Мақолалар

Аёлнинг нодир ҳуқуқлари

Ўтмишда ҳам, ҳозирда ҳам аёлларнинг Исломдаги ўрни масаласида турли хил фикрлар билдирилган. Ажабланарли томони шундаки, мусулмон аёлларнинг ўзлари ҳам Ислом уларга нақадар қадр-қиммат берганидан кўп ҳолларда бехабардирлар. Шу боис бу нозик масаланинг асосий ҳақиқатларидан бир қисмини эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
1. Албатта, башарият отаси Одамни Аллоҳ яратди ва сукунат топиши учун унинг жуфтини ҳам яратди. Уларнинг орасига муҳабббат ва раҳматни солди.
2. Албатта, аёллар эркакларнинг тенгдошларидир, улар орасида фазл ўлчови Аллоҳга тақво қилиш ва амали солиҳ билан бўлади.
3. Аёл киши, ҳудди эркак кишидек, барча шаръий таклиф ва буйруқларни бажаришга масъулдир. Албатта, қудрати ва табиий имконлари даражасида.
4. Ислом аёлнинг шаънини кўтариш учун келди. Ислом қадимда ва ҳозирда баъзи дин ва тузумларда баён қилинганидек, аёлни камситадиган, эркаклардан пастга қўядиган жоҳилий тасаввурларни инкор этади.
5. Ислом аёл кишининг комил инсон, мустақил шахс эканини эътироф этади, унга мулкка эга бўлиш ҳаққини, ўзи эга бўлган нарсаларни эркинлик билан тасарруф қила олиш, таълим олиш ҳаққини, эътиқод ва ихтиёр эркинлигини, насиҳат ҳаққини, ўз исми, лақаби, отаси ва оиласининг исмини сақлаш ҳаққини беради.
6. Ислом аёл кишига инсоният ҳаёти тараққиётида ижобий ва фаол қатнашиши учун муносиб ўрин берган. Унинг вазифасини насл кўпайтириш ва лаззат талабига боғлаб қўйган эмас.
7. Исломда аёл кишининг ҳаётдаги ўрни эркакнинг ўрнига мувофиқ ва уни тўлдирувчидир. Бу борада ҳеч қандай хусумат, жиддият ёки талашув йўқ.
8. Исломнинг эркак кишини аёл устидан раҳбар қилиб қўйиши эркак зиммасига кўпроқ масъулият юклаш маъносидадир.
9. Ислом аёл кишини она сифатида улуғлаб, оилани ва солиҳ жамиятни барпо этишнинг кўп соҳаларини унга топширди ҳамда жаннатни унинг оёғи остига қўйди. Шунингдек, аёлни хотин сифатида ҳам улуғлади, эркакларнинг энг яхшиси хотинларига кўпроқ яхшилик қилганидир, деди. Эрга хотинининг ҳурматини сақлашни, унга нафақа беришни, ҳожатларига жавоб беришни юклади. Оилада аёлнинг саодати кафолатли бўлишини, қийинчиликлардан ҳимоя қилишни ва хорликдан сақлашни топширди. Ислом аёлни қиз сифатида ҳам улуғлади. Уни яхши тарбиялаш, одобли қилишни ота-онанинг зиммасига юклади ва бу ишни жаннатга киришларига сабаб қилди.
10. Ислом ушбу имтиёзлар муқобили ўлароқ аёлга ҳам эрига, ота-онасига, жамиятига нисбатан бурчлар юклади. Унга осон бўлсин учун эркаклардан талаб қилинган баъзи шаръий таклифларни ундан енгиллатди.
11. Албатта, Аллоҳ аёллардан имонда солиҳа ва тақвода олий даражага етганларини ўрнак қилиб қўйди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ҳамда биби Марямлар шулар жумласидандир.
12. Ислом аёлни она, сингил, қиз ва хотин сифатида эъзозлашни тоат амалларидан бир амал ва жаннатга йўл қилди.
13. Ислом аёлни беҳурмат қилишни, обрўйини тўкишни, йўлдан уришни, уни восита қилиб фитна ва зийнат учун, ахборот воситаларида фисқ йўлида ишлатишни катта жиноят, улкан гуноҳ ҳисоблайди ва буни умматлар ҳамда жамиятлар тубанликка юз тутишининг сабаби деб билади.

Сурайё Зоҳир тайёрлади.

Read 3869 times

Мақолалар

Top