Мақолалар

Сизга  уммат бўлиш – бахт!

Ё Расулуллоҳ! Сизнинг муборак ҳадисларингизни ўқиб, бу хулқи мукаммал зотнинг умматларидан бўлишга лойиқмиканман, деган савол мени қийнайди. Сийратингиз ҳақида мутолаа қилган сайин нима учун ҳазрат Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дунёда Сизнинг баракотли юзингизга қарашдан кўра маҳбуб нарса йўқ деб ҳисоблаганини, ҳазрат Муоз (розияллоҳу анҳу) Сиз билан жаннатда рафиқ бўлишни орзу қилганини, ҳазрат Билол (розияллоҳу анҳу) Сизсиз Мадинада азон айта олмаганини англаб етдим. Сизнинг муборак ўгитларингизни ўқир эканман, каломингизга башариятнинг бирор сўзи тенг келолмаслиги, шу боис унинг ишқида Бухорий бобом жаҳон кезганини тушундим.

Сизнинг зиёратингиз учун қилган сафарим ҳаётимдаги энг бахтли воқеадир. Ҳеч ёдимдан чиқмайди: Масжидингизга кирган заҳоти минглаб йиғлаётган умматларингизни кўриб, мен ҳам ўзимни тутолмадим. Равзангизга яқинлашган сари юрагим ҳаприқиб, бошқа бир дунёга тушиб қолгандек ҳис қилдим ўзимни. Тилимда фақат “Ас-солату вас-саламу алайка ё Расулуллоҳ!” ибораси айланади, холос. Бу не саодатки, Сиз яшаган макон, Сиз ибодат қилган жой, Сизнинг назарингиз тушган ашёларнинг ёнгинасидаман. Дилимдан ўтаётганларни Сизга изҳор этишга муштоқ бўлсам-да, юрак ютиб лом-мим деёлмайман. Йиллар давомида қилган гуноҳларим сабаб қаддим дол, юзим шувут. Сиздек хулқи буюк зот ҳузурида оғиз жуфтлашга нолойиқ биламан ўзимни...

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, мендек ғофил бандасини ҳатто пайғамбарлар орзу қилган мақомга – Сизга уммат бўлишдек бахтга муяссар айлаган. Шунинг ўзи менга тасалли беради. Қалбим Сиз ўргатган муҳаббатга лиммо-лим. Сизни ўзимдан, ота-онамдан, аҳли оиламдан, қўйингки, жами махлуқотдан ортиқ яхши кўраман. Сизга бўлган муҳаббатим янада кучайишини, энг муносиб, суйган умматларингиз қаторида бўлишни сўраб, Аллоҳга илтижо қиламан. 

Обидхон ИКРОМОВ
“Ҳидоят” журналидан

Read 3175 times

Мақолалар

Top