Мақолалар

​Муслима аёлларга тавсиялардан: Доим таҳоратли ҳолда таом пиширинг

Тарбия борасида энг биринчи нарса шуки, қачонки таом пиширсангиз, таҳоратли ҳолда пиширишга ҳаракат қилинг. Агар таҳорат олиш мушкил бўлса, у ҳолда ҳеч бўлмаганда зикрлардан бирортасини ўқиб пиширинг. Тилингиз ила “Субҳаналлоҳ”ни ўқиб олинг, “Алҳамду лиллаҳ”ни ўқиб олинг, “Аллоҳу акбар”ни ўқиб олинг, “Лаа илааҳа иллаллоҳ”ни ўқиб олинг. Бу зикр лафзларини аёл киши ҳар доим пок ҳолатда ҳам, узрли ҳолатда ҳам ўқий олади. Маълумки, аёлга узрли ҳолатда фақат Қуръони карим ва намоз ўқиш каби ибодатлар манъ қилинган. Бошқа барча турдаги зикрларни тили ила ўқий олади. Агар аёл киши таом пишираётиб, Аллоҳ таъолонинг зикрини қилса, албатта, бунинг баракаси бўлади. Агар пок кунларингизда ёд билган сураларингиз бўлса, Қуръони карим ўқишдаги баракалар таомингизга нозил бўлиши учун ўша сураларни ўқинг. Бу саҳобия аёлларнинг розияллоҳу анҳунна амалидир.

Бир саҳобия аёл розияллоҳу анҳо ўша даврдаги тандирда нон ёпдилар.Нонлари пишиб тайёр бўлганда, менинг ноним ҳам пишиб тайёр бўлди ва мен шу орада уч пора Қуръони карим ҳам ўқишга улгурдим деганлар.Маълум бўладики, қанча муддат нон ёпган бўлсалар, тиллари ила Қуръони каримни ҳам ўқийверганлар. Бу саҳобия аёлларнинг розияллоҳу анҳунна суннатидир.Сиз ҳам буни одат қилинг.

Мен бир неча муддат олдин бир хонадонга боришимга тўғри келди.Улар: Ҳазрат! Сизга тақдим қилинаётган бу таом уйимизда пиширилди, уни тайёрлаш мобайнида аёлим йигирма бир маротаба Ёсин сурасини тўлиқ ўқиди дедилар.Жудаям хурсанд бўлдим, бугунги кунимизда ҳам солиҳа аёлларимиз ана шундай таом тайёрлаётиб, тилларидан Қуръони карим тиловати тушмайди......Катта суралар ёд бўлмаса, кичик сураларни ёд билсангиз, ўшаларни ҳам ўқийверинг...Ихлос сурасини ҳар бир мусулмон ёддан билади, шуни ҳам ўқийверинг, шу ҳам кифоя қилади.Агар узрли ҳолатда бўлиб, сураларни ўқий олмасангиз, у ҳолда Аллоҳ таъолонинг зикрини қилиб таъомингизни пиширинг, Cубҳаналлоҳ, Алҳамду лиллаҳ, Аллоҳу акбар ушбу калималарни ўқишлик жуда осондир.Саҳиҳи Бухорийдаги энг сўнги ҳадиси шарифда шундай дейилади: 

كَلِمَتَانِ حَبِيبَتَانِ إِلَى الرَّحْمَنِ ، خَفِيفَتَانِ عَلَى اللِّسَانِ ، ثَقِيلَتَانِ فِى الْمِيزَانِ سُبْحَانَ اللَّهِ وَبِحَمْدِهِ ، سُبْحَانَ اللَّهِ الْعَظِيمِ

“Икки калима борки, Роҳман (Аллоҳ азза ва жалла)га энг маҳбуб, тилга энг енгил (ўқиш жуда осон) ва мезонда оғир келади, (у икки калима) : “субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳ, субҳаналлоҳил аъзийм”дир.
Сиз шу тарзда Қуръони каримни тиловат қилиб ёки зикр қилиб таом пиширсангиз, у таомни эрингиз ёки фарзандингиз еса, уларнинг қалбида ибодат ва яхши ишларга рағбат пайдо бўлади.Гуноҳ ишлардан эса нафрат пайдо бўлади.Биз еган таомимиз, танамизга гўшт бўлиб ўсади.Агар таом Аллоҳ таъолонинг зикри ила пиширилган бўлса, у таом сабабибдан ўсган танамиздаги гўштда Аллоҳ таъолонинг муҳаббати сингиб кетган бўлади. 

(Фарзандлар тарбиясининг энг гўзал услуби китобидан. Урду тилидан: Абдулқайюм Комил таржимаси)

 

ЎМИ Матбуот хизмати

манба

 

Read 14735 times

Мақолалар

Top