Мақолалар

Аксириш ва эснаш ҳақида ажойиб маълумотлар

Аксириш ва эснаш инсонлардан доимо содир бўладиган ишлардир. Лекин, бу икки иш бир-бирига тескаридир. Яъни, инсон аксирганда бутун танаси енгиллашиб тетиклашади ва тоат ибодатларга рағбат юзага келади. Эснаш эса ғафлат ва дангасаликка сабаб бўладиган малолланишдан юзага келади. Шунинг учун аксириш Аллоҳ таолога, эснаш эса, шайтонга нисбат берилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло аксиришни яхши кўради, эснашни эса ёмон кўради. Қачонки, бирор шахс аксирса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, уни эшитган мусулмон зиммасида, унга “Ярҳамукаллоҳ” дейиши ҳақ (шарт) бўлади. Эснаш эса шайтон тарафидан бўлади. Қачонки, бирор кимсага эснаш келса, имкон борича уни қайтарсин. Негаки, инсон қачон эснаса, шайтон кулади, яъни хурсанд бўлади. Шунинг учунки, эснаш ялқовлик ва ғафлат белгисидир. Шайтон эса бу каби ишларни яхши кўради” Имом Бухорий ривояти.

Аксирганда ва эснаганда қандай йўл тутишимиз керак? Буларнинг фойдалари ёки зарарлари борми?

Ҳозирги кун шифокорлари шундай дейишади: “Эснаш мия ва жисмга кислород ва озуқа кераклигининг белгисидир. Шунингдек нафас олиш органлари мия ва танага етарлича кислород етказиб бера олмаётганлигига ҳам далил. Бундай етишмовчилик мудроқ, ҳушдан кетиш пайтида ва ўлим олдидан ҳам содир бўлади”.  

Агар баланд овозда “ҳааҳ” деб эсналганда оғиз очиқ қолса, оғиз бўшлиғи орқали танага турли микроблар, чанглар ва ҳашаротлар кириб кетиши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Акса уриш Аллоҳ таолодан, эснаш эса шайтондандир. Шунинг учун қачон бирортангиз эснаса, қўлини оғзига қўйсин. Агар (эснаган пайтда): “ооҳ, ооҳ” деса, шайтон унинг ичида кулади. Аллоҳ таоло акса уришни яхши кўради, эснашни ёмон кўради”, дедилар”. Термизий ривоят қилган.

Эснаш пайтида чап қўл кафтининг орқаси билан оғизни тўсишнинг бир нечта ҳикматлари бор.

Аввало, бундай қилиш юксак одоб намунасидир. Эсновчи оғзини очган пайтда, ундаги таом қолдиқлари, сўлак, синиқ-қийшиқ тишлар кўриниши, шу билан бирга ёмон ҳид анқиб, атрофдагиларни ноқулай аҳволга солиши мумкин. Қўл билан тўсилганда эса чанг, ҳашарот ва турли микробларнинг оғизга киришининг олди олинади. 

Эснаш чарчаганлик, лоқайдлик, дангасалик аломатидир. Шунинг учун эснаган одам Аллоҳдан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ сўраши керак.

Аксириш эса мутлақо эснашнинг тескарисидир. Аксириш куч билан тўсатдан содир бўлади. Одам аксирган пайтда ўпкасидаги ҳаво зарб билан ташқарига отилади. Чиқиш пайтида йўлдаги чанг, майда заррачалар, микроб ва ҳашаротларни оғиз ва бурун бўшлиғи орқали ташқарига олиб чиқиб кетади.

Аксиришни Аллоҳ таоло яхши кўради. Аксиришнинг инсонга кўплаб фойдалари бор. 

Инсон аксирган пайтда енгиллашади, нафас олиши осонлашади. Танасидаги зарарли микроблар чиқиб кетади. Аксирган инсон роҳатни ҳис этади, эснаган одам эса оғирликни сезади.

Лекин аксириш кучли бўлгани учун уни оғиз ёки рўмолча билан ёпиш керак. Акс ҳолда аксириш чоғида оғиздан сўлак, овқат қолдиқлари ва ҳоказолар отилиб, атрофдагиларга, яқинда турган таомга тегиши мумкин. Бордию аксирувчи киши бемор бўлса, аксирганда, ундаги касаллик микроблари соғлом кишиларга бориб тегиши мумкин. Шунинг учун аксирган киши қўли ёки кийими билан оғзини ёпиши суннат ҳисобланади. Шу билан бирга аксираётганда овозни пасайтириш ҳам лозим. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ،قالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى  اللهُ  عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ إِذَا عَطَسَ وَضَعَ يَدَهُ أَوْ ثَوْبَهُ عَلَى فِيهِ وَ خَفَضَ أَوْغَضَّ بِهَا صَوْتَهُ [شَكَّ الرَّاوِيْ]

. رَواهُ أَبُوداوُدَ وَ التِّرْمِذِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирганларида қўлларини ёки кийимларини оғзиларига қўярдилар ва у билан овозларини пасайтирардилар (Ровий “Хофаза” ва “Ғозза” сўзларида шак қилган)”. Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Ушбу суннатга амал қилиш туфайли аксирган пайтда ёнидаги кишиларга азият беришдан сақланган бўлади.

Шариатимизда аксиргандан кейин Аллоҳга ҳамд айтишга буюрилган. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ ،عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ  قَالَ

إِذَاعَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ :الْحَمْدُ لِلَّهِ وَ ل لْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ :يَرْحَمُكَ  اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ :يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَ يُصْلِحُ بَالَكُمْ

رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “алҳамду лиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ”(Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Аксириш кучи шунчалик каттаки, у шамолдан ҳам тез бўлиб, соатига 160 километр тезликдан ошади.  Шифокорлар айтишича, инсон аксираётган пайтда юрак уриши тўхтаб, яна ишлаб кетар экан. Қолаверса, бундай катта куч билан аксириш чоғида қовурға суякларидан бирортаси синиши ҳеч гап эмас.

Агар акса келган пайтда уни чиқишдан тўсиб, қасддан тўхтатилса, мияда қон қуйилиши содир бўлиб, бу ўлимга олиб келиши мумкин экан.

Агар аксириш пайтида кўзларимизни очиқ ҳолда қолдирсак, улар ўз чаноғидан чиқиб кетиши мумкин.

Шунингдек, аксириш асносида нафас олиш, ҳазм қилиш ва сийдик айириш органлари ҳам ишлашдан тўхтайди. Аксиргандан кейин эса Аллоҳнинг раҳмати билан барча аъзолар ҳеч нарса бўлмагандек ишлаб кетади.

Юракка яна ишлаш қобилиятини ато қилгани, тўхтаган аъзоларга фаолият юритишга из бергани, танага енгиллик ато этгани, ундан турли зарарли зарраларни кетказгани ва кўзларни саломат сақлагани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтилади.

Аксиргандан сўнг Аллоҳга ҳамд айтган кишига “Ярҳамукаллоҳ”, деб айтиш ҳам сунатдир. Буни “Ташмит” дейилади. Ташмит айтиш учун, аксирган одам Аллоҳга ҳамд айтиши керак бўлади. Бу ҳақида ҳадисда шундай дейилган:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضْيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ سَلَّمَ قَالَ:

إِذَاعَطَسَ أَحَدُكُمْ فَلْيَقُلْ:الْحَمْدُ لِلَّهِ وَلْيَقُلْ لَهُ أَخُوهُ أَوْ صَاحِبُهُ :يَرْحَمُكَ اللَّهُ فَإِذَا قَالَ لَه :ُيَرْحَمُكَ اللَّهُ فَلْيَقُلْ :يَهْدِيكُمُ اللَّهُ وَ يُصْلِحُ بَالَكُمْ

 رَوَاهُالْبُخَارِيُّ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз аксирса, “алҳамду лиллаҳ”(Аллоҳга ҳамд бўлсин), деб айтсин. Унинг биродари эса, унга “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин), десин. Биродари унга “ярҳамукаллоҳ”, деб айтса, у “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум”(Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин ва ишларингизни ислоҳ қилсин), деб айтсин”, дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Ҳа, азизлар, динимизда инсонга нима фойдали бўлса, ўша ишга буюрилган, нима зарарли бўлса, ундан қайтарилган. Ушбу мақола орқали аксиришда инсонга қандай фойдалар борлигини, эснашда эса қандай хатарлар борлигини билиб олдик. Ҳар бир ишда бўлганидек, аксириш ва эснаш чоғида ҳам шариатимиз кўрсатмаларига амал қилсак, икки дунёда саодатли бўламиз.

“Аксириш одоблари” номли мақола ва интернет маълумотлари асосида Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 9716 times

Мақолалар

Top