Мақолалар

Имомга отилган тош иймонга тегади

Минг афсуски, интернет воситаларида имомларга, уламоларга нисбатан ноўрин танқидларга тез-тез гувоҳ бўлиб қоляпмиз. Бу каби ҳолатлар ҳар бир соф табиатли инсонни ташвишга солади. Чунки бу ишлардан кўзланган мақсад имомларга нисбатан халқнинг ишончини йўқотиш ҳамда омма ичида тарафкашлик ва беқарорликни келтириб чиқаришдир. Одамлар орасида эса уларга ишонадиган, гап-сўзларини жон қулоғи билан тинглайдиган, умуман текшириб кўрмасдан қўллаб-қувватлайдиганларнинг борлиги янада ачинарли ҳолатдир.

Аслида бу каби кишилар саодат асри – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонасида ҳам бўлган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар берган:

Агар улар сизларга қўшилиб (жангга) чиққанларида ҳам, сизларга фақат бузғунчиликни зиёда қилиб, ораларингизга (раҳна) солиб, сизларни фитнага дучор қилган бўлур эдилар. Сизларнинг ичингизда эса, уларга қулоқ соладиган (ишонувчи)лар бор. Аллоҳ золимларни билувчидир. (Улар) олдин ҳам фитна қўзғатмоқчи бўлган ва улар ёқтирмаган ҳолларида то ҳақ (ғалаба) келиб, Аллоҳнинг амри (дини) ғолиб бўлгунича ҳам ишларингизни (макр-ҳийла, иғво билан) остин-устун қилган эдилар”. (Тавба сураси, 47-48 оятлар).

Гарчи бу оят Мадина мунофиқлари ҳақида нозил бўлган бўлса-да, лекин бугунги кундаги ҳолатимиз учун ҳам ибрат бўла олади. Чунки Ватанимизда босқичма-босқич – тадрижий давом этиб келаётган ислоҳотлар илдизига бу каби фитналар болта уриши шубҳасиздир. Шунинг учун биз бунчалар содда бўлмаслигимиз, ҳар бир ишда унинг оқибатига, қандай якун топиши мумкинлигига эътибор беришимиз керак.

Айниқса, интернет орқали тарқатилаётган хабарлар қанчалик рост эканини текшириб кўрмай унга ишонишга, бошқаларга ҳам улашишга шошилмайлик. Чунки интернет орқали эълон қилинган айрим хабарларнинг кўп ҳам вақт ўтмай аксинча бўлиб чиқаётгани ҳеч кимга сир эмас. Оғзига кучи етмай ёлғон хабарларни тарқатаётганлар халқни чалғитиш мақсадида ўзларини ватанпарвар, диндор, ва тақводор қилиб кўрсатишади. Лекин улар бу борада динига амал қилишни бир четга суриб қўйиб, ўзларига етиб келган ҳар қандай хабарни уялмай-нетмай тарқатишмоқда. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг ёлғончилигига кифоя қилади”, дедилар. Муслим ривояти.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эшитган нарсасини гапиравериши кишининг гуноҳкор бўлишига кифоя қилади”, дедилар. Абу Довуд ривояти.

Инсон ҳар хил хабарларни эшитади. Уларнинг ичида рости ҳам бўлади, ёлғони ҳам бўлади. Агар текшириб кўрмай, эшитганининг ҳаммасини гапираверса, ёлғон гапларни ҳам гапириб қўйиши эҳтимолдан холи эмасдир.

Интернетга ин қуриб олиб тинмай имомларни муҳокама қилаётганларга келсак, аслида бу ишлари улар жуда ҳам хатарлидир. Чунки илм эгаларини ноўрин ёмон кўриш ва танқид қилиш кишининг имонига салбий таъсир кўрсатади. Хулоса номли фатво китобида шундай дейилган: “Ким бирор олимни бирорта аниқ сабабсиз ёмон кўрса, унга куфр етиш хавфи бор”. Чунки олим кишини диний ёки дунёвий сабабсиз ёмон кўриш шариат илмини ёмон кўриш ҳисобланади. Демак, бу каби ишларнинг имонга салбий таъсир кўрсатиб қўйиши хавф бордир.

Тўғри, биз “барча имомлар мутлақо хато қилмайди” деган даъводан йироқмиз. Чунки улар пайғамбар эмас, улар ҳам сиз ва биз каби хато қилувчи оддий инсонлар. Сиз ҳам гуноҳ ва хатодан холи бўлмаганингиз каби улар ҳам хатодан холи эмаслар. Лекин динимиз нуқтаи назарига кўра хато қилган инсоннинг хатоси афкори оммага олиб чиқиб муҳокама қилинмайди. Аксинча, ўзига алоҳида насиҳат қилинади. Чунки инсонларнинг олдида қилинган насиҳатда таҳқирлаш эҳтимоли кўпроқ бўлиб, пинҳона қилинган насиҳатда бундай ҳунук ҳолатнинг эҳтимоли йўқ. Хусусан, халқ учун пешво бўлган шахсларга нисбатан бу масалада янада эҳтиёткор бўлиш тавсия қилинади. Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ айтган экан: “Кимки ёру-дўстига пинҳона насиҳат қилса, у дўстини зийнатлабди, кимки дўстига ошкора одамлар орасида  насиҳат қилса, уни ҳақоратлабди”.

Аллоҳ таоло барчамизга имон гавҳаримизни асрашни муваффақ қилсин!

Муҳаммадий Эргашев,
Тошкент шаҳар “Аҳмаджон қори” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3757 times

Мақолалар

Top