Мақолалар

Ўзингизга боқмайсизми?

Инсондаги бу гўзал хилқат, ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар ўзича пайдо бўлиб қолмаган. Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг  Яратувчиси, Мусаввири – Аллоҳ таолонинг Ўзидир! Инсоният илм-фанда қанчалик илгарилаб кетмасин, неча-неча кашфиёт ва ихтиролар қилмасин, Аллоҳнинг ҳикмати, мўъжизаси олдида буларнинг ҳаммаси жозибаси, қиммати, аҳамиятини йўқотиб қўяверади.

Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва санъатини қарангки, инсон вужудига юз триллион  дона ҳужайрани жойлаб қўйибди. Энг ҳайратланарлиси, ана шу ҳужайраларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа белгилаб берилган, уларнинг ядросига ДНК молекулалари жойлаб қўйилган. Яна бир ҳайратга солувчи далилга эътибор беринг: ана шу молекулаларнинг ҳар бири бир миллион саҳифага сиғадиган ахборотни ўзига жойлаган. Улар инсон танасидаги модда алмашинуви ва бошқа ҳаётий жараёнларнинг амалга ошуви учун масъулдир. 

Инсон тана аъзоларини, умуман, одам фаолиятини бошқариб турадиган муштдеккина миямизни олиб кўрайлик. Ана шу бир парча  «лиқиллаган модда» минглаб энг «ақлли» техника бажаришга қодир бўлмаган амалларни бир зумда уддалай олади. Ана шу кичкина жисмдаги асаб толалари ер юзидаги телефон симларидан ҳам кўп экан. Мия иссиқликни сезадиган икки юз минг тирик ҳужайра, оғриқни сезадиган 3,5 миллион ҳужайра ва ҳоказолардан  иборат. Бундан ташқари  инсон миясининг ҳар куб сантиметрида 225.000.000 ҳужайра бор. Ваҳоланки, ҳозирги ўта «ақлли» электрон машиналарнинг бир куб см. қисмида 2250 элемент мавжуд. Демак, ҳар қандай электрон «мия» инсон миясидан юз минг марта оддийроқ экан.

Бугунга қадар миядаги ўн тўрт миллиард асаб толасининг атиги беш фоизи, шунда ҳам ҳид, таъм билиш, оғриқ сезиш, очиқиш каби шартли кўникмаларда иштирок этадиган қисмигина ўрганилган. «Инсон ўз фаолияти давомида миясининг 0,5-1,0 фоизини, хотирасининг беш фоизини ишлатишини инобатга олсак, у ҳали очилмаган бир мўъжиза, коинот каби сирли ва мураккаб хилқат эканига ишонамиз» (Морис Бокай, «Қуръон, Таврот, Инжил ва ҳозирги замон», Париж, 1988)

Ёки бу ёруғ оламни илғаш, унга нигоҳ ташлаш воситаси бўлган кўзларимизни олиб кўрайлик. Шундай кичкина аъзоимизнинг тузилишини, унинг ишлашини текширган ҳар бир киши Аллоҳ таолонинг санъатига, ҳикматига  тасанно айтмай иложи йўқ! Кўз ўзидан суюқлик (ёш) чиқариб, ўзини намлаб, ювиб, поклаб, ҳатто бегона жисмларни эритиб туради. Кўз қорасидаги бениҳоя кичик пайлар кўз қорасининг ўртасидан чиқиб, четига тўғри чўзилиб кетган, баъзиси эса халқасимон. Ёруғ оз бўлса, тўғри пайлар йиғилади, натижада кўз қорачиғи кенгайиб, кўзга кўпроқ ёруғлик тушади. Ёруғ кўпайиб кетса, энди халқасимон пайлар йиғилади. Оқибатда, кўз қорачиғи торайиб, ёруғ кам тушади. Кўриш учун ёруғлик кўзга тушиб, ички қаватдаги кўриш пайларига тушиши лозим. Мазкур пайлар ёруғлик таъсирини бир неча ҳисса ошириб беради ва инсон мўлжаллаган нарсасини кўра олади.

Кичкинагина кўздаги аъзолар фаолиятини, жойлашув низомини, ўта нозик ва мураккаб томирча ва пардаларни онанинг қорнига ким жойлаб қўя олади? Албатта, Буюк Холиқимиз Аллоҳ таолонинг илоҳий қудрати бу нозик ишнинг удасидан чиқади.

Бошқа тана аъзоларимизга ҳам бир назар солинг-чи: Ер юзидаги энг турфа ҳидларни бир-бирига аралаштириб юбормай, ажратиб илғай оладиган, ўпкамизга соф ҳавони ҳайдаб берадиган бир парча гўшт – буруннинг хизматини қайси машина ёки асбоб бажаришга қодир? Сон-саноқсиз товуш ва шовқинлардан фақат кераклисини топиб эшитадиган ва бу ҳақда шу заҳотиёқ адашмай хабар берадиган оддийгина қулоқнинг вазифасини яна бошқа нима уддалай олиши мумкин? Ҳеч нарса! Ҳатто ихтирочилар ясаган энг мукаммал эшитиш асбоблари ҳам қулоқ ўрнини босолмайди.

Ёхуд бир «тишламгина гўшт»дан иборат тилингизни олиб кўринг: агар шу тил бўлмаганида турфа ноз-неъматларнинг мазаси ва таъмини била олармидик? Овоз чиқара ёки гапира олармидик? Оғиз бўшлиғи қуриб қолмаслиги учун томоғимизни ҳўллай олармидик? Томоқдан ўтаётган овқатни саралаб, ютиб, ҳазм қилиб олиш учун тилдан ўзга бирор нарса топа олармидик? Йўқ!

Энди бир тасаввур қилиб кўринг: ана шу кўзлар бўлмаса, биз бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидик? Тун ва кунни фарқлай олармидик? Одамларни ажрата олармидик? Ёки бурун ишламай қолса, автомобил ўтхонасидан чиққан бадбўй ис билан мушк-анбарнинг хушбўй ҳидини фарқлай олармидик? Еяётган таомимизнинг ҳидини ҳидлагачгина унинг нечоғли мазали эканини билишга ақлимиз етармиди? Бурундаги қайси нозик «асбоблар» фаранг атири билан сассиқ алафнинг ҳидини аралаштирмай ажратиб беради?

Инсоннинг дам олмай, чарчашдан «нолимай», ўз вазифасини сабот ва содиқлик билан бажарадиган ички аъзоларининг  ишлашига не дейсиз? Кечаю-кундуз тўхтамай, бутун тана аъзоларига тинмай иссиқ қон ҳайдаб, ҳаёт бағишлаб турувчи юракни ким тўхтовсиз ишлатиб қўйган? Еган овқатларимизнинг керакли, фойдали қисмини танага сингдириб, ортиқчасини чиқариб ташлайдиган ошқозон-ичакларимизни ким бошқариб туради? Ўрнини ҳеч нарса босолмайдиган ўпка, жигар, буйрак каби тана аъзоларимиз қайси қонунларга  буйсуниб, бу қадар итоаткорлик билан фаолият кўрсатади?

Иннайкейин, инсон дегани фақат моддий тана аъзоларидан иборат эмас-ку! Ундаги руҳ ва ақлнинг сир-синоатини инсоният ҳали англаб етгани йўқ ва бунга қодир ҳам эмас! Инсондаги руҳий олам, ҳис-туйғулар, фикрлаш, хаёл суриш, туш кўриш имконияти наҳотки ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган бўлса ёки тарбия жараёнида ўргатилган бўлса? Бу оний, ноёб хислатлар Аллоҳнинг ғайбидан, мўъжизасидан бошқа нарса эмас!

Ўзининг бутун турган-битгани – тана аъзоларию ҳис-туйғуларигача, аъзоларининг бекаму-кўст ишлашию жараёнларнинг илоҳий бир низом асосида бир маромда, бузилмай давом этишигача гувоҳ бўлган инсоннинг шундан кейин  қудрати улуғ Холиққа, тенги ва ўхшаши йўқ Мусаввирга, улуғ Яратгувчига тасанно ва ҳамд-сано айтмасдан ўзга иложи қолмайди.«Батаҳқиқ биз инсонни энг яхши суратда яратдик» ("Тийн" сураси, 4-оят).

 Аҳмад МУҲАММАД

Манба: https://azon.uz

Read 3147 times

Мақолалар

Top