Мақолалар

Нишонга урилган гаплар: “Қуръон мўминлар учун шифо, тақводорлар учун йўлбошчидир”

Нишонга урилган гаплар: “Қуръон мўминлар учун шифо, тақводорлар учун йўлбошчидир”

 

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар сайтлардан ва ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган.

 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Эй инсонлар! Албатта, бу Қуръон мўминлар учун шифо, тақводорлар учун йўлбошчидир. Ким унинг ҳидояти билан юрса, ҳидоятланади. Ким ундан бурилса, бадбахт бўлиб, балога учрайди”.

*****

Солиҳлар билан дўст бўл. Агар йўқ бўлсанг, сени излашади. Ғафлатда бўлсанг, огоҳлантиришади. Ўзлари учун дуо қилаётганларида сени ҳам унутишмайди. Улар юлдузларга ўхшашади: ҳаёт денгизида сузиб бораётган кеманг йўлдан адашса, тўғри йўлни кўрсатишади.

“Фикр дурдоналари”

*****

Мактабларда аввал ўқиб, кейин имтиҳондан ўтамиз. Аммо ҳаётда аввал имтиҳонлардан ўтиб, кейин дарс оламиз.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Ўлим сенинг истиқоматда бўлишингни кутмайди. Ўзинг истиқоматда бўлиб, ўлимни кутгин.

“Қисқа ҳикматлар”

*****

Кўплаб инсонлар билан шахсий алоқаларимиз бўлмаса-да, уларни яхши кўрамиз. Бунга сабаб уларнинг гўзал ахлоқларидир.

“Ховатир роқия журнали”

*****

Интернет ва бошқа алоқа воситалари сенга узоқни яқин қилади. Лекин эҳтиёт бўлки, сенга жон томирингдан ҳам яқин бўлган Зотдан узоқлаштириб қўймасин!

“Расмли ҳикматлар”

*****

Одамларнинг қалбларида ўзинг учун юқори ўрин берма. Улардан ўзларини сен учун қурбон қилишларини кутма. Сен ўзингга Аллоҳ томонидан буюрилган ишни қилиб, қайтарилган ишлардан қайтсанг, бўлди.

*****

Бир шахсдан қўрқсак, ундан қочамиз. Аллоҳ таолодан қўрқсак, Унга яқинлашамиз. Бир шахсдан нимадир сўрамоқчи бўлсанг, бошингни эгиб сўрайсан. Аллоҳ таолодан нимадир сўрамоқчи бўлсак, бошларимизни самога кўтариб сўраймиз. Ё Аллоҳ, бизни одамлардан беҳожат айлаб, Ўзингдан ўзгага муҳтож қилмагин!

“Расмли ҳикматлар”

*****

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Read 2154 times

Мақолалар

Top