Мақолалар

Сафар ойи – яхшилик ойи

Сафар ойи – ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Ҳар доим сафар ойи яқинлашиши билан одамлар орасида турли саволлар кўпая боради. Сафар ойида сафар қилиб бўлмасмиш. Сафар ойида тўй қилиб бўлмасмиш ва ҳоказолар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  инсониятни жаҳолат ботқоғидан халос этиб, улар орасида тарқалган хурофотларни ислоҳ қилиш учун юборилганликлари барчамизга маълум. Илоҳий таълимотда қазою қадарга имон келтириш Ислом динимиз асосларидан биридир.  Шундай экан, инсон бошига тушадиган барча яхшилик ва ёмонликларни ҳам тақдирдан деб билиш, у бандага Аллоҳнинг иродаси билангина етади дейиш энг тўғри йўлдир. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича баён қилинган: “Сизга Аллоҳнинг изнисиз ҳеч бир мусибат етмас. Ким Аллоҳга имон келтирса, У зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир” (Тағобун,11).

Айрим кимсаларнинг ой, кун, жой ва одамлардан шумланиши, улардан ёмон фол очиши уларнинг нодонлигига ва Ислом таълимотидан бехабарлигига далолат қилади. Шумланишлик борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак хадис шарифларида: “Уч нарсадан менинг умматим ҳануз қутула олмайди. Улар: хасад, бадгумонлик ва иримдир. Шу нарсалардан қутулиш йўли шуки, ҳасад қилсангиз зулмга ўтманг. Гумону шубҳа қилсангиз, уни хақиқат ҳисоб қилиб унга асосан иш тутманг. Бирор ирим қилинадиган нарсага дуч келсангиз, Аллоҳга таваккул қилиб, йўлингизда ва ишингизда давом этаверинг!”(Абу Яъло ривояти).  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиздан ривоят қилган ҳадисда жоҳилият ақидасидан огоҳлантириб айтдиларки: “Эътиқод юзасидан бир касалликни иккинчи бир кишига ўтиши қатъий қилинмайди, магар Аллоҳ таоло хоҳласагина ўтади. Шариати исломияда ирим қилиш йўқ, у жоҳилият қолдиқларидан бўлиб, мусулмонлар орасида тарқалган зарарли ақидадир. Вафот этган одамнинг руҳи келиб, турли жониворлар шаклида чирқиллаб туриши ҳам йўқдир. Чунки одамлар ўйлаганидек, бойўғли сайраганида ёки ин қурганда, дарахт қуриб, уйлар вайронага айланмайди, аксинча, бойўғли қуриган дарахтларни ва вайроналарни қидириб топиб, ўша жойларгагина ин қуради. Чунки унинг емиши бўлмиш сичқон ва каламушлар, одатда, худди ана шундай ерларда бўлади. Сафар ойидан ҳам ирим қилиш, шумланиш нотўғри” (Муттафақун алайҳ).

Ҳар вақт ва ҳар бир амалда Аллоҳнинг ўзига таваккул этиш зарур. Зеро, Аллоҳ таоло Қурони каримда бундай марҳамат қилади: “...Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (ҳохлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир” (Талоқ, 3).

Ҳозирги кунда ҳам халқимиз орасида бундай бемаъни фикр ва ирим-сиримлар учраб туради. Масалан, йўлда кетаётган одам олдидан қора мушук ўтиб қолса, бир фалокат юз беради деб тушунади. Кечаси қичқирган хўрозни бехосият деб ҳисоблаб, уни сўйиб юбориш керак деб ўйлайди. Бу ишларнинг нотўғрилигини қуйидаги ҳадис исботлайди: Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вақтики хўроз қичқирганини эшитсангиз, Аллоҳ таолонинг фазлини сўранг, чунки хўроз фариштани кўрганда қичқиради”. Вақтики эшакни ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ тиланг, чунки эшак шайтонни кўрганда ханграйди”, деганлар.

Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланиб қолинмади, балки амалий ва намунали ишлар ҳам қилинди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид ўлароқ бу ой Исломда “Сафарул хайр” (Сафар яхшилик) деб номланди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида иш бошлаб бўлмайди, деган хурофотига зид ўлароқ Исломда кўпгина ишлар айнан сафар ойида бошланди. Масжиди Набавийнинг қурилиши биринчи ҳижрий сананинг айнан сафар ойида бўлди. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида сафарга чиқиб бўлмайди, деган эътиқодига зид ўлароқ мусулмонлар худди бошқа ойлардаги каби бемалол сафарларга чиқдилар. Пайғамбар алайҳиссалом сафар ойида сафарга чиқиб Хайбарни фатҳ қилдилар. Жоҳилият аҳлининг сафар ойида никоҳланиб бўлмайди, деган сафсатасига қарши ўлароқ мусулмонлар бу ойда никоҳларини ўтказдилар. Манбаларда Имом Зуҳрийнинг ривоятлари асосида келтирилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айнан сафар ойида ўз қизлари Фотимаи Заҳрони Али розияллоҳу анҳуга никоҳлаб бердилар. Ўшанда ҳижратнинг иккинчи йили эди. Сафар ойидан шумланишни йиғиштирайлик. Билмаганларга ҳам бу ой тўғрисида ўзимиз билган исломий ҳақиқатни етказайлик.

Алҳосил, халқимиз ичида ҳанузгача бидъат-хурофот ва ирим-сиримга берилиб, сафар ойида қилинадиган хайрли ишларни бошқа ойларга кўчирадиган, бошқаларнинг фикрини чалғитиб соф Ислом таълимотидан йироқлаштириб қўяётган айрим кимсалар юқорида айтилган гаплардан ўзларига тегишли хулоса чиқариб олсалар, айни муддао бўлур эди

Халқимизда “Хайрли амаллар кечиктирилмайди”,  деган ҳикматли ибора бежиз айтилмаган.

Ҳақ таоло ҳаммамизни Ўзининг ҳидоят йўлидан боришимизни, турли бидъат ва хурофотлардан эҳтиёт бўлишимизни, Ўзи рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимизни насиб айласин!

М.ТЎРАҚУЛОВ,

Олтинкўл тумани бош имом-хатиби              

 

 

 

Read 3907 times
Tagged under

Мақолалар

Top