Мақолалар

Ҳажнинг нозик сирлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолога етишиш учун бутунлай Унинг Ўзини кўзлаган ҳолда ажраб чиқмоқ керак бўлади. Шунинг учун ҳам қадимги роҳиблар Аллоҳ таолога етишиш мақсадида ҳамма нарсадан ажраб, тоғларга чиқиб кетар эдилар.

Исломда роҳиблик йўқ. Аммо таққослаш учун айтадиган бўлсак, Ислом умматининг роҳиблиги ҳаждир. Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган банда барча шаҳватлар, лаззатлардан, алоқа ва машғулотлардан, ҳатто одатдаги кийимларидан ҳам ажрайди.

Ҳаж ибодатини адо этмоқчи бўлган ҳар бир киши иложи борича қуйидаги нозик сирлардан хабардор бўлгани мақсадга мувофиқ. Аввало, ҳажнинг моҳиятини фаҳмлаб етмоғи лозим. Яъни ҳажнинг диндаги ўрнини фаҳмлаган одамнинг унга шавқи ортади ва ҳаж қилишга азму қарор қилади.

Ҳажнинг ҳар бир амалида эслатма ва ибрат бор:

1. Ҳажга керак бўладиган нарсаларни жамлаганда охиратга керак бўладиган нарсаларни эсига олсин.

2. Оддий кийимларини ечиб, эҳромга кираётганида кафанни ва Роббига бу дунё кийимларидан бошқача кийим ила рўбарў бўлишини эсга олсин.

3. «Лаббайка»ни айтишни бошлаганида Аллоҳ таолонинг чақириғига жавоб бераётганини эсга олсин ва қабулни орзу қилиб, қабул бўлмай қолишидан қўрқсин.

4. Ҳарамга етганда уқубатдан омон қолишни орзу қилсин ва яқинлардан бўлмай қолишдан қўрқсин. Аммо умидворлик ғолиб бўлсин.

5. Байтуллоҳни кўрганида қалбида унинг улуғворлигини ҳозир қилсин ва Аллоҳ таолога ўзини меҳмонлари мартабасига эриштиргани учун шукр қилсин ҳамда Байтуллоҳни тавоф қилиш нақадар улуғворлигини ҳис этсин.

6. Ҳажарул асвадни истилом қилган (уни қўли билан ушлаган ёки ишора қилган) пайтида Аллоҳ таолога итоат қилишга байъат қилганига эътиқод қилсин ва бу байъатга вафо қилишга азму қарор қилсин.

7. Каъбаи Муаззаманинг пардасига осилганида ва Мултазамда турганида гуноҳкор ўз хожасининг паноҳига қочганини эсласин.

8. Сафо ва Марва орасида саъйи қилаётган пайтида уларни «тарозининг икки палласи» деб ўйласин. Уларнинг орасида бориб-келишини «қиёматнинг аросати» деб ўйласин.

9. Арафотда турганида, одамларнинг издиҳомини кўрганида, овозларининг кўтарилишини эшитганида, тилларининг турли-туманлигини билганида қиёмат мавқифини, унда халойиқнинг жамланишини ва шафоат сўрашларини эсга олсин.

10. Тош отиш пайтида қулликни намоён қилишни ва фармонга бўйсуниб, уни сўзсиз бажо этишни қасд қилсин.

11. Қурбонлик сўйиш пайтида бу ишнинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишнинг энг муҳим турларидан бири эканини, қурбонликнинг ҳар бир бўлаги эвазига қурбонлик қилувчининг бир бўлаги дўзахдан халос бўлишини эсласин.

 «Руҳий тарбия» китобидан олинди.

Read 3697 times

Мақолалар

Top