Мақолалар

Уламолар мисоли юлдузлардир, уларга эргашганлар ҳидоят топқусидирлар

Одам фарзандини илм ва амал билан фазилатли қилган, илм берилганларни даражаларини кўтарган ва уларга охиратда зафарни ваъда қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. “Илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслимага фарздир”- деб марҳамат қилган саййидимиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га, аҳли оилаларига, ҳидоят юлдузлари бўлган саҳобаларга, шариат пешволари ва уламоларга чексиз саловоту саломлар бўлсин.

Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки  фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Ислом динида мавжуд.

Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган.

Ким Ислом динининг илмга муносабатини билмоқчи бўлса Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан илмга тегишли оят ва ҳадисларни ўргансин. Ким Ислом динининг илмга муносабатини билмоқчи бўлса, тарихга назар солсин, Ислом динига амал қилинган пайтда ҳар бир мусулмон юртидан кўплаб алломалар чиққанига гувоҳ бўлсин, илм-фан, маданият мислсиз ривожланганини билиб олсин! Бу Ислом динининг илм ва илм аҳлига ғамхўрлиги нишонасидир. Шундай экан, ким илм ва илм аҳлига ҳурмат, эҳтиром, муҳаббат ила муносабатда бўлса, ўз мукофатини дунё ва охиратда олади. Акс ҳолда бундай бахтдан мосиво бўлиб қолиши мумкин.

Ҳозириги кунда турли ижтимоий тармоқларда илм аҳли, уламоларимиз ҳақида тарқаётган турли фикр мулоҳазалар муслмонман деган инсонни қаттиқ ранжитмоқда.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса улуғ насибани олибди”, деганларини эшитдим”, деган эканлар. Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривоят қилишган.  Ушбу ҳадисдаги “Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” дейилган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларидан хулоса олган ҳолда Ушбу муборак зотдан бизга мерос қолган уламоларимиз, олимларимиз, имом-хатибларимиз жамики илм аҳли ҳақида бир фикр ёки бир сўз айтар эканмиз Ҳабибимиз, Расулимиз, суюклигимизнинг юқорида айтиб ўтган сўзларини эслаб қўяйлик. Албатта шунда бизнинг оиламиздан, фарзандларимиздан жаннатда бошларимизга нурдан бўлган тожни кийдирувчи қорилар, олимлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буюк меросхўрлари етишиб чиқади, инша Аллоҳ.

Ижтимоий тармоқларда уламоларимиз ҳақидаги айтилаётган сўзларга ўз муносабатларимизни билдирар эканмиз. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисга эътиборингизни қаратмоқчимиз: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир ҳидоятга чақирса унга ўзига эргашганларнинг ажрларича ажр бўлади. Бу эса, уларнинг ажрларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди. Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди”, дедилар.

Дарҳақиқат, Исломда бардавом савоб етказиб турадиган ишлардан бири илм ҳисобланади. Илм йўлида қилинган амал ҳеч қачон зое кетмайди. Балки бундан ўз эгасига унинг ўлимидан кейин ҳам савоблар етиб туради.

Шу билан бир вақтда, бунинг акси ҳам бўлиши мумкин. “Ким бир залолатга чақирса, унга ўзига эргашганларнинг гуноҳларича гуноҳ бўлади. Бу эса, уларнинг гуноҳларидан ҳеч нарсани ноқис қилмайди”. Бир жоҳил одам кишиларни эалолатга чақирса, улар жоҳилнинг ёмон чақириғи боис адашиб, залолатга кетишлари, гуноҳ қилишлари мумкин. Ана ўшанда залолат даъватчисига одамларни залолатга даъват қилгани учун оладиган гуноҳи устига унинг даъвати ила залолатга кетганларнинг амалига берилган гуноҳларнинг барчаси юкланар экан. Шу билан бирга, ёмон амал қилганларниг гуноҳи камайиб ҳам қолмас экан. Демак, ҳар бир мусулмон илмга эга бўлиб, кишиларни ҳидоятга даъват қилувчи бўлиш учун урунмоғи лозим.

Қолаверса, илм қалбга ҳаёт бахш этади, кўзга нур беради, баданга соғлик келтиради, илм қулларни ҳурлар мақомига олиб чиқади. Подшоҳларга ҳамнишин қилади, дунё ва оҳиратда олийликка етаклайди.

Илм ҳақида тафаккур қилиш Рўза ибодатига тенглаштирилган. Илм амалнинг йўлбошчисидир, илм фақат бахтли кишиларга насиб этади. Бахтсизлар ундан бебаҳрадирлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу: “Уламолар мисоли юлдузлардир, уларга эргашганлар ҳидоят топқусидирлар”, — дедилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни илм аҳлига муҳаббатли қилсин ва ҳидоятдан айирмасин! Амийн!!!

Билим юрти ўқув ишлари бўйича

мудир ўринбосари Рустамжон Маҳмудов

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3412 times

Мақолалар

Top