адо этишларига хизмат қилмоқда.

1994 йил белорус ва рус мусулмонлари йиғилиши бўлиб ўтди. Шундан сўнг, мусулмонларнинг илк диний жамиятлари ташкил этила бошланди. 2002 йилнинг ўрталарига келиб уларнинг сони 27тага етди. Белоруссия мусулмонлари бирлашмасига 2005 йилга қадар Исмоил Александрович раҳбарлик қилди. Ҳозирда муфтий Абу Бакр Шабанович бирлашмани бошқармоқда.

2016 йил мамлакат пойтахти Минск шаҳрида Туркия ва Белоруссия давлати раҳбарлари иштирокида 2014 йили таъмирланиши бошланган масжид мусулмонлар учун фойдаланишга топширилди. “Ушбу масжид мамлакатимиз мусулмонлари учун муҳим маънавий-маърифий маркази бўлиб, Ислом дини асосларини тарқатишга хизмат қилади”, деди Белоруссия Президенти Александр Лукашенко.

Масжид 1,5 минг намозхонни сиғдира олади. У кутубхона, қадимги қўлёзма ва манбалар музейи, 120 кишилик мажлислар зали, иккита ўқув хонаси, таҳоратхонадан ташкил топган. Масжидда ҳафтада бир маротаба аёллар, ёшлар ҳамда эркаклар учун алоҳида белгиланган кунларда Ислом таълимотлари бўйича машғулотлар олиб борилади.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

ЎМИ матбуот хизмати

Read 4203 times

Мақолалар

Top