Мақолалар

Кўп соҳанинг билимдонлари

Абу Али ибн Синони ҳамма жойда табиб, файласуф сифатида таништирилади ва шундай танилади. У “Китоб ал-қонун фит-тибб”, “Китоб ун-нажот”, “Китоб ул-инсоф”, 22 жилддан иборат “Китобуш-шифо” (“Шифо китоби”), араб тилига оид 10 жилдли “Китоб лисонул-араб” (“Араб тили китоби”), тиббиётга оид назмий услубда “Уржуза” асарини ёзган. Унинг бошқа асарлари ҳам бор.

Аммо негадир олимнинг Қуръони Каримни ёшлигидаёқ ёд олгани, Қуръони Каримга тафсир, ақоид ва фиқҳга оид китоблар ёзганини гапирилмайди.

*****

Абу Райҳон Берунийни астроном, физик, геолог, файласуф, тарихчи, географ дея таништирилади. У Ғазнавийлар шоҳи Маҳмуд Ғазнавийнинг “Ғазна шаҳрида қиблани аниқлаб беринг” деган илтимосига биноан муҳим астрономик-географик асари “Геодезия” (“Турар жойлар орасидаги масофани текшириш учун жойларнинг охирги чегараларини аниқлаш”) китобини ёзади. Мағмуд Ғазнавий билан Ҳиндистонга борган Беруний у ерда санскрит тилини пухта ўрганиб, ҳинд маданияти, адабиёти ва Ҳиндистоннинг ўша давр олимлари билан яқиндан танишади. Кейин “Ҳиндистон” номли машҳур йирик асарини “Ҳиндларнинг ақлга сиғадиган ва сиғмайдиган таълимотларини аниқлаш китоби” номи билан ёзиб тугатади. Турли тошлар, тоғ жинслари ҳақида “Минералогия” ҳамда доривор ўсимликлар ҳақида “Сайдана” асарини битади.

Аммо ҳеч қаерда Берунийнинг шариат илмларининг билимдони бўлганини, ҳатто мерос, фароиз илмини яхши билганини, меросга оид биргина масалани билишга улгурмагани сабабли ўша масалани вафоти олдидан билиб, кейин вафот этганини гапирилмайди.

*****

Муҳаммад ал-Хоразмий алгоритм, арифметика ва алгебрани тузган, ишлаб чиққан, бу соҳада пешқадамлардан бўлиб машҳур “Алжабр вал муқобала” асарини ёзган математик олимдир. Барча технологияларга асос бўлиб хизмат қиладиган фаннинг номи бўлмиш “Алгоритм” сўзи “ал-Хоразм” сўзининг европачалашган кўринишидир. Ғарблик олимлардан бири “Бугун ҳар бир одам уйқудан туриб, қўл телефонининг экранига назар солар экан, технологияларга асос бўлиб хизмат қилувчи алгоритмни тузган Хоразмийга ташаккур айтиши керак” деган гапни айтиб ўтган. Шунингдек, ал-Хоразмий араб рақамлари, саноқ системасига ҳам асос солган.

*****

Аҳмад ал-Фарғоний улуғ математик ва астроном олим бўлиб, унинг энг машҳур астрономик асари “Китоб ал-ҳаракат ас-самовия ва жавомиъ илм ан-нужум”(“Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби”)дир. У Ғарбда “Алфраганус” номи билан танилган. Унинг асарлари узоқ йиллар давомида Европанинг бир қатор ўқув юртларида дарслик қилиб ўқитилган. Машҳур олим Региомонтан ХV асрда Австрия ва Италия университетларида астрономиядан маърузаларни Фарғоний китобларидан ўқиган.

Аббосийлар давридаги Бағдод расадхонаси Ал-Фарғоний раҳбарлигида қурилган. Фарғоний халифа Мутаваккил даврида Нил дарёси суви сатҳини ўлчайдиган янги асбоб “миқёс ан-Нил” нилометрни ишлаб чиқди. Шунингдек, у Сурия шимолида, Синжор саҳросида 832–833 йилларда Тадмур ва ар-Раққа оралиғида ер меридиани бир даражасининг узунлигини ўлчашда иштирок этган.

*****

Юртимиздан чиққан ушбу олимлар ва улардан бошқа алломалар фаннинг турли соҳаларида машҳур бўлишларидан олдин болаликдан диний тарбияни яхши олганлари, диний таълимни пухта ўзлаштирганлари, уларнинг ота-оналари, устозлари фарзанд ва шогирд тарбиясига масъулият билан ёндошганларини унутмайлик.

 

Нозимжон Иминжонов тайёрлади

Read 3092 times

Мақолалар

Top