Мақолалар

Боланинг бўш вақти – душманинг иш вақти

 

Фарзанд – улуғ неъмат, дунё ҳаёти зийнати, шунинг баробарида, Аллоҳ таолонинг омонати. Бу неъматга етган ота-она унинг қадрига етмоғи, шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этиб, унга яхши  тарбия бериб вояга етказмоғи лозим.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтдилар: «Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир» (Термизий ривояти).
 Яна бир ҳадисда:

«Ота боласига гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди» (Термизий ривояти) дейилган.    

“Бекордан Худо безор”, дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақгини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир.

Айни кунда кўплаб ёшлар бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўплар янги-янги дўстлар орттириб, узоқдаги “яқин”лари билан мулоқотда бўлмоқда.

Бунинг нимаси ёмон дерсиз? Тўғри, гўёки бунинг ёмон жойи йўқдек. Аммо интернет тармоқларида тарқатилаётган турли маълумотлар, рекламалар борки, улар алдов ва ғаразли мақсадларга йўналтирилган. Жумладан,  жиноий тўдаларнинг айёрона таклифлари ҳам борки, уларга ёшларимиз осонгина ишониб қолмоқда. Улар тақдим этаётган турли сўровнома ва анкеталарни тўлдираётган ёшларимиз уларнинг кимлигини билмай, сўраб-суриштимасдан таклифларига рози бўлаётгани, ўта ташвишлидир.

Нияти бузуқ гуруҳлар мутасаддилари анкетага киритилган маълумотлар орқали жисмонан соғлом, бақувват, қўлидан иш келадиган, энг муҳими, ўзларига маъқул, берилган топшириқни бажара оладиган, ишонувчан ёшларни осонгина аниқлаб, ўз таъсирига туширишга уринмоқда.

Дунёнинг турли жойларида яширин равишда фаолият олиб бораётган турли оқимлар, секталар, жиноий гуруҳлар мавжудки, улар дунёқараши ҳаминқадар, билим ва тушунчаси тор, маънавияти заиф ёшларни, ҳаттоки, ёши катталарни ҳам ўз домига тортмоқда.

 Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Авввало, интернет тармоқларида терроризм ғояларини ёйиш, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Муҳими, ёшларимизнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмаслиги, алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутула олмаймиз.

Таҳлиллар ёшлар орасидаги ҳуқуқбузарликларнинг аксарини бекорчи ёшлар содир этаётганини кўрсатмоқда. Шу боис уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш даркор.          

Ахборот хуружлари кучайиб бораётган бугунги ҳушёрликни унутмайлик. Биринчи Президентимизнинг “Ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш керак”, деган сўзлари бизга дастуриламал бўлсин. Бу борада эътиборсизлик ёки зарур чораларни кўрмаслик ёшларимиз тарбиясининг издан чиқишига, йиллар давомида тузатиб бўлмайдиган оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини унутмаслигимиз керак.

Ёшларимизнинг бирор фойдали фаолият билан шуғулланиши масаласига доимий эътибор қаратишимиз муҳимдир. Хусусан, бу борада кенг жамоатчилик, яъни оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ижобий натижалар беради. Ёшларимизнинг оилада, маҳалла, мактаб, лицей ва коллеждаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, албатта, юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олади.

Тўғри, юртимизда ёшларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Чунки миллатимиз шаънини, миллий ғуруримизни юксалтирувчилар – ёшлардир. Шу боис турли миллат ва элатлар ёшлари каби ўзбек ёшлари ҳам дунё билан мулоқотда бўлиши керак. Бунга ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Лекин айрим ёшлар берилган имкониятлардан унумли фойдаланиш ўрнига, интернетдаги кўнгилочар ўйинлар, танишувлар, ёшлар онгини заҳарловчи сайтларга кириб, у ердаги маълумотлар билан танишмоқдалар. Бунинг оқибатида уларнинг дунёқараши бир томонлама бўлиб қолмоқда.      

Улуғ аждодларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 4 ёшида Фаридиддин Атторнинг «Мантиқут-тайр» асарини ёд деярли ёдлаб олган, буюк муҳаддисимиз Имом Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.
 Беғамлик – лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга, тавозе – лаганбардорликка, андиша – кўрқоқликка, ибо – мутеликка, уялиш – журъатсизликка айланади. Ер бузилса – деҳқон, бола бузилса – ота-она уялади. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса. у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки риёкор бўлади.

 Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига раҳна сола олмайди. Бу жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ,

Янгийўл шаҳар “Жомеъ” масжиди имом-хатиби

Read 4103 times

Мақолалар

Top