Мақолалар

Кўнгил ойнасини артиб туринг

Бир оила шаҳар марказидаги кўп қаватли уйларнинг бирига кўчиб келди. Янги хонадон бекаси эрталаб азонда уйғониб, ташқарига боқди. Қараса, қўшни аёл ювилган кирларини дорга ёйиш билан банд.

– Ё тавба, анави аёлнинг кирлари ҳечам “очилмабди”, чала ювганми, дейман, – деди киноя оҳангида. Унинг бу гапларини эшитган эри лом-мим демади.

– Қўшнимнинг совуни сифатли эмасдир. Эҳтимол, кир ювишни билмас. Унга кир ювиш қанақа бўлишини бир ўргатиб қўйсам бўларкан. Шу тариқа ҳар сафар ҳалиги қўшни аёл дорга кир ёйганда, шу суҳбат такрорланаверди, эр эса бепарво. Ажиб ва мунаввар кунлардан бирида аёл дераза оша ташқарига боқди-ю, беихтиёр қичқириб юборди:

– Вой, мана қаранг! Бугун у кирларини топ-тоза қилиб ювибди-ку. Бирорта ғубор кўринмайди-я! Ниҳоят қўшним кир ювишни ўрганиб олибди, қойил!

– Йўғе, – дея сокинлик билан жавоб берибди эри, – мен шунчаки барвақтроқ туриб, дераза ойнасини ювиб-тозалаб қўйдим, холос…

Ҳаётда ҳам худди шундай! Ҳаммаси атрофимиздаги воқеа-ҳодисаларни кўрсатиб турган ўша дераза ойнасига боғлиқ. Аввало, бировларни таҳқирлаш ёки улардан бирор айб топишдан олдин ўзимизнинг кўнгил ойнамизга боқайлик. Дилимизни ҳар қандай чанг ва ғуборлардан тозалайлик. Қачонки, қалб ойнамиз покиза экан, дунё бизлар учун шунчалик ҳикматли кўринаверади. Зеро, иллат излаганга иллатдур дунё.

Интернет сарҳадларидан…

Read 3708 times

Мақолалар

Top