Мақолалар

Фарзанд ота-онага Аллоҳнинг буюк неъматидир

Дарҳақиқат, фарзанд ота-онага Аллоҳнинг буюк неъматидир. Бир парча этлик пайтидан навқирон бир инсон бўлгунча бор меҳрини фидо қилиб улғайтирадилар. Аслида ўшалар эмасми фарзанд йиғлаганда йиғлаган, кулганида кулган, эмакласа орқасидан югурган ва юксалишини туну кун сўраганлар?.  Баъзан бу ҳақиқатлар фарзанд ҳаётида унитилгандек бўлади. Яратган ота-оналарга фарзандларининг меҳрларини солиб қўйганки, хатто қариган чоғларида қўзларидан нур, белларидан мадор кетганида бирор нарсага суянадиган бўлганларида ҳам, ҳассага суянадилар. Аслида фарзанд уларга тиргович, суянчиқ бўлишлари керак эмасми? Улар фарзандларидан кўп нарса умид қилмайдилар. Сўрасалар биргина қуриқ жуссаларини кўришликни тилайдилар холос. Аммо фарзанд бу ҳақиқатни кўпда хис қила олмайди.

Бас, шундай экан ғаниматларимиз бўлган меҳрибон ота-оналаримизни ҳаётлик чоғларида қадрлайлик. Қанча уларга вақт ажратсак, шунча оздир.

Қуръони каримида тартиб рақами 12- бўлган, 111 оятни ташкил этган, битта қиссани аввалидан охиригача, бошқа нарсаларини аралаштирмай ҳикоя қилган ягона сура “Юсуф сураси”дир. Бу сура мусулмонлар нажот излаб, Аллоҳнинг Ўзига илтижо қилишдан бошқа чораси қолмаган, “маҳзунлик йили” деб номланган бир пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ва мусулмонларга улкан тасалли ва буюк дарс сифатидан нозил қилинган. Сураи каримада кўпроқ оилавий муносабатларга эътибор қаратилган.

Улуғ пайғамбар ёш ва гўзал йигит Юсуф алайҳиссалом ўз акаларининг фитнасига учрайди. Акалари уни оталари Яъқуб алайҳиссаломдан қизғониб турли хилалар қилиб кўргани охир оқибат ҳақиқат қарор топганига гувоҳ бўламиз. Мазкур сурада

 فَلَمَّا أَنْ جَاءَ الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَى وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيرًا ...

Бас, хушхабарчи келиб, уни (кўйлакни Яъқубнинг) юзига ташлагач, у кўрадиган бўлиб қолди ...(Юсуф сураси 96-оят). Яъқуб алайҳиссалом фарзандлари Юсуф алайҳиссалом фироғида йиғлаб кўзлари ожиз бўлиб қолганди. Яъқуб алайҳиссаломнинг юзларига Юсуф ўғилларининг кўйлакларини ташлаганда, Юсуф алайҳиссаломнинг ҳидлари урган кўйлак баҳона, Аллоҳнинг иродаси билан оталари Яъқуб алайҳиссаломнинг кўзлари очилиб, қайтадан кўрадиган бўлганлар. Бу ҳолат ҳеч ажабланарли иш эмас. Ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатадики, фарзанд доғида хасталикка чалинган мушфиқ ота-оналар фарзандларини кўрганларида ёки хабарларини эшитганларида Аллоҳ таолодан дарҳол уларга шифо етган. Илмий бахслар ҳам бу иш ҳақиқат эканини, кийимда қолган ҳид ўзи суйган инсоннинг дардига даво бўлишини тасдиқлади. Энди ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврларида содир бўлган бир таъсирли воқиани зикр қилсак.

Умар розияллоҳу анҳу олдиларига Килоб ибн Умайя ал-Киноний исмли бир шижоатли йигит келди ва уришга чиқишга изн сўради. Умар розияллоҳу анҳу ундан “Эй йигитча ота-онанг ҳаётмилар? - деб сўрадилар. “Кекса ёшли отам бор, афсуски онам вафот этганлар,”- дея жавоб берди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу “Отангни хизматида бардавом бўл ва розилигини ол!”- деб насихат қилдилар. Насихатни олган бола отасини хизматида бардавом бўлди. Бир неча кундан сўнг йигитча қайтди ва Умар розияллоҳу анҳуга мурожаат килиб: “Эй мўминларнинг амири отамдан розилик олдим”- дея хурсанд бўлиб айтди. Халифа Килоб ибн Умайяни аскарларга қўшиб сафарга жўнатди. Бир ойдан сўнг халифага элчи келди ва: “Эй мўминларнинг амири, мен Килоб исмли йигитни отасидан сизга мактуб олиб келдим” - деб қўлларига узатди. Мактубда ота Умар розияллоҳу анҳудан фарзандини қайтаришга ёлвориб сўраётганини ва ота фарзанд доғида кўзи ожиз бўлиб қолгани ва оғир ахволда эканлигини, фарзанд соғинчи қийнаётганини битганди. 

Умар розияллоҳу анҳу тезда бир чопарни чақириб Килобни ҳузурига олиб келишга буюрди. Умар “Эй Килоб, отангни хизматини кандай килгансан”-дея сўради. Килоб: “Нима топсам биринчи отамга сўнг ўзим ва аҳлим билан улашардим, нима истасалар муҳайё қилардим. Бир кеча муздек сут ичкилари келганини айтдилар. Сут совуқроқ бўлсин дея, туянинг елинига муздек сув қўйиб совутдим ва соғиб отамга олиб келсам, ухлаб қолибдилар, уйғонгунларигача устиларида сут билан кутдим. Бомдодга уйғондилар ва иссиқ сут ичкилари келаётганини айтилар шунда тезда бориб сут соғиб бердим”- деб айтди. Умар розияллоҳу анҳу сут соғиб келиб, хонага кириб ўтиришга  буюрди. Сўнг отасини ҳузурига чақирди. “Эй Умайя сизни нима безовта қилмоқда”-дедилар ҳазрати Умар. Килобнинг отаси “Фарзанд соғинчи, боламсиз томоғимдан ҳеч нарса ўтмаябди”- дея жавоб берди. “Унда мана бу сутни ичинг ва кутинг ҳозир ўғлингиз келиб қолади”- дедилар. Умайя қўлига косани олганда хайқириб “Ўғлимни қўлини ҳиди келябди”-деб сўйиниб кетди. Шу паллада ўғли кириб отасини бағрига ўзини босди.  Ҳазрати Умар ўғилга қараб, бор отангнинг ҳизматини қил!- Унинг ризоси Яратган Аллоҳнинг ризоси, уни розилиги сени икки дунё саодатингдир-деб кузатиб қўйдилар.

Хулоса ўрнида муқаддас динимиз манбаларида, ота-онанинг юзига назар солишнинг ўзи ибодат экани, уларга муҳаббат қилиш маънавий амал, бор молини сарфлаш эса, моддий–молиявий амал ҳисобланади. Энди, ота-онани иқтисодий ёрдамдан маҳрум қилиш моддий-молиявий амал бўлса, уларни ҳижронга қўйиш маънавий фаолиятдир. Шундай экан, ота-оналаримизга яхшилик қилиш, уларни розиликларини топиш, дуоларини олишга астойдил бел боғлайлик! Зотан, улар бизнинг жаннатларимиздир.

Жалолиддин Ҳамроқулов, “Новза” жоме масжиди имом-хатиби

Read 6119 times
Tagged under

Мақолалар

Top