Мақолалар

Чин дўстингиз кимлигини биласизми?

Чин дўстингиз кимлигини биласизми? Ҳа, бу – ота-онадир.

Дунёда ҳамма сендан ўтаман дер экан. Ҳатто энг яқин дўстинг ҳам сендан-да бой бўлиб, сенга ёрдам қўлини чўзишни хоҳлар экан. Нима қилса ҳам, сендан бир поғона юқори бўлишни орзу қилар экан.  

Фақатгина, ҳа, фақатгина ота-онанг сени ўзларидан ҳам юқори мартабаларга эришишингни хоҳлашар экан. Ўзлари кўрмаган кунни сен кўришингни, ўзлари емаган таомни сен ейишингни, ўзлари киймаган либосни сен кийишингни исташар экан. Истаганда ҳам чин кўнгилдан, юрак-юракларидан исташар экан.

Агар фарзанд ноқобил чиқиб, ота-онасини куйдирса, халқдан ота-онасига раҳмат эмас, лаънат олиб берса, шунда ҳам она фарзандидан хафа бўлиб, уни қарғамас экан. “Туғилмай ўл”, деб унга ўлим тиламас экан. Борди-ю, фарзандининг хатолари жуда ҳам жонидан ўтиб кетса, “Сени туғмай мен ўлай” деб ўзини қарғар экан.

Ҳа, бу сўзни фақат ОНА айта олади. Бошқа ҳеч ким айта олмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

وَقَضَى رَبُّكَ أَلاَّ تَعْبُدُواْ إِلاَّ إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَاناً إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلاَهُمَا فَلاَ تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلاَ تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلاً كَرِيماً وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيراً

“Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онага яхшилик қилишнигни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт!” (Бу жумланинг “уфф” сўзига боғлиқ икки хил маъноси бор. Бир маъноси — ота-онага ёмон сўз айтиб, беҳурмат қилма, дегани бўлса, иккинчи маъноси — ота-онанг олдида “уфф” дема, улар болам оғир ҳолга тушибди, деб озорланадилар, деганидир.)

“Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни паслат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин”, деб айт” (Исро сураси, 23-24-оятлар).

Аллоҳим, ота-оналаримизнинг ўтганларини Ўз раҳматингга ол. Борларини Ўз паноҳингда асра. Бизни қанчалар меҳрибонлик ила парваришлаб, тарбия қилган бўлсалар, Сен ҳам уларга раҳм қилгин, омин!!!

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 2812 times

Мақолалар

Top